«Геология музейи»нинг янги биносига пресс-тур ташкил этилди

Фото: "Халқ сўзи"
Куни кеча Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Геология фанлари университетининг «Геология музейи»га пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир давомида ОАВ ходимлари ва журналистлар музейнинг янги биноси, у ердаги экспонатлар билан танишди, музей, унинг тарихи, таълим ҳамда илмий фаолиятдаги аҳамияти ҳақида маълумотларга эга бўлишди.
«Геология музейи» тарихи 1926 йилдан бошланади. Дастлаб у бир хонани эгаллаган, аста-секинлик билан экспонатлар сони ошиб бориб, хоналар сони ҳам кўпайган. Геологлар иш жараёнларида тўплаган ноёб топилмаларни, тоғ жинсларини, минералларни олиб келишлари натижасида музей тўпламлари шакллана бошлади.
1976 йилда Ҳадра майдонида музей учун янги бино қурилиши режалаштирилди. 1987 йилда бино қуриб битказилган, 1988 йилдан бошлаб Геология вазирлигига қарашли «Илмий ишлаб чиқариш ва ўқув маркази» сифатида фаолият юритган. Илмий ишлаб чиқариш ва ўқув маркази мутахассислари томонидан мамлакатимиз ҳудудларида геологик изланишлар олиб борилган. Шу билан биргаликда ўқув маркази геология тармоғидаги корхона ва ташкилотлар, ўрта махсус таълим тизимига кирувчи геология ва унга боғлик мутахассисликлар бўйича таълим олаётган ўқувчилар, талабалар, кенг жамоатчилик учун таништирув машғулотлари ва экскурсиялар уюштирувчи марказ сифатида фаолият олиб борган. Шунингдек, турли хорижий компаниялар, делегациялар, чет эллик олимларга музей экспонатлари билан танишув ташкил этилган, геология тармоғи ютуқлари ва геологияга доир билимларни аҳоли орасида оммалаштиришда иштирок этилган.
Музей геология соҳасида билим олаётган талабаларга ўқув машғулотлари ўтилган. Бундан ташқари мактаб ўқувчиларига, талабаларга ва ташрифчиларга ерниинг пайдо бўлиши, ернинг ривожланиш тарихи, қуёш системаси, ер шари, тоғ жинслари, вулқонлар отилиши, зилзилалар, экология, қадимги ҳайвонот дунёси, палеонтология, ер ости ҳамда ер усти бойликлари ҳақида экскурсиялар ўтилган. Ёшларни геология соҳасига қизиқтириш, уларга ер ости ва ер усти фойдали қазилмаларини топишни ўргатиш мақсадида ўқувчилар ўртасида «Ёш геолог» олимпиадалари ўтказиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4740-сон Қарорининг қабул қилиниши соҳанинг янада ривожланишига замин яратди.
Жумладан, Давлат геология музейининг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида замонавий тажрибалар асосида барпо этилган ва халқаро талабларга мувофиқ жиҳозланган янги биноси фойдаланишга топширилди. Музейининг янги биносида бугунги замонавий музейлар талабларига жавоб берадиган барча имкониятлар яратилган. Музей экспозицияси янги концепция асосида ташкил этилган.
Ҳозирги кунда музейлар фаолияти тубдан такомиллашиб, ривожланиб бормоқда. Бу борада Давлат геология музейи ҳам муҳим натижаларга эришган, жумладан, бугунги кунда музей хазинасида 50 000 га яқин экспонатлар сақланади. Булар минераллар, тоғ жинслари, шлифлар, ноёб топилмалар ва бошқа топилмалардан иборат.
Музейда экспонат ва коллекцияларни сақлаш, уларни ўрганиш замонавий талаблар даражасида йўлга қўйилган. Бу ерда соҳа бўйича илмий изланишлар олиб бораётган геологлар ўзлари учун керакли бўлган маълумотлари олишлари мумкин. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ҳамда соҳага яқин олий ўқув юртлари талабалари ўз билимларини ошириб келмоқдалар. Бундан ташқари, музей экспозициялари орқали хорижлик меҳмонлар юртимизда геология соҳасида эришилган муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг табиий ресурслари ва эришилаётган натижалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга.
Давлат геология музейи чет эл музейлари, университетлар ҳамда Республика музейлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Шанхай фан ва технология музейи, Хитой геология музейи, Янгзи дарёсининг дельтасидаги табиий ва илмий музейлари альянси (альянс таркибига 8 та музей киради), Япониянинг Сукуба Университети, Словакиянинг Павл Ёзеф Шафрик номидаги университети шулар жумласидан.
2020 йилда Давлат геология музейига Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Давлат музейларининг тоифаларини белгилаш бўйича махсус комиссия мажлисининг қарорига асосан – «Олий тоифали» музей гувоҳномаси берилган.
Давлат геология музейи юртимизнинг бой табиий ресурсларини ўзида жамлаб жамоатчиликка кенг тарғиб қилади. Музейда халқаро ҳамкорлик ҳам яхши йўлга қўйилган бўлиб, бу унинг халқаро мавқейини ошиб бораётганлигининг исботидир. Музей экспозицияларида тоғ маъданлари ва минераллар, республикамиздаги мавжуд ва фаолият олиб бораётган конларнинг эталон коллекциялари мавжуд. Турли давлатлардан келган иқтисодчилар, сармоядорлар, сиёсий арбоблар Геология музейи экспозицияси билан танишиб, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг