Ҳам даромад, ҳам саёҳат

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2025 йилда мавсумий гулларнинг композит гулдасталари: гладиоли, хризантема ва даҳлиас харидорлар орасида энг машҳур ҳисобланади. Афзалликларнинг мавсумийлиги бозорда аниқ кўринади: март ойида харидорлар лолаларни, апрель ва май ойларида — чиннигуллар ва пионларни, август ва сентябрь ойларида — хризантемаларни танлайди. Атиргуллар савдо тузилмасининг 90% ни ташкил қилади.
Кейинги йилларда Андижон вилоятининг Олтинкўл, Избоскан ва Андижон туманлари ҳам гулчиликка ихтисослашган марказга айланиб бормоқда. Олтинкўлда илк гулчилик маркази ташкил этилгани истеъмолчиларга арзон ва сифатли гуллар етказиб беришда муҳим ўрин тутади. Айни пайтда бу ерда 9,3 гектар майдонда 30 нафардан зиёд соҳа вакиллари фаолият олиб бормоқда.
— Шу пайтгача гулчилик билан шуғулланган тадбиркорлар ўз хонадонида фаолият олиб борган, — дейди марказ масъул ходими Наврўзбек Содиқов. — Эндиликда тажрибали гулчилар ягона марказ атрофида бирлашди. Бунинг учун майдон 26 қисмга ажратилди. Тадбиркорлар томонидан 8,9 гектар ер майдони кимошди савдоси орқали сотиб олинган. Қолган қисмида кўргазма майдони ва ташриф буюрувчилар учун шароитлар яратилди. Бу жой гул етиштириш билан шуғулланувчилар маскани эмас, балки ўзига хос агротуризм манзили ҳамдир. Марказимизда автомобиллар тураргоҳи, тамаддихона ва турли тадбирлар учун майдон ҳам ишга туширилди.
Ушбу марказнинг ишга туширилиши орқали ноёб ўсимликларни ҳудуд иқлимига мослаш имконияти яратилди. Эндиликда турли давлатлардан олиб келинган, йилнинг тўрт фаслида ҳам яшнаб турувчи гул ва буталарни маҳаллийлаштириш ишларига киришилган. Бунинг учун марказнинг 2,5 гектар майдонида иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, уларда 10 та тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Бундай саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун 100 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, мавсумда бу рақам 250 тага етиши кўзда тутилган.
— Гулчилик фаолияти билан беш йилдан бери шуғулланаман. Шу йиллар давомида маҳсулотни республикамиз бўйлаб етказиб беришни йўлга қўйдик, — дейди тадбиркор Омадбек Шокиров. — Бунинг учун 70 сотих ер майдонида ўндан зиёд турдаги гулларни парваришлаб келяпмиз. Харидорларнинг ноёб ўсимликларга бўлган қизиқиши юқорилигини ҳисобга олиб, Европа давлатларидан келтирилган кўчатларни ҳам сотишни йўлга қўйганмиз. Ушбу марказдан икки гектар ер ажратилиши имкониятларимизни янада кенгайтирди. Биринчи навбатда, хориждан келтирилаётган кўчатларни шу жойнинг ўзида маҳаллийлаштиришни йўлга қўйдик. Бугунги кунда Италия, Хитой, Туркия каби давлатлардан ноёб гул ва бута қаламчаларини олиб келиб кўпайтиришга эришдик. Бунинг учун 30 та янги иш ўрни яратилди. Авваллари 70 сотих майдондан йилига 400-450 миллион сўм даромад олган бўлсак, эндиликда бу кўрсаткични 4-5 баробарга оширишни режалаштирганмиз.
Марказ ташкил этилгунига қадар гулчилар маҳсулотни мамлакатимиз бўйлаб етказиб беришни йўлга қўйганди. Энди харидорларнинг ўзи марказга ташриф буюриб, ўзлари танлаган гулларни сотиб олиш имкониятига эга бўлди. Ҳудуд эко ва агротуризми ривожига салмоқли ҳисса қўшиши кўзда тутилган ушбу масканда электр симларини кўрмайсиз. Таъминот юз фоиз қуёш панеллари орқали йўлга қўйилган. 60 кВт қувватга эга панеллар орқали бир кунда давлатга 400-500 минг сўмлик электр энергияси сотилмоқда. Бу бир ойда ўртача 15 миллион сўм қўшимча даромад дегани. 18 миллиард сўмлик лойиҳа асосида барпо этилган ушбу марказ ҳам даромад, ҳам саёҳат масканидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг