Ғиждувон тумани ҳудудига тарихда илк бор поезд кириб келди

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Тадбиркору ҳунармандлари, миришкор деҳқонлари билан танилган Ғиждувон тумани ҳудудида илк бор поезд ҳаракати йўлга қўйилди. Бунинг учун қўшни Навоий вилояти Қизилтепа туманидан «Барака» массивига қадар 32 километр масофада темир йўл тармоғи тортилди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2024 йилнинг 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига қилган ташрифи чоғида берилган топшириқлар асосида бунёд этилган мазкур темир йўл тармоғи туманимиз учун тарихий аҳамиятга эга, — дейди меҳнат фахрийси Самад Даминов. — У туман иқтисодиётини мустаҳкамлаб, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Негаки, «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонасига темир йўл воситасида тўғридан-тўғри кириб бориш имконияти юзага келди. Бу туманимиз аҳолисининг кўп йиллик орзуси эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, ушбу темир йўл тармоғи орқали ойига юздан зиёд вагонда юк ташиш имконияти мавжуд. Ишончли ва хавфсиз логистика тизимининг вужудга келиши тадбиркорларнинг юк ташишга сарфлайдиган харажатларини 25-30 фоизгача камайтиради.
Масаланинг иқтисодий жиҳатига алоҳида урғу беришимиз бежиз эмас. Шу пайтга қадар дейлик, қурилиш материали саналган цемент Қизилтепа темир йўл станциясидан 25 километр масофа йўл босилиб, юк машиналари воситасида ташиб келтирилмоқда. Икки вагон атрофидаги шундай юкни манзилга етказиб беришга чамаси 15-20 миллион сўм миқдорида пул сарфланяпти. Эндиликда эса харажат миқдори тахминан 4 миллион сўмни ташкил этади. Ғиждувонда Бухоро вилоятининг бошқа ҳудудларидагига қараганда тадбиркорлик субъектлари кўп эканлиги инобатга олинса иқтисодий самара миқдори салмоқли бўлиши янада ойдинлашади. Биргина юк ташиш харажатларининг ўзидан йилига 50-60 миллиард сўм иқтисодий самара кўрилади. Қолаверса, темир йўл тармоғи тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб этилишига, иш ўринларининг яратилишига, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини оширишга олиб келади. Қурилиш материаллари нархи нисбатан арзонлашади. Унинг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» массиви яқинида қурилгани ҳам «Инсон қадри учун» тамойилининг ҳаётдаги яққол ифодаси бўлди.
Темир йўл тармоғининг ишга туширилиши муносабати билан ўтказилган маросимда сўз олганлар ана шулар ҳақида тўхталиб, Ғиждувон учун янги имкониятлар эшиги очилганини таъкидладилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши неча фоиз экани маълум қилинди
- Президент Шайхонтоҳур туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида бўлди
- «Реал» бразилиялик юлдузини ашаддий рақибларидан бирига сотиб юбориши мумкин
- Мактаб ерини кўп қаватли уйлар қурилиши учун пулламоқчи бўлган мансабдорлар қўлга тушди
- Шавкат Мирзиёев Янги Камолон маҳалласида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди
- Долларнинг сўмга нисбатан қиймати янгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг