Ғиждувон янги имкониятлар марказига айланмоқда

16:46 17 Апрель 2025 Жамият
217 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг хушхабар эшитасиз, хайрли, эзгу амалларнинг шоҳиди бўласиз. Тадбиркору ҳунармандлари, қўлигул деҳқонлари билан номи етти иқлимга кетган Ғиждувон ҳам бундан мустасно эмас. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ғиждувонликлар кўнглига бир олам қувонч бахш этди. Уларнинг эртанги кунга бўлган ишончига ишонч қўшди.

Жаннат боғларига монанд макон

Бухоронинг ардоқли фарзанди, шоир ва файласуф Садриддин Салим Бухорийнинг ёзишича, бу кўҳна гўшадан Хожа Алоуддин Ғиждувоний, Мавлоно Поянда Соктареги, Сўфи Деҳқон Шўрчаги, Абдулхолиқ Ғиждувоний сингари кўплаб азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Хизр алайҳиссалом Ғиждувонга келиб, Хожаи Жаҳонга, яъни Абдулхолиқ Ғиждувонийга сабоқ берган. Дуои пир кетган бу гўшадан савдо карвонларининг қадами узилмаган, заргару зардўз, новвой, кандакору кулолларнинг қўли қўлига тегмаган.

— Тарихий манбалардан маълум бўлишича, «Ғиждувон» топоними «Зафарларга ёр муқаддас шаҳар», «Ғиштли девор», «Экин экиладиган деҳқонлар манзили», «Ғуж-ғуж девонлари, яъни масжиду мадрасалари кўп жой» деган маъноларни англатади, — дейди Бухоро давлат университети доценти Азалшоҳ Ҳамроев. — Бу гўша бутун умрини инсоннинг маънавий-руҳий камолоти йўлига сарфлаган ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний туғилган замин сифатида қадрланади. «Авлиёлар султони», «Қутби замон», «Хожаи Жаҳон» номлари билан машҳур бобокалонимиз Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий томонидан алоҳида эъзозланган. Улар Ғиждувонийни «шайх-уш-шуюх», яъни шайхлар шайхи унвони билан таърифлашган. Бундай шарафга фақатгина уч буюк зот — Хожа Юсуф Ҳамадоний, Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийгина муяссар бўлган.

Мирзо Улуғбек айнан шу улуғ аждодимиз мангу қўним топган қадамжода мадраса барпо этгани ҳам бежиз эмас. Дарвоқе, Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги тегишли фармойиши билан Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд туғилганининг 700 йиллиги кенг нишонланди. Бу табаррук зотлар хоки пойи ётган манзиллар ободонлаштирилди. Таҳоратхона, масжид, меҳмонхона, музей, китоб дўконлари барпо этилди.

— Ўтган асрнинг 30 йилларида тадқиқот ишларини олиб борган шарқшунос В. А. Шишкиннинг эътиборини Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқидаги битиклар ўзига тортган. Унда жумладан, «Бу улуғ жой жаннат боғларига монанд макондир» деган ёзув бор эди, — давом этади А. Ҳамроев. — Небахтки, мустақиллик шарофати, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий ва диний қадриятларимиз қайта кўз очди. Қадамжо файзига файз қўшилди. Қаранг, жаннатмонанд макондан сайёҳлар қадами узилмаяпти.

«Вақтим мазмунли ўтганидан хурсандман»

— Бу ердаги тарихий ёдгорликлар меъморий ечимининг ўзига хослиги, миллий пазандачилик, қўл меҳнатига асосланган кулолчилик, каштачилик маҳсулотлари, шарқона турмуш тарзи мени ҳайратга солди, — дейди австралиялик сайёҳ Кейтлен Грейхем. — Одамларнинг меҳмондўстлигини айтмайсизми? Кўҳна Бухоро ва Самарқанд оралиғида жойлашган, Буюк ипак йўли чорраҳасидаги Ғиждувонда вақтимни мазмунли ўтказганимдан хурсандман.

Дарвоқе, хорижлик меҳмонни таниқли ҳунарманд Алишер Нарзуллаевнинг «Кулол Устозода» туристик марказида учратиб қолдик. Абдулхолиқ Ғиждувоний меъморий мажмуасининг шундоқ ёнбошидаги бу гўша сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортмоқда.

— Президентимизнинг жорий йил 1 апрелдаги қарори биз, ҳунармандлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда, — дейди сулоланинг яна бир вакили, Ўзбекистон Республикаси халқ устаси Абдулла Нарзуллаев. — Мана, кўҳна Қўрғонни олиб кўринг. У яқинда туризм маҳалласи мақомига эга бўлди. Қарорга мувофиқ, бу гўшанинг қадимий қиёфасини тиклаш учун 33,3 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилмоқда. Кулолчиликка келсак, бу ҳунарни ота-боболаримиз тишларининг ковагида асраб бизгача етказишган. Анъаналарни давом эттирган ҳолда бу мактабни бойитиш устида ҳам ишлаяпмиз. Масалан, сопол буюмлар сиртига ишлов беришнинг қадимий усулини қайта тикладик.

Шу аснода япониялик сайёҳлардан бири «Кулолчиликда ёрқин ва тиниқ ранглар кўп ишлатилар экан», деб қолди. Унинг айтганича бор. Биз тинчликсевар, инсонпарвар халқмиз. Осмонимиз мусаффо, ниятларимиз булоқ суви каби тип-тиниқ. Турмушимиз осуда. Бу халқ амалий санъати усталарининг асарларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Чўллар чаман очмоқда

Ғиждувон уфққа туташиб кетган саҳроси билан ҳам мафтункор. У ўз бағрида не-не маъданларни асрамаяпти, дейсиз? Тилимизга муқобил энергия манбаси, деган ибора кириб келдию «Барака» маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган саҳродаги яна бир ҳикмат юзага ой каби балқиб чиқди. Чўли биёбон қуёш ва шамол энергиясининг битмас-туганмас манбаи экани аён бўлди. Қутчи массивида ҳозир Саудия Арабистонининг «ACWA POWER» компанияси томонидан қиймати 650 миллион АҚШ доллари бўлган шамол электр станцияси қуриляпти. Ғиждувон тарихида илк бор темир йўл тармоғи тортилмоқда. «Янги Ўзбекистон» массиви ҳам шу ҳудудда қад ростлади. Бугун бу ерни саҳро дегани тил бормайди. Чўллар чаман очаётгани шу эмасми?!

— «Барака» ўз номи билан қут-баракали жой экан, — дейди «Шуҳрат» медали соҳибаси Иқлима Жўраева. — Президентимизнинг тегишли қарорига асосан, маҳалла ҳудудидаги қумликдан иборат 29 гектар майдонда экотуристик маскан барпо этилиб, бу ердаги инфратузилмани ривожлантириш учун 1,45 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди.

И. Жўраевани бундан йигирма йилча муқаддам қўни-қўшнилар фабриканинг оддий ишчиси сифатида билишарди. Бугунги кунда у маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, меҳмонхона бизнеси каби йўналишларда фаолият кўрсатаётган тадбиркор саналади.

— Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди, — тўлқинланиб сўзлайди у. — Тадбиркор аёл сифатида ўнлаб иш ўринлари яратдим. Эл-юртга нафим тегяпти. Буни ҳис қилиб яшашнинг гашти бўлакча. Биласиз, туманимиз нафақат бой тарихи, ноёб ёдгорликлари, қадимий қадамжолари, балки бетакрор табиати билан ҳам сайёҳларни ўзига мафтун қилмоқда. Шуни инобатга олиб, Қизилқумга туташ ҳудудда экомаскан барпо этдик. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун чўлдан 33 гектар ер ажратилди. Бир миллиард сўм миқдоридаги сармоя ва халқаро ташкилот ажратган грант шу мақсад рўёбига сарфланди.

Бугина эмас, қарорга мувофиқ, «Саидкент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Зарафшон дарёси соҳил бўйи» дам олиш маскани барпо этиладиган бўлди. Шу мақсадда дарё қирғоқлари бетонлаштирилади. Усти ёпиқ тропик боғ, бассейн, кафе ва яхна ичимликлар дўконлари барпо этилади. Сўлим сайилгоҳга келадиганларга Wи-Фи хизмати йўлга қўйилади. Шу каби мақсадлар учун давлат бюджетидан 7,3 миллиард сўм, ташаббускор тадбиркорлар томонидан эса 12 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Яхши ният – ярим давлат

Маданият соҳасида фаолият кўрсатган меҳнат фахрийси Ражаб Авезов Ғиждувоннинг фаол зиёлиларидан. Уни давлатимиз раҳбарининг «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ижроси тақдимотига бағишланган тадбирда учратиб қолдик.

— Ҳадисда айтилганидек, амаллар ниятга боғлиқ, — дейди Ражаб ака. — Неча йилдирки, «Кошкийди, бизда ҳам файзли бир маскан барпо этилсаю, унда маданий-маърифий кечалар ўтказсак», деган ният, ўй бизга тинчлик бермасди. Негаки, Ғиждувон шу пайтга қадар маданият саройига ёлчиган эмас. Буни қарангки, Президентимизнинг ташаббуси билан кўп йиллик орзумиз ушаладиган бўлди. Боз устига бўлғуси марказ биносининг олд қисмини кўнгилочар масканга айлантириш учун 2,2 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, «Нурафшон» маданият ва истироҳат боғида аҳолига дам олиш, кўнгилли ҳордиқ чиқариш учун шарт-шароит яратиш мақсадида 10,8 миллиард сўм миқдорида сармоя сарфлаш кўзда тутилмоқда.

Халқимизда «Яхши ният – ярим давлат» дея айтилганича бор. Абдулхолиқ Ғиждувоний» ва Юсуф Ҳамадоний кўчаларининг жами 3,7 километри ҳамда Ф.Эшпўлатов кўчасидаги бир томонлама йўлнинг фойдаланилмаётган қисми туну кун фаолият юритувчи гастрономик, савдо-сервис ва туризм кўчаларига айлантирилади. »Денов» маҳалласи ҳудудида «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этиш лойиҳаси тайёрланган. Шу маҳалладаги 20 гектар майдонда эса саноат ва йирик хизмат кўрсатиш зонаси ташкил қилиниб, яшил энергияга асосланган, қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган бизнес лойиҳалар амалга оширилади. Бу зонани инфратузилма билан таъминлаш учун 2,8 миллиард сўм маблағ йўналтириш белгиланган.

Ана шундай хайрли, эзгу ишлар Ғиждувоннинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиради, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилайди. Уни янги имкониятлар марказига айлантиради. Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад эса одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига эришмоқдир. Зеро, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний бир тўртлигида ёзганидек:

Умр ўткинчидир, бўлгил беозор,

Қўлингдан келгунча қилгил неку кор.

Дунёда не эксанг, шуни ўрасан,

Яхшилик тухмин соч, бўлма бадкирдор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?