Ҳамкор давлатлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни қутламоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан ҳамкор давлатлар раҳбарлари номидан табриклар келишда давом этмoқда.
—
Ҳурматли Шавкат Миромонович, азиз қардошим!
Таваллуд кунингиз муносабати билан Сизга самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман.
Сиз олиб бораётган узоқни кўзлаган ва чуқур ўйланган сиёсат туфайли Ўзбекистон Республикаси ҳар томонлама ривожланиб, барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди, иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонди. Буларнинг барчаси Сизнинг буюк давлат арбоби сифатидаги машаққатли фаолиятингиз ва тинимсиз хизматларингизнинг бевосита натижасидир. Қардош Ўзбекистон Сизнинг қатъий раҳбарлигингизда йилдан-йилга янги муваффақиятларга эришиб, жаҳон миқёсида салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани бизни чин дилдан қувонтиради ва ғурурлантиради.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги халқларимизнинг қардошлиги, тарихи ва миллий-маданий қадриятларига асосланган кўп қиррали алоқаларнинг бугунги юксак даражага кўтарилишида шахсан Сиз катта роль ўйнадингиз. Сизнинг мамлакатларимиз бирдамлиги ва иттифоқчилиги йўлидаги қатъий ва фидокорона фаолиятингиз Озарбайжонда Сизга нисбатан чуқур ҳурмат ва хайрихоҳлик туйғуларини уйғотди.
Сизнинг яқинда Озарбайжонга давлат ташрифингиз давомида бўлиб ўтган самарали учрашувимизни, ўзаро ишонч, англашув ва самимият руҳида ўтган фикрлашув ва мулоқотларимизни илиқлик билан эслайман. Озарбайжон ва Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари, ташриф доирасида қатор соҳаларга оид ҳужжатлар имзолангани ва муҳим келишувларга эришилгани таҳсинга сазовор.
Азиз қардошим,
Мен ўртамиздаги самимийлик, дўстлик ва биродарлик туйғуларини доимо юксак қадрлайман ҳамда мунтазам мулоқотларимиз, суҳбатларимиз ва биргаликдаги ишларимиздан катта мамнуният изҳор этмоқчиман.
Ишончим комилки, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган дўстлик, қардошлик ва иттифоқчилик муносабатлари биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бундан буён ҳам юксалиб, янги мазмун билан бойиб бораверади.
Ушбу қутлуғ айёмда Сизни яна бир бор самимий табриклаб, Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, қардош Ўзбекистоннинг равнақи, фаровонлиги ва янада тараққий топиши йўлидаги юксак давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар ва янги зафарлар тилайман.
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президент
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Таваллуд кунингиз билан самимий табрикларимни қабул қилинг.
Ўзбекистон Республикасининг давлатчиликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва халқаро майдондаги нуфузини ошириш борасидаги муваффақиятлари Сиз олиб бораётган сиёсатнинг тўғрилиги, шунингдек, Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилаётганингизнинг сўзсиз тасдиғидир.
Беларусь-Ўзбекистон дўстлиги анъаналари Минск алоҳида эътибор қаратаётган икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига қатъий ишонч билдираман.
Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва Ўзбекистон фаровонлиги йўлида янги ва ёрқин ютуқларга эришиш учун битмас-туганмас куч-ғайрат тилайман.
Ҳурмат билан,
Александр Лукашенко,
Беларусь Республикаси Президенти
Ҳурматли Президент жаноблари, азиз қардошим!
Сизни таваллуд айёмингиз муносабати билан чин қалбимдан табриклаган ҳолда, Яратгандан Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик тилайман.
Муштарак тарихимиз, тилимиз ва маданий қадриятларимиздан қувват олаётган муносабатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Бугунги кундаги глобал синовларга қарши Туркий дунёнинг фаровонлиги ва тараққиётини таъминлаш мақсадида икки томонлама ва кўп томонлама платформаларда, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга бўлган иродамизга содиқмиз. Айни қатъият Сиз, азиз биродарим томонидан ҳам баҳам кўрилаётгани менга чексиз мамнуният бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларини таваллуд айёмингиз билан яна бир бор табриклаб, дўст ва қардош ўзбек халқининг тараққиёти ва тинчлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз муваффақиятли давом этишини тилаб қоламан.
Режеп Таййип Эрдоған,
Туркия Республикаси Президенти
Буюк ва содиқ дўстим!
Туғилган кунингиз муносабати билан Миср халқи ва шахсан ўзимнинг номимдан энг самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига чексиз бахт, фаровонлик ҳамда дўст Ўзбекистон халқининг равнақи, тинчлиги ва барқарорлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз ва интилишларингизга муваффақиятлар тилаб қоламан.
Чуқур ҳурмат ва эҳтиром ила,
Абдулфаттоҳ ас-Сиси,
Миср Араб Республикаси Президенти
Жаноби Олийлари!
Сизни 68 ёшингиз билан чин қалбимдан табриклашга ижозат бергайсиз.
Корея Республикаси Ўзбекистон Республикасининг алоҳида стратегик шеригидир. Ҳамкорликнинг узоқ тарихи давомида мамлакатларимиз ўзаро тараққиёт ва фаровонлик йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Умид қиламанки, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари мана шундай ўзига хос ришталарга таянган ҳолда, турли соҳаларда янада мустаҳкамланиб бораверади. Ушбу мақсадга эришиш йўлида Сиз билан бундан буён ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишга умид қиламан.
Шунингдек, Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган узлуксиз ислоҳотлар ва очиқлик борасидаги ютуқ ва саъй-ҳаракатларни юксак баҳолайман. Кўп қиррали ҳамкорлик туфайли Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўзаро манфаатли ва келажакка йўналтирилган асосда ривожланишига умид билдираман.
Сизнинг туғилган кунингизда бўлиб ўтадиган биринчи телефон мулоқотимизни ҳамда ҳар икки томон учун қулай вақтда Сиз билан учрашишни интиқлик билан кутаман.
Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон Республикасига эса чексиз равнақ тилайман.
Ли Чжэ Мён,
Корея Республикаси Президенти
Президент Жаноби Олийлари!
Туғилган кунингиз муносабати билан самимий ва илиқ табрикларимни қабул қилинг.
Шу йил июнь ойида боқий мовий осмон юрти – қадимий ва гўзал Мўғулистонда дўстона ва самимий руҳда учрашиб, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаганимизни мамнуният билан эслайман.
Икки халқни азалдан кўчманчилик анъаналари ва тарихий қадриятлар боғлаб туради.
Муҳтарам Президент, Сиз билан биргаликда ушбу эзгу анъанани мустаҳкамлаб, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада юксак, Кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиққанимиз ва шу тариқа икки томонлама муносабатлар тарихига олтин ҳарфлар билан битиладиган янги даврни бошлаб берганимиздан чин дилдан хурсандман.
Сизга, муҳтарам Президент, ва Сизнинг ажойиб оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва энг эзгу тилаклар, дўст Ўзбекистон халқига эса равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Ухнаагийн Хурэлсух,
Мўғулистон Президенти
Жаноби Олийлари!
Туғилган кунингиз муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз. Сизга мустаҳкам соғлик ва куч-қувват, Ўзбекистон Республикасини муваффақият ва фаровонлик йўлидан олиб боришда давом этишингизни тилайман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сербия-Ўзбекистон муносабатларини ўзаро ҳурмат, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни қўллаб-қувватлаш руҳида ривожлантиришга қаратаётган эътиборингиз учун Сизга миннатдорлик билдираман. Мураккаб геосиёсий шароитда бизнинг дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз янада муҳим аҳамият касб этиб, биргаликдаги тараққиёт учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Москвадаги самимий суҳбатимизни мамнуният билан эслайман ва маданий улуғворлик ва халқаро мулоқот рамзи бўлган Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО сессияси давомида мулоқотни давом эттириш имкониятига эга бўламиз, деб умид қиламан. Агар иш режангиз имкон берса, олдиндан Тошкентга ташриф буюришдан жуда мамнун бўламан.
Ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам ўзаро манфаатли асосда мустаҳкамланиб боришига ишониб, Сизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромимни билдиришга ижозат бергайсиз.
Александр Вучич,
Сербия Республикаси Президенти
Жаноби Олийлари!
Таваллуд айёмингиз муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига ўзимнинг энг самимий тилакларимни мамнуният ила йўллаш мени чексиз қувонтиради.
Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, бахт–саодат, дўст Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва халқига янада фаровонлик ва тараққиёт тилаб қоламан.
Самимий салом ва юксак эҳтиром ила,
Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Бош вазир ўринбосари, Президент девони раиси
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Таваллуд кунингиз муносабати билан табрикларимни қабул қилинг!
Сизнинг фидокорона меҳнатингиз, шахсий фазилатларингиз ва бой сиёсий тажрибангиз туфайли Ўзбекистон халқи турли соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлади. Мамлакатингиз янада жадал ривожланишини чин дилдан тилайман.
Барча учрашув ва суҳбатларимизни илиқлик билан эслайман.
Ушбу қутлуғ айёмда Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч-ғайрат, оилангизга фаровонлик, қардош Ўзбекистон халқига эса бахт-саодат ва равнақ тилайман.
Энг яхши тилаклар билан,
Нурсултон Назарбоев,
Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг