Ҳар бир оила даромадли
Ҳар бир оила ўз турмуш фаровонлигини таъминлаши учун мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилмоқда. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштириш ва уларни барқарор даромад манбаига эга қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар шунинг яққол намунасидир.
Биргина Каттақўрғонда 30 та маҳаллада йил бошида 1 689 та камбағал оила қайд этилганди. Жорий йилнинг 10 ойлигида 423 та оила камбағалликдан чиқарилди. Буни Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка қўрғонидаги Абдулла Қаҳҳор номли маҳалла мисолида ҳам кўриш мумкин. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси томонидан амалга оширилаётган кўмаклар туфайли аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
– “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилганди, – дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Гулхаё Ёрқулова. – Уйда тикувчилик билан шуғулланардим. Мазкур маблағ ҳисобидан 3 та замонавий тикув ускуналарини харид қилиб, оилавий тикувчилик фаолиятини йўлга қўйдим. Олдин ойлик даромадим 2–3 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ҳозир ойига 10–12 миллион сўм топаяпман. Қўшимча сифатида шогирдлар тайёрлаш имконияти ҳам яратилди.
Гулхаё Ёрқулованинг фаолияти нафақат оиласи фаровонлигига, балки маҳаллада аёллар тадбиркорлигининг ривожланишига, хонадонлар иқтисодий барқарорлигининг ошишига ва ижтимоий фаолликнинг кўтарилишига ҳисса қўшмоқда. Маҳаллада йил бошида 94 та оила камбағаллик реестрида қайд этилганди. Улардан 5 нафарига 127,5 миллион сўмлик ссуда ва субсидия, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган 22 нафар фуқарога 420 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Маҳаллада фаолият юритувчи “CRYSTAL TEXTIL INVEST” ва “SAMKAT MEGA STAR INVEST” МЧЖларига касаначилик йўналишида 663 миллион сўм миқдорида субсидиялар берилди.
– Кўп вақтдан бери иш излаб юргандим, — дейди Мадина Жалилова. — Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси орқали доимий ишга жойлашдим. Оиламиз даромади ойига 4 миллион сўмга ошди. Шу корхонада кўплаб маҳалладошларим ҳам доимий иш билан банд бўлди.
Ҳозирги кунда мазкур корхоналарда 67 нафар камбағал оила аъзолари иш билан таъминланиб, махсус кийим ва қўлпоқ тикиш фаолияти билан шуғулланмоқда. Тайёр маҳсулотлар асосан маҳаллий бозорларга тарқатилиб, Россия Федерациясига ҳам экспорт қилинмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистон билан ҳам шартномалар тузиш устида ишлар олиб борилмоқда.
– Аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартиришда энг аввало камбағал оилалар даромадини оширишга эътибор қаратилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бош мутахассиси Назиржон Толибов. – Йил бошида 70 мингга яқин оила камбағаллик реестрида эди. Жорий йилда 30 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилди. 22 мингга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланди. 23 мингдан зиёд одам тадбиркорликка жалб этилди. 8 мингга яқин оилага кредит ва субсидиялар берилиб, 489 нафар хотин-қизлар касб-хунарга ўқитилди.
Каттақўрғонда олиб борилаётган чора-тадбирлар орқали нафақат аҳоли бандлиги таъминланмоқда, балки ҳар бир оила даромади оширилмоқда. Камбағаллик даражаси сезиларли равишда камайтирилмоқда. Бу эса маҳаллаларда ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий фаровонликни таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг