Ҳалолликнинг баҳоси борми?

15:33 12 Март 2025 Жамият
150 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Порахўрлик атамасига туғилганимизданоқ дуч келамиз. Чақалоқ туғруқхонадан чиқиши учун «суюнчи пули», шифокор кўриб қўйгани учун «қўл ҳақи», болалар боғчасига олдинги қаторларга тез ўтиш, яхшироқ мактабга кириш учун «хизмат ҳақи», университетларга имтиҳон топшириш учун «пора», бирор нуфузли ташкилотга ишга кириш учун «шапка», юқорироқ лавозимга кўтарилиш учун «танка», имтиёзлар ва мукофотларга эга бўлиш учун «бир пиёла чой...» Булар шу қадар кўпки, умримизнинг охиригача давом этади. Буни ўзимиз сезмаймиз ҳам. Бу оддий ҳолга айланиб қолган. Ҳокимият органлари, идоралар, ташкилотлар, шифохоналарда кузатув камералари ўрнатилган, эшикка пора бермоқ ва олмоқ жиноят экани ёзиб қўйилган бўлсада, қонуний бирор иш битириш мумкинлигини тасаввур ҳам қилолмаймиз.

Давлатимиз раҳбари раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда олдимизга турган глобал муаммолардан бири бу коррупциянинг ўсиши, шу жумладан, порахўрликка қарши курашиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Сир эмаски, бугун атрофимизда ўзи қонун ҳимоячиси бўла туриб, пора билан қўлга тушган амалдорлар ҳам учраб турибди. Ваҳоланки, бу ёвузликка ўзлари қарши курашиш керак эмасми? Зеро бойликка ўчлик, ҳашамдорлик, кўзи очлик ва порахўрлик одам танламайди. Коррупция нажот, ҳожат ёки шунчаки олмоқ ва бермоқ деганлар янглишади, бу энг уятли ва шармандали жиноятдир! Қонунга кўра ҳар бир шахс қилган жинояти учун жавоб беради.

— Давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш йўлидаги жонкуярликлари, ташаббуслари ҳар биримизни огоҳликка чорлади, — дейди Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Шерзодбек Каримов. — Бундан буён Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига вилоят ҳокимлари эмас, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси раҳбарлик қилишини муҳим янгилик сифатида қабул қилдик. Бу маҳаллий ижро ҳокимияти фаолияти устидан фаол жамоатчилик назорати ўрнатишда, вакиллик идоралари ваколатини кучайтиришда жуда муҳим.

Давлат харидларини амалга ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, барча соҳаларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда бундай таъсирчан тизимларни ишга тушириш аллақачон ҳаётий заруратга айланганди. Эндиликда маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик тузилмалари ваколатини кенгайтириш орқали бундай иллатларга қарши кескин курашиш имконияти яратилди.

— Коррупцияга қарши унинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки олдини олиш кўпроқ самара беради, — дейди Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Абдураҳмон Тоиров. — Коррупция нафақат оиламиз, кундалик ҳаётимиз, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта зарар етказади.

Айни пайтда жамиятни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашни мактаб партасидан бошлашимиз, болаларда ҳалолликни тарбиялашга алоҳида эътибор беришимиз керак. Чунки болалар жамият ҳақидаги барча асосий билим ва тушунчаларни мактабдан олади. Маиший коррупцияга барҳам бериш мақсадида таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳаллаларда кенг қамровли изчил саъй-ҳаракатларга киришиш режалаштирилмоқда. Ҳозирда бу борада алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

— Коррупцияга қарши курашишда янгича ёндашув керак, — дейди «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Зокиржон Раҳмонов. — Маҳаллий кенгашлар депутатлари, сенаторлар маҳаллагача тушиб, корхона-ташкилотлар кесимида коррупциявий ҳолатларни ўрганмоқда. Шу орқали мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, барча соҳаларда қонун устуворлиги таъминланади.

Бугун давлат хизматлари кўрсатишда шаффофлик, тезкорлик ва аниқлик таъминланмоқда. Натижада 750 та давлат хизматлари кўрсатиш тизими рақамлаштирилди. Айни йўналишда инсон омили, яъни маиший коррупция кўринишларига барҳам берилди. Аммо шаҳар-туман, маҳаллалар кесимида баъзи маиший коррупция ҳолатлари сақланиб қолаётгани ачинарлидир.

Шубҳасиз, жамиятни пароканда қилаётган, ўзаро ишонч туйғусини йўқотиб, қалбимизни пора қилаётган ана шу «пора»дир. Бу бугунги ҳаётимиз, эртамиз тақдири билан боғлиқ жиддий масала. Бепарволик, қонунсизликка қарши курашмаслик, аксинча, унда иштирок этиш орқали биз дастлаб кўринмас, кейин эса тобора ўз домига тортадиган даҳшатли куч – коррупцияни келтириб чиқарамиз. Агар биз коррупцияни йўқотишни ўзимиздан бошласак, барча тўсиқларни енгиб ўтамиз. Замахшарий бобомиз айтганидек, инсонга ҳаёт бир марта берилган. Бизни касоду инқирозга учрашдан озод қиладиган кишига лутф билан муомалада бўлиб, «қўрқма», «зарари йўқ», «зиёни йўқ» деб юпатувчилардан узоқроқ бўлайлик!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?