«Футболдаги математика»: Ўзбекистон миллий терма жамоаси муддатидан аввал мундиал йўлланмасини қўлга киритиши учун нималар рўй бериши керак?

02:39 23 Март 2025 Спорт
461 0

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкин. Мундиал йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳамюртларимиз олдинда турган уч ўйинда максимал очко йўқотмасликлари керак бўлади. Айни пайтда гуруҳдаги энг яқин таъқибчимиз БААдан 6 очкога илгарилаб кетганмиз. Бироқ, бу хотиржамликка берилишга сабаб бўла олмайди.

Қуйида қай ҳолатда Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиши мумкин, кўриб чиқамиз.

Айни вақтда «А» гуруҳида 19 очко жамғарган Эрон терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги, иккинчи поғонада 16 очко билан Ўзбекистон терма жамоаси ўрин олган. БАА ҳамда Қатар терма жамоаларида 10 очкодан, бешинчи ўриндаги Қирғизистонда 3, Шимолий Кореяда эса 2 очко мавжуд.

Ҳал қилувчи саралаш босқичининг якунигача Миллий терма жамоамиз яна учта, фаворит мақомидаги терма жамоалар, яъни Эрон ҳамда БААга қарши сафарда, сўнгги турда эса Қатарни қабул қилади. Бизнинг энг яқин таъқибчимиз БАА эса, нисбатан кучсиз бўлган жамоалар, яъни Шимолий Корея ҳамда Қирғизистонга қарши сафарда, Ўзбекистон билан эса ўз майдонида куч синашади. Хавотирлиси ҳам шунда. БААда олдиндаги ўйинларда максимал очко олиш имконияти юқорироқ. Бизда эса аксинча, кучли жамоаларга қарши саф тортамиз.

Ўзбекистон терма жамоаси олдинда турган уч ўйинда ҳам мағлубиятга учраб, мундиал йўлланмасини қўлга киритиши мумкин. Агар...

Бунинг учун БАА ҳамда Қатар бизни мағлуб қилишсада, қолган жамоалар билан дурангга имзо чекишлари кифоя. Шунда БАА ва Қатар ҳисобида 15 очко, Ўзбекистонда эса 16 очколигича қолади ва терма жамоамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритади.

Вазиятнинг ёмон сценарийларига ҳам тайёр туриш керак.

Ўзбекистон ўз уйида Қатарни мағлуб қилса ҳам ЖЧга тўғридан-тўғри чиқа олмаслиги мумкин. Миллий жамоамиз фақатгина Қатарни ютиб, қолган ўйинларда имкониятни бой берса 19 очкога эга бўлади. БАА олдиндаги уч ўйиннинг барчасида зафар қучса тўплар нисбатига кўра гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилиб олишлари мумкин.

Қатар терма жамоасида ҳам вазият бироз оғир.

Улар 9 турда Эронни қабул қилишади. 8 турда Эрон Ўзбекистон билан дуранг қайд этса ҳам, 20 очко жамғариб ЖЧ йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритади. Натижада эронликлар Қатар билан бўладиган баҳсда асосий кучидан фойдаланмаслиги мумкин. Бу эса Қатарнинг Эрондан 3 очко олиш имкониятини оширади. Шу тариқа ҳал қилувчи охирги турда Қатар ҳамда Ўзбекистон ўртасида ЖЧга чиқиш йўлланмаси учун «ҳаёт-мамот» баҳси бўлиши мумкин.

Шундай экан, миллий жамоамиз мундиал йўлланмасини муддатидан аввал ҳал қилиши учун Эрон ҳамда БАА билан сафардаги ўйинларда очко олишлари шарт бўлади. Акс ҳолда, сўнгги турда Қатар устидан ўта йирик ҳисобда ғалаба қозонишимизга тўғри келиши шубҳасиз.

Ўзбекистон терма жамоаси 25 март куниёқ мундиал йўлланмасини расмийлаштириши мумкин.

Бу гуруҳдаги бошқа ўйинларга ҳам боғлиқ. Масалан, БАА ҳамда Қатар терма жамоалари навбатдаги баҳсда дуранг қайд этишса ва биз Эронни сафарда таслим қилсак ЖЧ йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритамиз. Сабаби, бизда 19 очко, Қатар ҳамда БААда 11 очкодан бўлади. Таъқибчиларимиз қолган икки ўйиннинг барчасида ғалабага эришса ҳам, 17 очко жамғаришади холос.

Агар БАА ҳамда Қатар 8 турда мағлуб бўлишса, терма жамоамизни Эрон билан бўладиган баҳсда дуранг ҳам қониқтиради. Ҳар икки ҳолатда ҳам миллий жамоамиз расман мундиал йўлланмасини ҳал қилишади.

Маълумот учун, ҳамюртларимиз 25 март куни Эрон терма жамоаси меҳмони бўлишади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.

Айни шу куни Қирғизистон ўз уйида Қатар терма жамоасини қабул қилади. Бирлашган араб амирликлари эса Шимолий Корея меҳмони бўлади.

Ўзбек футбол ихлосмандлари орзиқиб кутаётган мундиал йўлланмасини қўлга киритиш учун олдинда кутиб турган муҳим баҳсларда миллий терма жамоамизга омад ва зафарлар тилаймиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?