«Ҳар бир оила – тадбиркор»: рўзғор бут, бозор тўкин

14:43 25 Октябр 2024 Жамият
196 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Қаловини топса, қор ёнар, дейди халқимиз. Вобкент туманидаги «Шакаркент» маҳалласи масъулларига бу мақол кўпроқ Муҳиба Холовани эсга туширади.

  Гап шундаки, рўзғор ташвишларини енгиллаштиришга бел бойлаган аёл туман ҳокимлиги кўмагида банкдан 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган ва ҳовлисида ихчамгина иссиқхона барпо этган эди. «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасидаги бу иш ортидан Муҳиба опанинг томорқаси қишин-ёзин ишлайдиган кичик агроконвейерга айланди. Ҳозир иссиқхонанинг икки сотихида экилган 500 туп бодринг ҳосилга кирган. Икки сотих майдондаги 40 туп лимондан ҳам мўл ҳосил олиняпти. Томорқанинг бир қисмида кўкат ва саримсоқпиёз ҳам етиштирилмоқда.

    — Ҳудудимиздаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор, — дейди маҳалла раиси А. Асадов. — Йилнинг тўрт фаслида исталган сабзавотни топишингиз мумкин. Биз Муҳиба Холова каби миришкорлар тажрибасини оммалаштириш эвазига шундай натижага эришдик. «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури рўзғорни бут, бозорни тўкин этяпти. Томорқадан қўшимча даромад топиш орқали фуқароларимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб бормоқда.

Тиниб-тинчимас аёл Муҳиба Холовага келсак, у жорий йил охирига қадар ҳовлисида яна битта иссиқхона қуриш ниятида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?