Гулчиликдан ҳатто қишда ҳам яхшигина даромад оляпмиз
Самарқанд туманининг Навобод маҳалласида яшайман. Тўрт йилдан буён гулчилик билан шуғулланиб келяпман.
Ҳозирда 25 сотихли иссиқхонада турли хил гул кўчатларини етиштириб, шу орқали оилам билан барқарор даромадга эга бўлмоқдамиз.
Бу ерда оилавий меҳнат қиламиз. Йил бўйи гул кўчатларини парваришлаймиз. Қиш ойларида “Виола” гулларини етиштириш билан шуғулланамиз. Бу гулнинг афзаллиги шундаки, у совуққа жуда чидамли: +15 даражадан −35 даражагача бўлган ҳароратда ҳам яхши ўсади. Аммо иссиққа чидамсиз. Энг муҳими, иссиқхонани иситишнинг ҳам ҳожати йўқ.

Айни пайтда 10 сотих ерда 3 минг туп “Виола” кўчати тайёр бўлган. Ҳар бир кўчат учун уруғ, идиш, биогумус ва ўғитларга ўртача минг сўм сарф бўлади. Тайёр кўчатлар эса ўртача 3 минг сўмдан сотилади. Демак, ҳар бир кўчатдан 2 минг сўм соф фойда қолади. Бу ҳисоб билан бир мавсумда тахминан 400 миллион сўм даромад кўриш мумкин.
Бундан ташқари, баҳор, ёз ва куз мавсумларига мўлжаллаб ҳам турли хил гул кўчатларини етиштирамиз. Яқинда хризантема гулларини сотиб тугатдик. Энди қиш мавсумида уч марта “Виола” кўчатларини, баҳорда эса райҳон, салвия ва питуния каби гул кўчатларини етиштирамиз. Йилдан-йилга харидорлар сони кўпайиб бормоқда. Келгусида иссиқхоналар сонини кўпайтириш ҳамда гулчиликни кенг миқёсда йўлга қўйиш ниятимиз бор.
Фозил ГАДОЕВ,
Самарқанд тумани
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг