Ҳамкорлик, очиқлик ва ижтимоий ташаббуслар сари янги босқич
“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилган тадбирлар ўз кўлами ва мазмуни жиҳатидан аввалгиларидан тубдан фарқ қилди. Ташаббус ва амалий таклифларга бой бўлган ушбу ҳафталик мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, уларнинг Конституциямиз байрами арафасида ўтказилгани ҳам ўзига хос аҳамият касб этди. Мазкур тадбирлар нафақат ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, балки жамият билан давлат ўртасидаги очиқ мулоқотни кучайтиришга хизмат қилди.
Ҳафталик доирасида илк бор ўтказилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми” Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди. Форумни ассоциация кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев очиб, унда ННТларни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганини қайд этди. Шунингдек, спикер давлат органлари ва ННТлар ўртасидаги институционал ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, жамоатчилик назорати ва аҳолининг фикрини эшитиш механизмлари такомиллашиб бораётгани бугунги жараёнларнинг муҳим ютуғи эканини таъкидлади.

Форумга вазирлик ва идоралар раҳбарлари, 100 дан ортиқ ННТлар, халқаро экспертлар, шунингдек Хитой ва Қозоғистон фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ташриф қилди. Муҳокамаларда ННТларнинг аҳолига хизмат кўрсатишдаги ўрни, давлат–жамият мулоқотини мустаҳкамлаш тажрибалари ҳамда жамият эҳтиёжларига манзилли жавоб бериш механизмларини кенгайтириш масалалари ёритилди. Айниқса, хорижий иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва фикрлар ННТлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболларини янада бойитди.
Қозоғистон Фуқаролик альянси президенти Бану Нургазиева ўз чиқишида икки давлатнинг нодавлат секторидаги умумий мақсад — аҳолига ёрдам бериш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш эканини таъкидлади. У Қозоғистон бўйлаб фаолият юритаётган минглаб ННТлар билан ҳамкорлик имконияти ҳар қандай ўзбек ташкилоти учун очиқ эканини маълум қилди. Бу минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади, чунки ННТлар ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, экология, таълим ва бошқа йўналишларда аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб иш юритади.

Хитой халқаро алмашинувлар бўйича ННТлар тармоғи (CNIE) котибиятининг катта маслаҳатчиси Сю Цян эса Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги халқ дипломатияси, маданий алмашинув ва ижтимоий лойиҳалар бўйича ҳамкорлик имкониятларини тилга олди. У ҳимояга муҳтож гуруҳларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенглиги ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, экологик ташаббусларни илгари суриш каби йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш истиқболини қайд этди. Бу фикрлар ННТлар фаолиятининг нафақат миллий, балки халқаро майдонда ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўрсатди.
Форумда сўнгги йилларда юртимизда ННТлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, айниқса, ҳуқуқий ва молиявий асосларнинг мустаҳкамланишида эришаётган ютуқлар алоҳида эътироф этилди. Давлат раҳбарининг қарорларига мувофиқ грантлар, субсидиялар ва ижтимоий буюртмаларни тақсимлашнинг ягона электрон платформаси жорий қилинди. Солиқ имтиёзларининг кенгайтирилгани, хайрия фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган енгилликлар эса ННТлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтиши учун тўловлар камайтирилгани ҳам улар фаолиятини рағбатлантирмоқда.

– Ҳудудларда эса ННТлар учун “Ахборот ресурс марказлари”, “ННТлар уйлари” ташкил этилиб, улардан бепул фойдаланиш тизими йўлга қўйилди, — дейди Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси бошлиғи Зикрилла Маҳмудов. – Бу марказлар жойларда фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий эҳтиёж ва муаммоларга манзилли ёндашишни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқотлар, жамоавий муҳокамалар ва давлат буюртмаси асосида ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш амалиёти ҳам кенгаймоқда.
2024 йилда қабул қилинган муҳим ҳуқуқий янгилик — “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон асосида Олий Мажлис ҳузурида “Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” ҳамда уни бошқарувчи парламент комиссияси тузилди. Бу эса ННТлар билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни тизимли асосда мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда. ННТларнинг қонун ижодкорлигида иштирокини таъминловчи парламент вакили институти жорий этилгани эса уларнинг жамиятдаги ролини сезиларли кучайтирди.

Форум доирасида ўтказилган икки йирик сессия — бири ҳамкорлик ва инновациялар, иккинчиси эса ҳудудий ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги ННТлар ролига бағишланди. Унда давлат бошқаруви билан мулоқотни фаоллаштириш, ижтимоий ташаббусларни тезкор қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларнинг манзилли ечимлари бўйича амалий таклифлар билдирилди. Сессиялар натижасида жамият ва давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Якунда қабул қилинган таклиф ва тавсиялар ННТлар фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиб, фуқаролик жамиятида очиқлик, ишонч ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилди. Бу жараёнлар Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фуқаролик жамиятининг ўрни тобора кучайиб бораётганидан далолатдир.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
- Президент пойтахтда транспорт тизимини янгилашга доир муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг