Ўзбекистонда Рамазон ойи 19 февралдан бошланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ўзаро аҳиллик, саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойи халқимиз қалбига янада яқин ва мўътабар айёмга айланмоқда.
Ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётган Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
1. 2026 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 февраль кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимизда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширсин.
“Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида:
(а) кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
(б) маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш;
(в) ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш;
(г) Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор берилсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг