Ҳассос адиб қиёфасига чизгилар
«Сўзга хасис, аммо ҳассос эди…”
Адабиётимизнинг забардаст чинорларидан бири бўлган Абдулла Қаҳҳор чин маънода Абдулла Қодирий, Фитратларнинг муносиб давомчиларидан бири бўла олган. Адиб ижодида наср ва драма етакчи ўрин эгаллайди.
Адибнинг сўздаги маҳорати ҳажман кичик,мазмунан баъзи романларданда сермаъно ҳикояларида кўринади.
Унинг сўз танлаш маҳорати қисқа, теран иборалари, адабий асар, шоиру ёзувчилар ҳақидаги қисқагина таърифида кўринади.
Унинг сўздаги маҳорати ҳикоя қаҳрамонларининг характерини очиб бериш жараёнида ўзбек тилидан усталик билан фойдаланишида сезилади.
Унинг ўткир нотиқ сифатидаги маҳорати шўро ҳукуматининг шафқатсиз сиёсати авж олган хатарга тўла, ижтимоий ҳаётда коммунистик партия ҳукмрон бўлган даврда -«Мен партиянинг чест берадиган солдати эмас, онгли аъзосиман» -дея баралла айтиб, шўро ҳукумати хизматкорларини қалбини ларзага солганида намоён бўлади.
«Кўчманчининг боласи, келгиндининг боласи…”
Абдулла Қаҳҳор 1907 йил кузда чоршанба куни - 17-сентабрда Қўқоннинг Кўмир бозори маҳалласида туғилган. Адиб ўз таржимайи ҳолида болалигини шундай тасвирлайди: «Биз қишлоқма-қишлоқ кўчиб юрар эдик. Бир қишлоқда болаларга энди қўшилиб, ўртоқ орттирганимда, бошқа қишлоққа кўчиб яна «кўчманчининг боласи, келгиндининг боласи» бўлиб қолар эдим. Бу гаплар қаттиқ ҳақорат йўсинида айтилар эди.
Бир куни кечқурун маҳалла болалари илонни кўрган чумчуқдай атрофимда чуғурлашиб турганда, кузатиб турган бир мўйсафид менга раҳм қилган бўлиб, «Қўйинглар, болалар, тегманглар, келгинди бўлса ўзи бўлибдими, худо қилган» -деди. Мўйсафиднинг бу гапи менга болаларнинг таънасидан ҳам қаттиқроқ тегди, узоқ йиллар дилимга чўкиб ётди. Билмадим, илгари қалай эканман, лекин назаримда мени шу гап индамас қилиб қўйди. Уйда менга «индамас», «ичимдан топ» деган дашном берадиган бўлишди. Отамнинг Нурсуқдан келган ошналари -«Уста Абдуқаҳҳорнинг заб ўғли бор экану, соқов экан» деб кетишганини онам куйиб-пишиб гапиргани сира эсимдан чиқмасди».
Орадан йиллар ўтиб тақдир мазкур «индамас»ни уста ёзувчи қилиб тарбиялади.
Адиб асарларида тилимиз жозибаси
Адиб 1935 йилда ёзган «Майиз емаган хотин» ҳикоясида хотин-қизларнинг тенглиги, озодлиги, эрлари билан баробар ишлаши мавзуси ёрқин бир бадиий шаклда очилади. Шу илғор ғояга тиш-тирноғи билан қарши турган мулла Норқўзи паранжисини очган хотин-қизлар шаънига эртаю-кеч бўҳтон тўқийди. «Сотиболдининг хотини дорихонада ишлайди, ҳар куни мингта одам билан жавоб-муомала қилади: ахир, биттаси бўлмаса, биттаси кўз қисадида. Мелиқўзининг хотини автобусда кондуктор, баъзан ярим кечада келади; иши эрта тугаган куни ҳам ярим кечагача юрса, айшини қилса, эри билиб ўтирибдими? Абдулҳакимнинг қизига уста Мавлоннинг ўғли бир ҳовуч майиз берганини ўз кўзим билан кўрганман. Ҳаё борми шуларда?»
Уйда «етти қават парда» ичида ўтирадиган ўз хотини мулла Норқўзига фаришта бўлиб кўринади. Аммо ҳикоя давомида бу «фаришта»нинг ўтакетган бузуқ аёл эканлиги фош бўлади. Ўйнаш йигити паранжи ёпиниб кириб, бирга тунар экану, мулла Норқўзи эркакларга ҳатто овозини ҳам эшиттирмайдиган бу икки «фаришта»ни беҳаёлардан қўриқлаб, айвонда пойлоқчилик қилиб ўтирар экан. Заифона кийинган иккинчи «фаришта»ни эса ўз хотини гуноҳ устида тутиб олади. Жанжал бўлади, маҳалла-куйдан одам йиғилади. Шу ўринда тажрибасиз ёзувчи бўлса воқеани мажлисга айлантириб, илғор хотин-қизларни сўзга чиқариши мумкин эди. Мулла Норқўзига ўхшаш эскилик тарафдорларининг шаънига газета мақолаларида ҳам айтиш мумкин бўлган расмий гапларни кўплаб айтиши мумкин эди. Аммо А.Қаҳҳор бундай қилмайди. У асарида айтмоқчи бўлган фикрини ёрқин образлар ҳолига келтириб, характерлар мантиғига сингдириб айтади. Мана ўша ҳикоянинг кульминацион нуқтаси:
Эрини мулла Норқўзининг уйидан топиб олган хотин: «Войдод, халойиқ, бу қандай эркакки, хотинини бировга қўшиб қўйиб, ўзи эшик пойлаб ётади!» деб дод солади. Мулла Норқўзи қўшмачи эмас, у хотинини фаришта деб ўйлаб алданган, аммо буни энди одамларга исбот қилиб беролмайди. Кекса бир одам унга қўлини пахса қилиб «Садқаи одам кетинг-э, айб эмасми?! -дейди. -Хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг!»
Мулла Норқўзи яна ҳеч нарса дея олмайди. Эски эътиқод унинг ўзини шармандали бир аҳволга солиб қўйган. Шу пайт девор устида турган ўн икки ёшлардаги қизча «девордан кесак кўчириб олиб мулла Норқўзига ўқталди:
-Ўу, ўл, турқинг қурсин! Бошингга солайми шу билан! маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсану, ўзинг нотўғри иш қиласан!
Мулла Норқўзи ортиқ чидай олмади. Девор ортидан қизга қараб ўшқирди:
-Сен гапирма! Сенга ким қўйипти гапиришни! Уста Мавлоннинг ўғлидан бир ҳовуч майиз олганингни ўз кўзим билан кўрганман!
Ҳамма кулиб юборди. Томдан кимдир қичқирди:
-Ҳа, бу кишининг хотини майиз емаган».
Халқ тилининг қудратидан, бойликларидан маҳорат билан фойдаланган ёзувчи мўъжиза яратиши мумкинлиги бу мисолда яққол кўриниб турибди. Мулла Норқўзининг уйига кириб дод солган хотин ҳам, кекса чол ҳам, ўқувчи қиз ҳам, мулла Норқўзининг ўзи ҳам бу ерда фақат бир оғиздан гапирадилар. Лекин шу қисқа гапларда уларнинг руҳий ҳолатлари, ҳар бирининг ўзига хос тили ва дили, савияси ва позицияси, ёши ва жинси яққол кўриниб туради.
Мулла Норқўзини қўшмачиликда айблаётган хотин «Войдод, бу қандай эркак!» деганда биз эрини ўзга аёл билан тутиб олган аёл кишининг аламини, ғазабини ёнишини сезамиз. «Садқаи одам кетинг-э, хотин қилиш қўлингиздан келмаса талоқ қилинг!»деган гаплар ҳам етмиш яшар мўйсафидага жуда мос, унинг дилида борини, феълини, эётиқодини аниқ ифодалайди. Ўқувчи қизчани девордан кесак кўчириб олиб, ёмон кўрган одамига ўқталиши ҳам, «маҳаллада сасиб, ўқувчи қизларга кун бермайсану, ўзинг нотўғри иш қиласан» дейиши ҳам унинг табиатига, ёшига жуда муносиб. «Ўзинг нотўғри иш қиласан» деган ибора кишига завқ беради. Қизчанинг чиндан ҳам янги мактаб тарбиясини олаётганига бизни ишонтиради. Отдан тушса ҳам эгардан тушмаётган мулла Норқўзи бу қизчага ўшқириб, унга бировнинг ўғли бир ҳовуч майиз берганини айтганда, одамлар гур этиб кулиб юборади. Ўзи қўшмачининг аҳволига тушиб турган кишининг янги замон аёлларига қараб айтган гаплари энди чиндан ҳам кулгули тус олади. Демак, ёзувчи ғояни риторик сўзлар орқали эмас, тўлақонли реал характерлар орқали ифодалайди.
Шу тариқа А.Қаҳҳорнинг маҳорати туфайли мулла Норқўзи ва унинг «фаришта»лари кулгу билан маънан ўлдирилади. Ҳикояда кўрсатилган маънавий ғалаба мулла Норқўзиларни жисмоний ўлдириб эришиладиган ғалабадан минг марта афзал.
«Нутқ»
Мажлисларга ёзма докладлар билан келиб, уларни зерикарли қилиб ўқиб берадиган айрим ношуд нотиқларнинг тили китобийлик ва расмиятчилик оқибатида жонли халқ тилидан узоқлашиб кетаётганини ҳассос сўз санёаткори А.Қаҳҳор «Нутқ» номли фелетонида қаттиқ кулгу билан танқид қилган.
Эр-хотин ўз уйларида оилавий ҳаётларига бир йил тўлишини нишонламоқчи бўлишганда «Кенг эшитувчилар оммасига мўлжалланган нотиқ»… алёр айтиш учун «рюмакани олиб ўрнидан турди. Қошлари чимирилди, ранги бир оз ўзгарди, аввал рюмкага сўнгра уйнинг бурчагига қараб сўз бошлади:
-Ўртоқ рафиқам! Ижозат берсангиз, хушчақчақ ҳаётимизни шараф билан давом эттириб, оилавий бурчимизни намуналик бажариб келаётганимизга бир йил тўлган кунда сизни бевосита табрик этишга!
Хотин бу муқаддимани ҳазил гумон қилганлиги учун қийқириб чапак чалди. Нотиқ яна ҳам жиддийроқ қиёфада давом этди:
“-Бундан 365 кун муқаддам сиз билан биз ўз ҳаётимизда қатъий бурилиш ясаб, зўр синовлар шароитига бевосита қадам қўйдик…
Нотиқ оила тўғрисида ўз фикрини баён қилганидан сўнг «хотин ва социализм» деган китобнинг бир еридан уч, яна бир еридан икки, яна бир еридан бир ярим саҳифа ўқиб берди. Хотин бу орада икки марта оғзини очмасдан эснади».
Нотиқ шу тарзда оилавий ҳаётларига обзор берганидан сўнг нутқини якунлаб шундай дейди:
“-Лекин бу камчиликларга қарамай, турмушимизни аёло даражада олиб бораётганлигимизга ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблаш мумкин… Бу рюмкани мана шунинг учун кўтаришдан бурун ўз муҳаббатимни яна бир марта амалий суръатда изҳор қилгани рухсат беришингизни талаб қиламан.
Хотин унинг ҳаракатидан «ўпич бер» деган маънони англадида:
-Ўпичми? Ўеч бўлмаса шуни тўғри айта қолсангиз нима бўлар экан! -деди.
-Қандай, -деди нотиқ ҳайрон бўлиб, -битта ўпични деб нутқимни бузайми?
Нотиқ ўтирди. У ўтирганида яна аслига қайтди. Хотин унинг ҳар бир сўзидан кулар, завқланар эди».
Адиб мазкур фелетони орқали баландпарвоз гаплардан жуда кўп фойдаланиб жонли халқ тилидан узоқлашиб кетаётган нотиқни кескин кулгу билан танқид остига олади.
А.Қаҳҳор нотиқлик маҳорати
А.Қаҳҳор қисқалик, ихчамлик шиорини нотиқликда ҳам сақлаб қолган. «Ўзбекистон Қаҳрамони» Озод Шарафиддинов адибнинг нутқларига юксак баҳо бериб, уни ҳар бир фикрни қисқагина мақол, мажозий ҳикоя билан таъсир кучини ошира олиш маҳоратини алоҳида таъкидлайди. Эътиборли жиҳати мазкур нуқтлар одатда 5-10 дақиқадан ошмаган.
Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,
"Халқ сўзи"
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг