Фурқат туманини «оғир» тоифадан чиқариш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб олинди

09:45 09 Февраль 2026 Жамият
234 0

Жорий йилда Фурқат туманини «оғир» тоифадан чиқариш мақсадида кенг кўламли, ҳаётбахш дастурларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз раислигида 23 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиздаги 37 та «оғир» туман бўйича аниқ ва манзилли вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Фурқат туманида ҳам аҳоли даромадини ошириш, юқори даромадли янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Ушбу вазифалар ижросига бағишланган Халқ депутатлари Фурқат туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, туман депутатлари, шунингдек, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Сессия кун тартибига мувофиқ, Фурқат тумани ҳокими Элёрбек Асронқулов белгиланган устувор вазифалар юзасидан туман аҳлига мурожаат қилди. Унда тумандаги 34 та маҳаллани янгича ёндашувлар асосида жадал ривожлантириш режалаштирилгани, ҳудудий инвестиция дастури доирасида саноат соҳасида 79 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 65 та ҳамда қишлоқ хўжалигида 36 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилаётгани таъкидланди. Шунингдек, бўш турган бино ва ер майдонларини тадбиркорларга бериш, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви асосида тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

— Бугунги кунда 219 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар пакети шакллантирилган бўлиб, 140 миллион долларлик 9 та лойиҳа бўйича истиқболли келишувларга эришилди, — деди Э. Асронқулов. — Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан 238,2 миллиард сўм ажратилиб, 672 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 2 минг 20 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилади. Хусусан, «Янги Ўзбекистон» қиёфасини шакллантириш режалаштирилган 5 та маҳалла учун 46,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Умуман олганда, амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар доирасида тумандаги барча маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий фаолликни ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсад қилинган.

Сессияда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, ҳар бир лойиҳа ижроси чуқур таҳлил қилиниши, ишлар аниқ режа ва манзилли ёндашув асосида амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ажратилаётган маблағлар реал самара бериши, аҳоли даромади ва бандлигига хизмат қилиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, сессия давомида туманда тадбиркорликни ривожлантириш, ташаббускор тадбиркорларнинг лойиҳа ва таклифларини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ ва устувор вазифаларни белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?