Гаровдаги экскаватор нега яширилган эди?
Фото: “Халқ сўзи”
Бугунги кунда тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит маблағлари хўжалик юритиш субъектларида иш юритиш, шунингдек, жисмоний шахсларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишида молиявий имкониятнинг қулай турига айланган. Бироқ, олмоқнинг бермоғи бор, банкдан олинган қарз вақтида қайтарилмоғи керак. Акс ҳолда ўртадаги ишончга путур етади.
Афсуски, кейинги пайтларда худди шундай ҳолатлар кузатилиши кўпаймоқда. Амалда бундай пайтда Мажбурий ижро бюроси ходимлари банкларга ёрдамга келишади. Наманган вилоятида ҳам ўз вақтида қайтарилмаган кредит маблағларини банклар фойдасига ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Таҳлилларга кўра, шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувида банкларда кредит олишда гаров сифатида қўйилган, бироқ яшириб қўйилган 402 та транспорт воситалари борлиги аниқланган. Қисқа муддат ичида уларнинг 41 таси топилиб, хатлаш чоралари кўрилди.

Масалан, шартномага кўра “Универсал банк”нинг Чуст туман филиали “Заркент дур тош конлари” масъулияти чекланган жамиятига ажратган кредитнинг қайтарилиши қийин кечди. Корхона мутасаддилари бу ишни пайсалга солавергач, масала судгача бориб етади ва 1 млрд. 228 млн сўм миқдордаги кредитни мажбурий тартибда ундириш тўғрисида қарор чиқарилиб, ундирувни гаровга қўйилган “Hyundai Robex 140W “ экскаваторга қаратилади. Бироқ, эпчил мутасаддилар бу техникани қаерларгадир беркитиб қўйишган экан. Лекин, экскаватор нина эмаски, изсиз йўқолиб кетаверса. Олиб борилган тадбирлар давомида жамият томонидан яшириб қўйилган экскаватор топилиб, ўрнида хатланди.
— Бундай ҳолатларнинг олдини олишда ходимларимиз синчковлик билан иш олиб боришяпти,—дейди МИБ вилоят бошқармасининг масъул ходими Соҳибжон Рапиқов. — Айни пайтда Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида иш юритувида бўлган 466 та, 73,6 млрд. сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича автотранспорт воситаларини қидириш ва жарима майдончасига тортиш чоралари кўрилмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг