Ҳашар элга ярашади

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Ўзбек халқининг улуғ қадриятларидан бири — ҳашар орқали бино, кўприк, йўллар қурилиб, ободонлаштириш ишлари бажарилган. Ибратли томони, ҳашарда одамлар ўз ихтиёри билан беминнат иштирок этиб, эл хизматига камарбаста бўлган.
Тарих саҳифаларида Бухоро, Самарқанддаги айрим қадимги тўғонлар, кўприклар, масжид-мадрасалар айнан, ҳашар йўли билан қурилгани тўғрисида кўплаб маълумотлар учрайди. Бугунги кунда ариқларни тозалаш, кўчат экиш, маҳалладошнинг уйини қуриш каби қийин ишлар кўпчилик томонидан ўртага олиниши ҳамжиҳатлик намунасидир. Ҳашар туфайли ҳар қандай оғир иш тезда битади, кимнингдир муаммоси ечим топади. Бунга Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бу маҳалланинг ташкил топганига тарих силсиласи нуқтайи назаридан баҳо берилса кўп бўлган эмас. Аҳолисининг асосий қисми чўлни ўзлаштириш йилларида турли ҳудудлардан кўчиб келган.
Нуробод обод маҳалла дастурига тушгач, бу ерда катта ўзгаришлар бўлди. Маҳалланинг кўчалари тўлиқ асфальтланди. Маъмурий бинолар қурилди, кўчаларга замонавий лед чироқлар ўрнатилди. Лекин оралиқдаги айрим йўлаклар дастурга киритилмагани сабабли таъмирсиз қолиб кетганди. Яқинда бир гуруҳ нурободликлар икки юз метрдан ортиқ ана шундай йўлакка ҳашар йўли билан бетон қоплам ётқизишди.
— Бетон қоплама қилгунимизча йўлак уйдим-чуқур эди, — дейди маҳалла фаолларидан бири Мамарасул Мустафоқулов. — Тупроқ-чангли йўлакдан ҳар куни уч юздан ортиқ болалар мактабга қатнарди. Айниқса, улар қорли, қировли қийналарди. Шу боис маҳалладошларимиз билан маслаҳатлашиб, ўз кучимиз билан йўлакни равон қилишга киришдик. «Кўпнинг йиққани тоғ бўлар» деган нақл бекорга айтилмаган экан. Бирпасда таъмир ашёлари учун анчагина пул ҳам йиғилди.
Дарҳақиқат, кимдир бир неча машина шағал тўккан, кимдир цемент келтирган, кимдир қолип, кимдир бетон қоригич келтирган ушбу ҳашарга ҳамма ҳавас қилди. Бундай пайтда меҳнат қилишнинг шукуҳи ҳам бошқача бўлади. Ҳамма жон куйдириб ишлайди. Четда туришга, томошабин бўлишга ор қилади, «Эл орасида ким деган одам бўлдим» дея андиша қилади. Шу тариқа ҳашар натижасида эни икки метрга яқин, узунлиги икки юз метрдан ортиқ замонавий йўлак пайдо бўлди. Ҳашарчилар орасида нуронийлар, эндигина мўйлаби сабза бўлган йигитчаларни ҳам учратиш мумкин эди. Ҳашарда шу атрофда яшовчи оилаларнинг бекалари ҳам қараб туришмади. Кимдир суюқ, кимдир қуюқ «Ҳашар оши» узатишди.
Тўғри, юртимизда кечаётган улкан бунёдкорлик ишлари орасида ҳашар йўли билан биргина йўлакни қайта барпо этиш камтарона хизмат бўлиб туюлар. Лекин гап бунда эмас. Гап юртдошларимизнинг ўз маҳалласини обод қилишда иштирок этиб, элга нафи тегишга интилаётганида, юрт равнақига ҳисса қўшишга ўзларини дахлдор деб билаётганидадир.
— Маҳалламизда ҳашар узоқ йиллардан буён мунтазам ўтказиб келинади, — дейди меҳнат фахрийси Мавлуда Собирова. — Масалан, олтмишинчи, етмишинчи йилларда барпо этилган уйларнинг аксарияти ҳашар йўли билан қурилган, десам, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Маҳалламизда ҳашарга ёшу қари, аёлу эркак — барча хайрли бир тадбир сифатида қарайди. Энг муҳими, унинг моҳиятидаги элу юрт учун хизмат қилишдек мақсадни чуқур англашади. Масалан, ҳашар кунлари маҳалламиз хотин-қизлари ҳам четда туришмайди. Гуллар экиш, уларни парваришлаш, супуриб-сидириш каби енгил ишларни бажариш билан бирга ҳашарнинг узвий бўлагига айланган «Ҳашар овқат»да иштирок этишади. Яъни, ҳашарчилар дастурхонини турли нозу неъматлар, таомлар билан тўлдиришади. Бир сўз билан айтганда, ҳашарда фақат ишлар битибгина қолмай, одамларнинг ҳамжиҳатлиги ҳам мустаҳкамланади. Муҳими, шу зайл ҳашар аждодлардан авлодларга халқимизнинг бебаҳо қадрияти сифатида ўтиб бораверади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг