Гарвард университети профессорлари Трамп маъмуриятини судга берди

14:11 15 Апрель 2025 Дунё
144 0

АҚШнинг Гарвард университети ўқитувчилари ҳамда профессорлари Доналдь Трамп маъмуриятини олийгоҳга босим ўтказишда айблаб, судга даъво аризаси киритди, деб хабар қилмоқда «Reuters» агентлиги.

Унда айтилишича, Трамп маъмурияти ўз сиёсий қарашларини олийгоҳга мажбуран сингдиришга уринмоқда. Агар университет раҳбарияти ушбу ҳаракатларга қарши чиқса ҳукумат олийгоҳни давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиш каби усуллардан босим сифатида фойдаланмоқчи. Шу боис Гарвард университети ўқитувчилари ҳамда профессорлари амалдаги Трамп маъмурияти устидан судга даъво аризаси киритган.

Маълумотларга кўра, Трамп маъмурияти мазкур олийгоҳга ўз сиёсий қарашларини мажбуран сингдиришга уринишлари фонида, Гарвард университетига давлат грантлари ҳамда шартномалар кўринишида тақдим этилган 9 миллиард долларга тенг маблағлар сарфини ўрганиш учун текширувлар бошлаб юборилган.

Жумладан, бир вақтнинг ўзида университетни молиявий тафтиш қилиш учун Таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда АҚШ Бош хизматлар бошқармаси текширув бошлаган.

Университет раҳбарияти ушбу тафтиш ишлари ҳукумат томонидан босим ўтказиш учун қилинаётганини таъкидлаб, судга даъво аризаси киритиш учун етарлича асосга эга эканлигини маълум қилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 31 март куни Вашингтондан Гарвард университетига расмий хабар юборилган. Унда, олийгоҳни молиявий қўллаб-қувватлашда давлат томонидан ажратилаётган маблағлар тўхтаб қолмаслиги учун амалга оширилиши шарт бўлган бир қатор талаблар кўрсатиб ўтилган.

Ушбу талаблар рўйхатида турли намойишлар давомида ниқоб тақишни тақиқлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда инклюзив дастурларини қисқартириш талаблари ҳам киритилган.

Гарвард университети ўқитувчилари ва профессорлари ушбу талабларни олийгоҳ сиёсатига таъсир ўтказишга уриниш ҳамда сўз эркинлигига тўғридан-тўғри аралашиш, дея ҳисоблашини айтиб, Трамп маъмурияти устидан судга даъво аризаси киритганини маълум қилган.

Маълумот учун, Гарвард университети дунёдаги энг машҳур ва нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланиб, 1636 йилда ташкил этилган. Мазкур олийгоҳ бакалавр ҳамда магистратура босқичларида таҳсил олувчи 20 мингдан ортиқ талабаларга таълим беради ва илмий изланишлар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?