Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги муносабатлар қонун даражасида тартибга солинмоқда
Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу Қонун мамлакатимиздаги мавжуд сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва улардан ишончли фойдаланиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1688 та насос станцияси, 49 та ГЭС ва бошқа объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ фойдаланилмоқда. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни талаб қилмоқда.

Шу муносабат билан ушбу Қонунда гидротехника иншоотлари хавфсизлигининг асосий принциплари, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чет давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш масалалари ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, Қонун билан гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмачи ташкилотларнинг, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга доир асосий талаблар киритилмоқда. Хусусан, гидротехника иншоотларини бир вақтнинг ўзида (мувозий) лойиҳалаштириш ва қуриш, реконструкция қилиш тақиқланмоқда.
Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, тендер ёки танлов ҳужжатларида иштирокчиларга гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги амалий тажриба, қурилиш ускуналари, лабораториялар, машиналар ва механизмлар, шунингдек малакали мутахассислар мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабларни белгилаши шартлиги буюртмачи ташкилотнинг мажбурияти сифатида кўрсатиб қўйилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши махсус давлат назорати органининг масъулияти ва ваколати оширилиши, иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервациялаш ва тугатиш ишларида хавфсизлик бўйича назорат кучайтирилишига хизмат қилади.
Мажлисда савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.



Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг