Ҳаммаси аввалги ҳолига қайтишига ишонмайман, ишонгим келмайди — журналистлар бугунги журналистика ҳақида

15:41 27 Июнь 2021 Жамият
1863 0

Бугун 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бугун журналистлар касб байрами бўлиш билан бирга соҳа олдида турган муаммолар, эришилган ютуқлар, мавжуд камчиликларни таҳлил қилишга ундайдиган кун.

«Халқ сўзи» журналистика соҳасида фидойилик билан меҳнат қилаётган, ахборот тарқатиш ва уни таҳлил қилиш жараёнида олд сафларда бораётган бир нечта журналистларнинг бугунги журналистика ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. Суҳбатдошларимиз ўзларининг журналистнинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатлари, касб фаолиятини бажариш вақтида бўлган босим, таҳдидлар, ҳозирги ўзбек журналистикасидаги муаммолар, уларни энг кўп ташвишлантирадиган ёки хурсанд қиладиган жиҳатлар ҳақидаги фикрларини билдирди.

Карим Баҳриев — журналист, шоир, таржимон ва медиа ҳуқуқи мутахассиси:

Кейинги ўттиз йил ичида ўзбек матбуоти нималарга эриша олди? «Эришилган»лардан ким кўпроқ манфаат кўрди?

Ўттиз йил олдин Ўзбекистон мустақилликка эришди. Матбуот ҳақидаги гапни яна ҳам аввалроқдан бошлаш керак. Ана шу мустақилликка эришиш учун «қайта қуриш» даврида матбуот катта хизмат қилди, эрк кунларини яқинлаштирди. Шўроларнинг зулм салтанати ошкоралик туфайли қулади, имкон пайдо бўлиши билан миллатларнинг зиёлилари матбуотда тарих қатламларини очдилар, миллий ўзликни ва миллий тилларини талаб қилдилар, динларига ва маданиятларига соҳиб чиқдилар. Натижада кўзи очилган халқлар ягона маҳбусхонада яшашни истамай қолдилар ва ўз мустақилликларини бирин-кетин эълон қилдилар. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон парламенти Мустақиллик декларациясини қабул қилди.

Шундан кейинги тарихга келсак, бугун ўтган чорак асрга ҳаққоний баҳо берилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу даврни «қўрқув даври» деб атади: «У даврлар бошқача эди. Қанча жим юрсанг, шунча яхши эди…Бизлар қўрқув даврида яшагандик».

Ўтган ўша даврга қарасак, матбуот билан боғлиқ бир қонуниятни кўрамиз. Дастлабки йилларда 1990-1994 йилларгача кўп яхши ишлар қилинди – Конституция ва беш юзга яқин қонунлар ошкора муҳокамалар асосида қабул қилинди, Президентлик таъсис этилди ва реал муқобиллар асосида сайлов ўтказилди, парламентда ҳурфикрлик ва матбуотда ошкоралик ҳукм сурди, бозор иқтисодига ўтиш, маданий дунёга интеграцияланиш учун ҳаракатлар бошланди. Дастлабки парламентда ҳамма масалалар ошкора муҳокама этилар, халқда ҳам бир кўтаринкилик ҳукмрон эди.

Бироқ аста-секин яна маъмурий-буйруқбозлик тизими ўзини мустаҳкамлаб олди, ҳақиқатни айта оладиган кучлар қатағонга учради, қамалди ёки юртни тарк этди, оммавий ахборот воситалари энди оммавий тарғибот воситаларига айлантирилди. Шахсга сиғиниш вазияти қарор топди, юртбошини мақташ, мадҳиябозлик авжига чиқди, танқид қилинса, фақат «мустақиллигимизни кўра олмайдиганлар», «иқтисоддаги ютуқларимизга ҳасад қилувчилар», хорижда юрган «ватан хоинлари» танқид қилинарди. Буларнинг бари Қодирий, Чўлпон, Беҳбудийларни қатағон қилган Сталин даврини ёдга соларди. Эътибор қилинг: матбуот гунг ва кар ҳолатга солингач, осонгина сиёсий «якдиллик» шароити юзага келтирилди ҳамда иқтисод ҳам инқирозга юз тута бошлади, коррупция авж олди, бугун хориж банкларидан қайтаришга уринаётганимиз миллиардлаб долларлар ўшанда ўмарилганди, ҳатто деҳқонларга нима экиб, кимга сотишни ҳам давлат режалаштирадиган ва ҳосил йиғим-теримини прокуратура ва милиция назорат қиладиган қиладиган маъмурий иқтисод юзага келди...

Хайрият, 2016 йил сўнгида янги сиёсий, маъмурий, иқтисодий ислоҳотлар ваъдаси билан мамлакат раҳбарлигига Шавкат Мирзиёев келди ва ислоҳотлар сўз эркинлигидан бошланди.

Танқид ҳеч кимга ёқмаслиги кундай равшан. Аммо журналистдан ҳамма кўпроқ танқидни кутади. Аслида танқид кимга кўпроқ керак: журналистгами, у чиқаётган нашргами ёки жамиятга?

Танқид – агар тузум ҳуқуқ устувор бўлган, адолатли ва демократик тузум бўлса, ҳамма учун фойдалидир.

Ҳақиқатни ёзиш журналистга фойда, чунки у аввало ўз касбининг шарафини оқлайди, ўз номуси ва орини юксакка кўтаради ва халққа ҳам, Холиққа ҳам мақбул ишни қилади.

Ҳақиқатни чоп этиш, такрор айтамиз, агар тузум демократик ва адолатли бўлса, нашрга ҳам фойдали, чунки унинг ҳақиқий обуначилари, мухлислари кўпаяди, натижада реклама берувчилари кўпаяди даромади ошади. Достоевский: «Пул – чоп этилган озодлик», - деган. Бойнинг овози баландроқ чиқиши шундан. Аслида бобомиз Замахшарий: «Xақ сўзлаганнинг овози арслон ўкиришидан ҳам кўра шиддатлидир», деганлар.

Ҳақиқатни ўқиш, тафаккур қилиш, муаммоларнинг илдизига етиш ва ечимларни топиш – жамиятга ҳам фойдалидир, турли-туман фикрларсиз тафаккур ўлади, иқтисод инқирозга учрайди, маънавият пароканда бўлади.

Матбуот расман эмас, фақат қоғозлардагина эмас, реал ҳаётда бошқа учта ҳокимият билан бўйлаша оладиган чинакам тўртинчи ҳокимият бўла олишига ишониш мумкинми? Бунинг учун нима қилмоқ керак?

Матбуот, оммавий ахборот воситалари Конституциямизни жиддий ўқиган ва тафаккур қилган инсон учун ҳаққоний тўртинчи ҳокимиятдир. Биласиз шундай касблар борки, юз минглаб, миллионлаб инсонлар у билан шуғулланади, лекин уларнинг касб-кори Конституцияда тилга олинмаган. Конституцияда Президент ва Вазирлар Маҳкамаси, Суд ва куч ишлатар тизимлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари алоҳида институтлар тарзида тилга олинган. Оммавий ахборот воситаларига алоҳида боб бағишланган. Нари борса, мингта атрофида ОАВ бўлса ва уларда беш-ўнтадан одам ишласа, беш ё ўн минг кишининг фаолияти Конституцияга кирган. Иккинчи томондан, журналистика худди шифокорлик ва муаллимлик каби ижтимоий касбдир, адолат ва ҳақиқат унинг ўзаги бўлиши шартлигидан келиб чиқиб, унга Конституциявий институт мақоми берилган.

Янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари яна ўз вазифасини ҳалол бажаришга тараддудланмоқда. «Тўртинчи ҳокимият» истилоҳига келсак, уч ҳокимият нима қилади: қонун чиқарувчи ҳокимият – давлат ва жамият фаолиятига асос бўладиган қонунларни ишлаб чиқади ва қабул қилади, ижро ҳокимияти ва халқ шу қонунлар асосида ишлайди, яшайди ва фаолият юритади, суд ҳокимияти давлат мансабдорлари ва халқнинг қонунларни бузган ҳолларига ҳакамлик қилади ва жазо беради. «Тўртинчи ҳокимият» – оммавий ахборот воситалари эса бу учта ҳокимият ва жамиятнинг ҳаётини шаффофлаштиради, уларнинг ўз вазифаларини амалга оширишларига кўмаклашади, камчиликларини ошкор қилади, муаммоларининг ечими сайловларда қатнашганда, тафаккур билан овоз бериши учун жамоатчилик фикрини шакллантиради. Матбуотнинг ҳокимияти – халқ фикрига таъсир ўтказа олиш кучидадир.

ОАВнинг тўртинчи ҳокимиятга айланиши қатор омилларга боғлиқ.

Энг аввало, сиёсий ирода керак. Бу ирода давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан айтилмоқда ва қайта-қайта даъват этилмоқда. Агар бу сиёсий ирода бўлмаганда, бугунги айтилаётган ҳақиқатларга имкон бўлармиди?!

Иккинчидан, ОАВ қонунлар такомиллашуви лозим. Масалан, туҳмат ва ҳақорат деган жиноятларни ғайрикриминаллаштириш таклифи амалга ошиши керак. Бу қонунбузарликларнинг маъмурий ва фуқаролик кодексларида бўлиши етарлидир. Сўз учун, фикр учун қамоқ жазоси бўлиши мамлакатда фикр эркинлигига ҳеч қачон йўл бермайди. Бирор бир тараққий қилган, маданий халқда ва давлатда бундай модда мавжуд эмас, у фақат авторитар ва тоталитар давлатларда қолган. Уни мансабдорлар танқиддан қўрққани учун ушлаб туради ва халққа эса шундай дейди: «Наҳотки, сизга газетада ёки интернетда туҳмат ё ҳақорат қилишса ва жазосиз қолса?!» Аввало, жазосиз қолмайди – маъмурий ва фуқаролик кодексларига кўра жазоланади, жарима тўлайди, ОАВ ёпилиши мумкин, қолаверса, ОАВ қонунчилигига кўра ёлғон маълумотлар раддия қилинади ва фикрларга жавоб бера олади. Фақат сўз учун қамоқ жазоси бўлмайди, холос. Агар бир журналист сўзи учун қамалар экан, қолган минглаб журналистлар танқиддан тийилади, жим ўтиришни ёки мақташни афзал кўради. Мақтов эса «тиз чўкиб қилинадиган қароқчиликдир».

Учинчидан, ОАВ менежменти бозор иқтисоди шароитига ўтиши керак. Қонунчиликка кўра, исталган соҳага сармоя кирита оласиз, лекин ОАВ соҳасида чегара бор, низом жамғармасида хориж сармояси 30%дан ошмаслиги керак, бевосита бирор матбуот хориждан маблағ жалб эта олмайди, аввал «умумий ўра»га – Фондга тушиши керак ва у кимга беришни ҳал қилади. Сармоядор эса муайян, аниқ лойиҳага пул беради. Кўряпсизки, матбуот соҳаси бозор иқтисодининг рақобат шароитига кира олмайди. Тушунаман, бу чекловлар аввалги Шавкат Мирзиёев айтган «қўрқув даври»дан қолган. Жамоатчилик фикрига хориж таъсир ўтказмасин дейилган. Биз энди адолатли ва ҳалол иш юритсак, нимадан қўрқамиз?!

Тўртинчидан, айнан халқнинг ошкора фикрлаши ва онгли қарорлар қабул қилиши – ҳақиқий барқарорлик ва хавфсизликнинг асосидир. Онгсиз оломон – хавфсизликнинг душманидир.

Сўнгги уч-тўрт йилда ўзбек матбуотида анча жонланиш сезилаётган эди. Бироқ газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатларини нима билан изоҳлайсиз?

Кўряпмизки, сўз эркинлигининг бор-йўқлиги мамлакатдаги адолатнинг бор-йўқлини белгилайдиган омилдир. Агар сўз эркинлиги бўлса, иқтисод ҳам ривожланади, коррупция ҳам жиловланади. Лекин ҳақиқатни ёзадиган журналистлар, блогерлар яна таъқибга олина бошланса, «ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз» бошланади – коррупция, турғунлик ва зулм авж олади, дунё яна бизга ёввойи қабилага қарагандек қарай бошлайди, ижобий жозибамиздан асар ҳам қолмайди, рейтингларда яқиндагина олдинга чиқаётган еримизга, Африка занжилари қаторига қайтамиз.

Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир. Сайтлардан бу хабарларнинг битта-яримтаси йўқолса, уни қўйган бирор дадиллик қилган муҳаррирнинг қўрқоқлиги билан изоҳласак бўларди, лекин уларнинг бирданига ҳаммасидан олиб ташланиши масаланинг анчайин кучли шахслар томонидан олишга мажбурланганини билдиради. Лекин мамлакат раҳбарининг сиёсати цензура эмас, очиқликдир.

2020 йил 3 июнь куни қашшоқликни камайтиришга бағишланган видеоконференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уни минтақаларда олиб борилаётган ислоҳотлар учун мақтамасликни сўради. 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида 410,5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган Миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хаджаевга мурожаат қилиб: «Менга «Президент шундай қилди», – деб мақташга ҳожат йўқ. Ислоҳотлар натижасида одамларнинг дунёқараши ўзгаради, қизиқиш пайдо бўлади, «ер меники» ҳисси пайдо бўлади. Ислоҳотларни шунчаки мақтов эмас, балки амалда намойиш қилинг», – деди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда ижобий ўзгаришлар президент туфайли эмас, балки ислоҳотлар ва қонунларнинг ишлаши туфайли рўй беради: «Сизга бир нарса айтишдан қўрқаман, сиз дарҳол президентни мақтай бошлайсиз. Бунинг барчаси президент томонидан эмас, ислоҳотлар, қонун асосида амалга оширилишини айтдим».

Орадан уч кун ўтиб, Ўзбекистон Президенти давлат агентликлари ва давлатдан таъминланадиган ялтоқи телерадиожурналистларига қарата 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида «мақтовлар керак эмас»лигини таъкидлади: «Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди... Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар».

Шу гаплардан сўнг ҳам танқидга, ошкораликка, ҳаққоний муҳокама ва мулоқотларга йўл бермайдиган раҳбарларнинг тафаккурида (агар фикрласа) шундай хаёллар бўлса керак: ё у асли қўрқоқ, ё биз билгандан кўра кўпроқ нарсани билади. Қадимги замон файласуфи Ксенофонт: «Рост гапирганим, танқид қилганим учун кўп балоларга учрадим, лекин мақтаганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим», - деган. Бу унинг киноясидир.

Президент танқид қилинглар, «аччиқ-аччиқ масалаларни кўндаланг қўйинлар», «мақтов керак эмас» деб турганда, яна мақташда давом этадиган ОАВ раҳбарларининг қилмишини, фикратини шундай изоҳлаш мумкин:

Биринчидан, у шундай фикрда: «Давлат раҳбари бу чиройли гапларни гапиргани билан ич-ичидан ошкораликни истамайди, мен унинг гапларига эмас, ички истагига бўйсунаман ва шу туфайли лавозимимда узоқ қоламан!»

Иккинчидан: ёки: «Президент балким сўз эркинлигини истайди, биз танқид қилиб кўрдик, лекин унинг атрофида ўтирганлар дарҳол бурнимизни ерга ишқаб қўйишди, уларнинг қўли узун ва улар кўпроқ хабардор. Кўзимга қараб юришим керак!» У ўнлаб танқиди туфайли ёпилган газеталарни, ишидан айрилган бош муҳаррирларни, юзлаб ҳақ сўзи учун қатағонга учраган журналистларни ва блогерларни мисол қилиб келтиради, яна минглаб мақтагани учун ўрнидан жилмай ўтирган нашр ва оммавий ахборот воситлари раҳбарлари ва ходимларига ишора қилади.

Учинчидан, ёхуд: «Мақтасам, битта давлат раҳбарига ёқмасман, лекин минглаб унинг амалдорларига ёқаман, давлатни аслида ана шу жим юриб, зимдан ишини юритаётган кучлар тасарруф қилмоқда ва уларга бўйсунсам, адашмайман!»

Мен бу фикрларнинг қай бирида жон борлигини билмайман ва, балким, билишни истамайман. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Жамоат назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида ортга қайтиш бўлмайди», - деган сўзларига ишонаман, бир куни коррупционерлар ва монополистлар уни эгиб олишига ва ҳаммаси аввалги ҳолига қайтишига ишонмайман, ишонгим келмайди. Бу – романтика эмас, балким, сўнгги имкониятдир.

Шу ишонч билан танқидий мақолаларни ёздим, ёзяпман ва яна ёзаман. Акс ҳолда шу мақолани ҳам ёзмасдим.

Норгул Абдураимова — Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги журналисти:

Журналистлик касблар ичида энг осон кўринадигани, аммо энг қийини, менинг назаримда. Чунки ҳар қандай касб эгаси ўз ишига нуқта қўйиб, хотиржам дам олиши мумкин. Журналист эса дам олаётганда ҳам миясининг бир бурчаги ишлашда давом этади. Бугунги ишларим тугади, энди бироз дам оламан, деган ўйда у кўчага чиқди дейлик. Йўлда нимагадир гувоҳ бўлади ва у фикран яна ишлай бошлайди... Демак, журналист – бефарқ бўлмаган одам.

Тўғри, бу хусусият бошқа касб эгаларида ҳам бор. Бироқ, бошқалар бирор воқеа устидан чиқса, унга ўша лаҳзада муносабат билдириши ва ўтиб кетиши мумкин. Журналист эса воқеа жойида қолади...

Бошқаларнинг дардини ҳис қилиш, шу дард билан яшаш, уни енгиллаштириш ёки бартараф этиш учун курашиш каби жараён эса чинакам журналистика. Бу фақат одамлар билан эмас, соҳалар, жамият ва ҳоказолар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Касбий фаолиятим 90 йиллардаги уйғоқ журналистика билан боғлиқ. Ўша вақтда чиққан «қайноқ» газеталар – танқидий чиқишлар, баҳсли, мунозарали мақолаларни ўқиб, шулардан илҳомланиб мақолалар ёзишга киришганман. Аммо ўқишни тугатиб, иш бошлаганимда журналистика аллақачон кишанланган эди. Корректор сифатида иш бошлаб, тайёр саҳифаларни цензурага олиб тушардим... Цензура ходимига қовоғимни солиб қараб, исёнимни намоён қилардим.

Газеталардаги инқирозли йиллар бошланганда олти ойлаб маош олмаган кунларимиз бўлди. Айнан шу ҳолат туфайли давлатга қарашли ташкилотда ишлашга қарор қилдим. Ҳуқуқ соҳасида қалам тебратиб, одамларга ҳуқуқларини тушунтиришга, ўз ҳуқуқи учун қандай курашиш кераклиги ҳақида ёзишга кўпроқ ҳаракат қилдим. Мақолаларимни кўтариб, ҳуқуқий идораларда юрган одамларни учратганимда маълум маънода мақсадимга етаётганимни ҳис қилардим.

Фақат мен эмас, бутун журналистика катта босим остида фаолият юритгани барчага маълум.

Кейинги бир неча йилни журналистиканинг янги уйғониш даври, деб атаган бўлардим. Эркин ижод қилиш, бемалол танқид қилиш, муаммоларни кўтариб чиқиш имконияти бошқалар қатори менга ҳам катта илҳом берди.

Бугунги журналистикадаги асосий муаммо – соҳани фақат оддий ахборот эгаллаб бораётгани. Таҳририятлар ҳам журналистга кўпроқ ахборот бериш (план тўлдириш) талабини қўяётгани, ахборот хизматлари ривожланиб, ҳаммаёқни ахборот билан тўлдириб ташлаётгани журналистиканинг савиясини ҳам, муҳим мақсадидан ҳам чалғита бошлади, назаримда. Журналистга изланишга имкон камайиб бормоқда.

Ахборот хизматлари ривожлантирилгани бир қарашда яхши. Энди ахборот излаб қийналаётганимиз йўқ. Бироқ, улар ўзи истаган ахборотни бериб, ахборот майдонини манипуляция қила бошлагани яхши эмас.

Журналистикадан кўра ахборот хизматларига ҳар тарафлама кўпроқ урғу берилаётгани, яъни шарт-шароит таъминланаётгани яхши журналистларни соҳадан узоқлаштираётгани ҳам сир эмас.

Ташкилотларнинг ахборот узатиш тизимлари ишлаётгани ҳам тушунарсиз. Асосий фаолияти қолиб, ҳамма ахборот тарқатаверса, бунинг оқибати нима бўлади?

Асл журналистика ўқувчига (қўпол қилиб айтганда) яланғоч ахборот тарқатмаслиги керак. Яъни бир ахборот устида ишлаш керак. Воқеанинг сабаби ва оқибатини хабар ёки мақолада шундай кўрсатиб бериш керакки, ўқиган ўқувчи шундан сабоқ олсин, хулоса чиқарсин.

Ҳозирги кунда содир бўлаётган нохуш ҳолатлар, ҳатто даҳшатли ҳодисалар борича ўқувчига етиб бораётгани одамларнинг табиатини ҳам ўзгартириб юбормоқда. Қўпол, қўрс ёки сурбет, бағритош кимсалар кўпайгани шафқатсиз ахборот маҳсули ҳамдир.

Шу маънода журналистика – сайтлар, газеталар, телерадиоканаллар, энг аввало, катта тарбия воситаси эканини унутмаслигимиз керак.

Муҳими, бугунги кунда ёзилаётган мақолаларга муносабат ўзгаргани. Муаммо ёки жиноят аломати ҳақида ёзсак, эътиборга олинаётгани.

Жорий йилда ўзим ҳам вояга етмаган бир қизнинг номуси топталгани, лекин жиноят жазосиз қолаётгани ҳақида ёзган мақоламни бир эмас, ўнлаб ташкилотлар назоратга олгани мени беҳад суюнтирди. Мақола эълон қилинган куннинг эртасигаёқ жиноят содир этганликда гумонланган шахс қамоққа олинди.

Бу жараёнда журналистиканинг ўзаро ҳамдамлиги ҳам муҳим роль ўйнади. Чунки мақолам жуда кўп сайтларда, ижтимоий тармоқларда акс садо бергани ҳам ундаги гапни кўп одам эшитишига сабаб бўлди.

Журналистиканинг айнан шу жиҳатларига кўз тегмасин, ривожланиб борсин, дейман. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларни табриклайман.

Жамшид Ниёзов — Kun.uz журналисти:

Кимнинг қайси касб эгаси бўлиши – тақдири. Буни ҳеч бир журналист инкор этмаса керак. Бироқ ушбу касб вакилини бошқалардан ажратиб турадиган энг муҳим жиҳат бу – ён-атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисага бефарқ бўлолмаслиги. Ҳақиқий журналист одамлар кунда-кунора кўравериб одатланиб қолган, кўзи пишиб кетган иллатлар, муаммоларга бефарқ бўла олмайди. Ё фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланиб қаерларгадир шикоят қилади, ёки мақола, кўрсатув сифатида ОАВга олиб чиқади.

Бундан ташқари, журналистлар ҳар қандай воқеа-ҳодисага ахборот, янгилик сифатида ёндашишади. Дейлик, оддий одам йўлда кетаётиб аянчли йўл транспорт ҳодисасини кўриб қолса ёки ҳар доим ҳам учрайвермайдиган ғаройиб ҳодисага гувоҳ бўлса, одатда томошабин бўлишдан нарига ўтмайди. Бундай вазиятда журналист нима қилади? Вазиятни суратга ёки тасвирга олишга киришади, бунинг имкони бўлмаса, бошқалардан илтимос қилади, ҳеч бўлмаса ҳамкасбларига бу ҳақда хабар беради. Менимча, бу касб эгаларининг бошқалардан фарқини англаш учун шу мисоллар етарли бўлса керак.

Босимлар, қўнғироқлар, мақолани олиб ташлаш ҳақидаги илтимосу дағдағалар фаолиятимизнинг ажралмас қисми. Оддийгина ижтимоий тармоқдаги постларимиз учун раҳбариятимизга чиқиб ўчиртиришни, мени тартибга чақириб қўйишни сўрашган ҳолатлар бўлган. Бу очиқдан очиқ сўз эркинлигига, фикр эркинлигига тупуриб қўйиш деб биламан.

Дейлик, мақолани ўчиртириш масаласи сиз билан битмаса, сизга сўзи ўтадиган одамларни ўртага қўйишади. Бу ҳам иш бермаса, ОАВ фаолиятини назорат қилувчи юқори идораларга чиқишади. Хуллас, минг бир йўлини ўйлаб топишадики, шундай вазиятларда ҳамкасблар билан муҳокама қилиб ҳайрон қолиб кетасан киши. Шунинг учун ҳам ОАВ кимгадир қарам бўлмаслиги, ҳар томонлама мустақил бўлиши муҳим деб ҳисоблайман. Тўғридан-тўғри ҳаётга таҳдид солувчи ҳолатлар кузатилмаган, аммо илгари ишлаган жойларимда мақолам учун туҳматда айблаб, жиноий жавобгарликка тортишга, ишдан бўшатишга уриниш ҳолатлари кузатилган.

Кези келганда 2016 йилдан кейин Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги анча мустаҳкамланганини эътироф этиш керак. Бироқ сўнгги икки йил ичидаги воқеалар фонида мамлакатда сўз эркинлиги масаласи орқага кета бошлагани, яна турли идоралардан журналистлар ва таҳририятлар фаолиятига аралашувлар, норасмий цензура, гапга кирмаганларни турли йўллар билан тийиб қўйишлар бошланганини таъкидлаб ўтишим керак. Бир қатор ижтимоий тармоқ фаоллари ва таҳририятларнинг яқинда маъмурий жавобгарликка тортилишининг таг замирида ҳам шуни кўрмоқдаман.

Ҳаёт муттасил курашлардан иборат. Беҳбудий айтмоқчи, ҳақ олинур, берилмас. Мени ташвишга соладигани қайсидир идораларнинг қайсидир бурчакларида сўз эркинлиги борасида Ўзбекистоннинг аввалги даврларга қайтишини қумсайдиган, шунга интилаётганларнинг борлигидир. Президент катта минбарларда бунинг тескарисини айтиб турган пайтда ҳеч бир ҳайиқмай давлат раҳбарининг сўзларига терс иш қилаётганларини ҳеч қанақасига ҳазм қилолмаяпман. Хурсанд қиладиганим сўнгги йилларда фуқароларимизнинг онгги анча ўсди, фикрларини қўрқмай билдиришни ўрганишди. Ўйлайманки, кўзи очиқ миллат эски кунлар қайтишига асло йўл қўйиб бермайди.

Юлдуз Олимова — «Менинг юртим» телеканали журналисти:

Журналистни бошқа касб эгаларидан ажратиб турадиган жиҳатлари бу қизиқувчанлик, ҳар бир қабул қилинаётган маълумотга шубҳа билан қараш, ушбу маълумотни бир нечта манбалардан текшириш, изланувчанлик. Яна унда ҳар қандай инсон билан мулоқотга кириша олиш қобилияти ҳам бўлиши керак.

Фаолиятим давомида таҳдидлар бўлмаган, лекин босимлар бўлиб туради. Кўпинча иштирок этган тадбиримдан,интервью олиш учун борган ташкилотларимдан ишхонага қайтмасимданоқ раҳбарларимга қўнғироқ бўлади. Раҳбарларим ҳам «Яна нималарни бошлаб келдингиз» деб кулишади. Саволларим масъулларни қийнаб қўйганида, ёки бирор нотўғри ҳаракатлар сезилганда ўз фикримни очиқ айтганимда тайёрлайдиган материалим эфир юзини кўрмаслигини сўраб бир неча бор мурожаат қилишган.

Аммо мен фаолият юритаётган телеканал раҳбарлари вазиятни тўлалигича таҳлил қилиб холисликни таъминлаб , қонуний позициядан четга чиқмаган ҳолда материал тайёрлаб эфирга беришим мумкинлигини айтишади. Охирги босимлардан бири ташкилот матбуот котибининг эфирга беришимиз керак бўлган материални аввал унга кўрсатиб тасдиқлатиб,сўнг эфирга беришимиз мумкинлигини маълум қилгани бўлган.Бу воқеа ижтимоий тармоқларда ҳам катта муҳокама бўлган эди. Ўша материални ўша куннинг ўзида ўзим фаолият юритадиган ташкилот масъулларини тасдиғидан ўтказиб эфирга берганман. Бошқалар билан ҳисоблашмаганман.

Вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини ёритишда, улар тўғрисида таҳлилий ёки танқидий материаллар тайёрлаш давомида босимлар учраб туради. Ачинарлиси бунга ташкилотлар томонидан оддий ҳолдек қаралади. Бундай муносабатни ўзгартиришга ҳаракат қиламан. Журналист ўз фаолияти давомида мустақил, холис ва ўзининг қатъий принципларига содиқ бўлиши керак.

Бугун соҳамизни кузатиб туриб шундай хулоса қиламанки, назаримда журналистларда қўрқув мавжуд. Ҳақиқий танқидий, таҳлилий материаллар кам. Айрим журналистлар кун ўтса бўлди қабилида иш тутишади. Бу эса ачинарли. Жамиятда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни, амалга оширилаётган ислоҳотларни, йўл қўйилаётган қонун бузилиши ҳолатларини холис ёритиш журналистнинг биринчи вазифаси эмасми. Яна бир муҳим масала журналистларнинг малакаси, мазкур соҳада фаолият юритаётган инсон доимий изланиши, малакасини ошириб бориши зарур деб ҳисоблайман.

Қувонарли томони журналистлар аввал ахборот тарқатувчи ролини бажарган бўлса, айни пайтда ҳар бир ислоҳотга, ўзгаришга дахлдор касб эгалари қаторига кирди. Яна кўплаб нодавлат ОАВлар кўпаймоқда. Бу эса рақобат дегани. Рақобат бор жойда эса интилиш бўлади, иш сифати ошади ва соҳа ривожланади.

Инобат АҲАТОВА, («Халқ сўзи») тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?