Ҳали шеърга айланмаган сўзларим менинг

Фото: Архив сурат
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилди. 1965-70 йилларда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. У 1958 йилдан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. 1959 йили илк марта шеъри матбуотда эълон қилинган. Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский шоирлар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеърлар ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар ва бошқа тилларга таржима қилинган. Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида ҳам машҳур. У “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМГА ЧИЗГИ
Кўрдим аср ўртасида келиб дунёга
Тарихларда учрамаган тангдил замонни:
Ўхшар эди ҳаёт худди бир хил рўёга,
Битта ҳайкал қопламишди ҳамма майдонни.
Кўриб рангин капалакнинг чарх уришини
Мен билмасдим бу қанотдан пайдо бўлган қурт
Гўзал ҳилқат томирини кемиришини,
Қуртларга ем бўлишини мушфиқ она юрт.
Оҳ, бу алдов! Сувратдаги ўлик қуёшнинг
Осмони бор, тафти бор деб ўргатган алдов,
Бўйнимдаги чўян ғулни холис қардошнинг
Меҳр тўла кафтидир, деб ўргатган алдов!
Гарчандки мен кўп тилларни билсам ҳам, лекин
Бундай қисмат баёнига тополмадим тил;
Янги қадаҳ, эски оғу… Сипқориб секин
Мутеъликнинг шаробидан заҳарланди эл.
Кулранг танклар ҳайдаганда Афғонистоннинг
Баҳорини яшолмаган шудгорларини,
Ўн саккизда «Онажон!» деб узилган жоннинг
Мен тингладим мангу тирик оҳ-зорларини:
«Мен босқинчи милтиғида оддий ўқ эдим,
Душманим ҳам тушмасин-а ҳатто бу ҳолга!» –
Тингладим-у, барин англаб, лаънат ўқидим
Охирзамон бўлмасидан чиққан Дажжолга!
Мен орзунинг товуш етмас ўлкаларига
От қўйдим-у ёруғ кунни топай деб бот-бот,
Лекин темир дарвозалар кўлкаларида
Дариғ тутди қуёшини мустабид ҳаёт.
Аму билан Сирдарёга тўкиб ёшимни,
Икки дарё ўзанига тўлиб йиғладим,
Кўтаролмай алдовлардан эгик бошимни,
Қулликдаги Ўзбекистон бўлиб йиғладим.
Аммо хазон тагларида ўсган майсалар
Саррин баҳор елларига айтганидек роз,
Мен куйладим осмон каби Эркни сарбасар
Юлдузларнинг шуъласидан эланиб овоз.
Боғларимнинг тагларини босганда шўра,
Насим бўлиб гуллар бўйин елдирай дедим.
Вақт келганда зарур сўзни айтгандан кўра,
Зарур сўзни айтиб, Вақтни келтирай дедим.
Кечимшимни улуғладим, эртам деб ёндим,
Мен замона лаззатидан кечиб яшадим,
Бахтли қулга ажратилган неъматдан тондим,
Тантаналар рўйхатидан ўчиб яшадим.
Дил кишанин чўрт узганда ҳар бир байтимки,
Қулхўжалар титраб-қақшаб, кўкси бўлди чок,
«Эрк» сўзини шундай овоз билан айтдимки, –
Ҳатто бугун сукутимга боқарлар хавфнок.
Бугун, шукр, эски дунё тўнгакларидан
Четга олди қоматини ям-яшил ниҳол,
Чўлпонлару Қодирийлар сўнгакларидан
Униб чиқди ҳур Бинафша, гўзал Истиқлол.
Демак, ғамнинг соясига айланма, юрак,
Чарақлайвер, эй очилган кўзларим менинг,
Эрк кунига, Юрт кунига ярайсиз, демак,
Ҳали шеърга айланмаган сўзларим менинг!
05.01.97.
* * *
Кириб келаётган карвонда эмас,
Кетиб бораётган карвондаман мен,
Пастда қолиб кетди ердаги ҳавас,
Осмонга бош урган нарвондаман мен.
Гўзаллик изладим – ҳижоб алдади,
Дўстим деб интилдим – ниқоб алдади,
Дарё деб қувондим – сароб алдади,
Ростман деб алдаган ёлғондаман мен.
Шамоллар эсдилар, фасллар учди,
Пайкалим энгашиб, хирмонни қучди,
Экканим – экилди, пишганим – пишди,
Ҳосили ўзгармас хирмондаман мен
Ва лекин йироқдир дилимдан афсус,
Ҳар сўзда тўкилмас тилимдан афсус,
Йўқ эрур шеъримдан, илмимдан афсус,
Афсуслар енголмас қўрғондаман мен.
Не бўлса – бўлди, бас, бўлганим шудир,
Кўнглимнинг тўлмаган-тўлгани шудир,
Ёвузлик устидан кулганим шудир:
Бир ўққа айландим – камондаман мен.
22.03.10
БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Бу шоҳлиқ тожини бир кун фалакнинг кўксига отсам,
Ажаб эрмаски, аршни ҳам бу зарбим бирла титратсам,
Икки оламни, сўнг хушнуд, тишининг дуриға сотсам,
Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулиқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар, тори мўйидек, белиға чирмашиб ётсам.
Гаҳи ўзумни «сен» деб, мен унинг ёдини «сиз»ласам,
Гаҳи кипригидин нозли нигоҳ шахтин изласам,
Гаҳи лаб чўғидин чўчиб, занахдонини кўзласам,
Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам,
Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.
Қани шогирд лабим доим хатинг оз–оз ўрганса,
Қани булбул келиб сендин куйи мумтоз ўрганса,
Қани тўрғай келиб мендинки номинг боз ўрганса,
Қани Ширин била Лайлики сендин ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнун, аларға ишқ ўргатсам.
Фироқим зарбидин байтим қоғозни тиғ каби тилғай,
Девоним саҳфаси бир-бир оёқ остингға тўкулғай,
Абрлар сочса ашким, сел – рўзи маҳшар тиним билғай,
Ёруғ кундуз, қоронғу кечада анжум киби бўлғай,
Чекиб гар оҳ дудини кўнгил ўтини бутратсам.
Кўруб ҳуснини, рашкдин ҳар саҳар гулнинг кўзи намлиқ
Ҳам у булбулки ёрин ушбу нуқсидин дили ғамлиқ,
Лабидин бир сўз Абдулло очиб, токай лаби таъмлиқ,
Кўзум равшанлиғида бўлғай, эй Бобур, басе камлиқ,
Агар қоши била юзин ҳилолу кунга ўхшатсам.
1969
ДОРБОЗ
Важҳи маош учун кимики деса фикр этай,
Қисмат ризосидин анга бегоналиқ керак.
Алишер Навоий
Юксакда кўрмоқчи бўлдинг- у ўзни,
Дорбозга айланиб, боғлатдинг кўзни.
Оёғинг арқонда, лангарда қўлинг,
Энди теп-текисдир, бир хилдир йўлинг.
Шу қадар бир хилки, на чап, на ўнг бор,
На ўйдим-чуқур бор, на бирор дўнг бор!
Кўз юмиб юрасан гоҳ-гоҳ ирғишлаб,
Оломон яйрайди сени олқишлаб.
Ўйнайсан, оломон пастда – овора;
Бир хил янграб турар махсус ноғора.
Сен ҳам эркин эдинг, бир пайт, жангари,
Сени кўр қилди-ку дорбоз лангари:
Энди кўз керакмас, лангардир қўлинг,
Бор-йўғи тўрт қулоч арқондир йўлинг,
Ноғора янграйди – сен юрасан, бас,
Ер бўлиб ермассан, кўк бўлиб кўкмас.
2001
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг