Ҳар бир сайловчи — эътиборда

17:08 25 Май 2021 Сиёсат
859 0

Сардор МУЛЛАЖОНОВ - “Халқ сўзи”

Сайлов — 2021

Кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувни имзолашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Бундан мақсад жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган Президент сайлови жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирган ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Зайниддин Низамходжаев мамлакатимизда барча фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари ва самарали механизмлари умумэътироф этилган халқаро норма ҳамда стандартлар асосида шакллантирилганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Сайлов кодексида ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзининг конституциявий ҳуқуқи бўлмиш сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шароит ҳамда имкониятлар яратишга оид қоидалар ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади.

— Келишувнинг аҳамияти ғоятда катта, — дейди Ногиронлар жамияти раиси Комилжон Абдуллаев. — Чунки унда мамлакатимизда барча фуқаро, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий-ташкилий асослари мустаҳкамланган. Жумладан, Марказий сайлов комиссияси ва Ногиронлар жамияти ўртасида имзоланган ҳамкорлик Келишувида ҳам ногиронлиги бўлган фуқароларнинг миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалардан хабардорлигини оширишга қаратилган кўплаб вазифалар ўз ифодасини топган. Бу, албатта, Президент сайлови жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштирган жамиятлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Эргаш Норпўлатовнинг айтишича, Сайлов кодексининг тегишли моддасида Сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши назарда тутилган. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш борасидаги эътиборнинг амалдаги ёрқин ифодасидир. Ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини самарали таъминлашда қўл келади.

 

Тадбирда қайд этилганидек, айни кунларда сайлов участкалари биносини ва овоз бериш хоналарини танлаш ва жиҳозлашда Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида белгиланган барча шарт-шароитларни, хусусан участка сайлов комиссияларининг жойлашган ери ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши, бинога кириб-чиқиши, бино ичида ҳаракатланиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, сайлов жараёнида сайлов участкаларига олиб борувчи кўрсаткичлар кўринарли жойга ўрнатилиши, участка сайлов комиссияси биносида сайлов куни малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилишига эътибор қаратилади.

Сайлов комиссиялари таркибига ижтимоий фаол ногиронлиги бўлган шахсларни  киритиш ва уларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишда ҳар томонлама кўмаклашилади. Сайловолди ташвиқотига оид телекўрсатувлар имо-ишора тили ва субтитр ёзувида бериб борилади.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси билан мазкур ташкилотлар ўртасида имзоланган келишув ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини самарали таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

“Халқ сўзи”

Сардор МУЛЛАЖОНОВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?