Футболдаги «паненка» услуби қандай пайдо бўлганди?
Яқинда бўлиб ўтган Африка кубоги финал баҳсида Сенегал миллий жамоаси дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгиланди. Тўп олдига Марокаш терма командаси шарафини ҳимоя қилаётган Браҳим Диас келди. Айтиш керакки, бу ҳар икки жамоа учун ҳам, мухлислар учун ҳам ўта ҳаяжонли дақиқа эди.Бироқ Диаснинг пенальтини « паненка» услубида амалга оширишини ҳеч ким кутмаганди.
Шу ўринда табиийки, бу услуб қандай пайдо бўлганди, деган савол туғилади.
Унга жавоб бермоқ учун олис 1976 йилга қайтишга тўғри келади. Ўшанда Европа чемпионати илк бор плей-офф тизимида ўтказилган, мағлуб жамоа турнирдан чиқиб кетарди. Собиқ Чехословакия ҳамда ГФР терма жамоалари ўртасида Белградда кечган финал баҳси драматик лаҳзаларга бой бўлганди. Немислар учрашувнинг 25-дақиқасига келиб 2:0 ҳисобида ютқазишаётганди. Аммо улар асосий вақт тугаёзган паллада ҳисобни тенглаштиришди. Қўшимча бўлимларда гол киритилмагач, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Томонлар дастлабки учала тўпни дарвозага бехато йўллашди. Немис футболчиси Ули Хённес берган тўртинчи зарба эса дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
Ҳал қилувчи пенальтини тепмоқ эса чехословакиялик Антонин Паненка зиммасига тушди. Кутилмаганда у тўпни парашют тарзида дарвоза марказига оҳиста йўллаб қўя қолди. Ўша кезда дунёнинг энг кучли посбонларидан саналган Зепп Майер эса бу пайтда зарбани бартараф этмоқ учун дарвозанинг чап томонига ташланган эди.
— Зееп Майер бу вазиятни яхши қабул қилган, деб ўйламайман, — деганди кейинчалик Антонин Паненка. — У ўзини жуда ноқулай ҳис этди. Эсласа, эҳтимолки, ҳалигача шу ҳис гирдобида қолади. Исм-шарифимни эшитиш назаримда, унга у қадар ёқмайди.
Айни дамда 77 ёшни қоралаган, ўз мамлакатида 1980 йилда «Йил ўйинчиси» деб топилган Европа чемпиони Паненка ўз интервьюларидан бирида ўша кезларда чехословак футболини Европада кузатиб боришмаганини, бу ҳам унга қўл келганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, пенальтини катта тезликда югуриб келган ҳолда бажараётганда ўйинчи посбонни жуссаси билан чалғитади, дарвозабон тўпни қайтаришга улгуриш учун кўпинча ўзини жон ҳолатда чап ёки ўнг томонга ташлайди. Бу эса футболчига тўпни айёрона тарзида шунчаки ташлаб қўйиш имконини беради.
Паненканинг ўшанда шу тариқа зарба йўллаганини ҳар ким ҳар хил талқин этганди. Дейлик, ГФР терма жамоаси сардори Франц Беккенбауэр ҳақиқий чемпионгина шундай зарба беришга қарор қилиши мумкинлигини айтганди. Чехославакия терма жамоаси дарвозабони Иво Виктор эса «Ўйин якунидаги менинг хатом туфайли немислар ҳисобни тенглаштиришмаганида ҳозир ҳеч ким Паненкани билмасди», дея ҳазиллашганди.
Бундай гап-сўзлар орасида футбол қироли Пеле билдирган фикр назаримизда, ҳаммасидан ошиб тушган. «Пенальтини шу тариқа тепадиган киши ёки даҳо, ёки ақлдан озган бўлиши керак» деганди афсонавий футболчи.
Нима бўлганида ҳам, 11 метрли жарима тўпини дарвозабонни чалғитган ҳолда парашют тарзида амалга ошириш футбол тарихига «паненка» услуби сифатида муҳрланди.
Яна сўзимиз бошида тилга олинган ҳаяжонли лаҳзага қайтамиз. Марокаш терма жамоаси аъзоси Браҳим Диас 11 метрли жаримадан тўпни дарвоза марказига қараб оҳиста тепди. Бироқ сенегаллик посбон Эдуар Менди чалғимади. Тўпни турган жойида осонлик билан эгаллаб олди. Ваҳоланки, Диас гол киритганида мезбон жамоа – Марокашнинг Африка кубогини қўлга киритиши эҳтимоли ошарди. Якунда эса биласиз, омад сенагалликларга кулиб боқди. Улар кубокни бошлари узра кўтаришди.
Айтмоқчи, яқинда «паненка» услубининг ижодкори Антонин Паненка Диас йўллаган ўша тўпга ўз муносабатини билдирди.
— Шу зарбани маромига етказиш учун икки йил давомида машқ қилишимга тўғри келганди, — деди у. — «Богемианс Прага» жамоасидаги сафдошим билан машғулотлардан сўнг қолиб пенальтини қандай қилиб тепиш устида ишлардим. Ўша дарвозабон билан кўпинча бир қути шоколадни гаровга қўйиб машқ қилардик. Диасга келсак, назаримда, у пенальтини мендақа амалга оширишга етарлича тайёргарлик кўрмаган. Тўпни бу усулда тепиш унинг хаёлига тўсатдан келган. Оқибатда дарвоза ишғол этилмай қолди.
Собиқ футболчининг бу сўзлари ҳар бир гол машғулотлардаги машаққатли меҳнат маҳсули эканини тасдиқлайди. Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов каби маҳоратли «чарм тўп» усталари изидан бориб, Европа майдонларида тўп суриш орзусида бўлган ёш футболчиларимиз буни асло унутмасликларини истардик.
Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг