Фуқаролик жамиятининг мустақиллиги ва давлат билан ҳамкорлиги: янги қонун муҳокамада

17:40 15 Март 2025 Жамият
256 0

Ўзбекистон Республикаси парламентида фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, давлат органлари билан муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ушбу ташаббус мамлакатда демократик қадриятларни ривожлантириш, жамоатчилик назорати таъсирчанлигини ошириш ва фуқаролик жамияти институтларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Янги қонун лойиҳасига мувофиқ, ННТлар фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларини олдини олиш мақсадида давлат органларининг мансабдор шахсларига маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Бундай чора-тадбирлар ННТлар фаолиятининг қонуний кафолатларини таъминлашга, уларнинг мустақил ва самарали ишлашларига замин яратади. БМТнинг «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти», шунингдек, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ОДИҲР) томонидан ҳам ННТлар фаолиятига ноқонуний аралашувнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланган. Европа Кенгашининг «Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялари» ҳам давлат органларининг ННТлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги ва уларнинг мустақиллигини ҳимоя қилишини талаб қилади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси давлат идораларининг фуқаролик жамияти институтлари билан муносабатларини кучайтириш, жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш ва жамоат ташкилотларининг ижтимоий шерик сифатидаги ролини мустаҳкамлашни назарда тутади. Хусусан, давлат органлари томонидан жамоатчилик назорати натижалари асосида қабул қилинган якуний ҳужжатларни белгиланган муддатда кўриб чиқиш мажбурияти белгиланмоқда. Ушбу талабга амал қилмаган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари жорий этилади. Бу эса, ўз навбатида, давлат бошқарувининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтларининг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ишончли ҳамкор сифатида давлат бошқарувида иштирокини кенгайтиришга имкон яратади. Бунинг натижасида жамоатчилик фикри давлат сиёсатида кенгроқ акс этиши, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлиги ошиши, фуқароларнинг давлат бошқарувига бўлган ишончи мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, янги қонун жамоатчилик назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини жорий қилиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида конструктив мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга йўл очади. Бундай ҳуқуқий кафолатлар нафақат фуқаролик жамияти институтларининг мустақиллигини таъминлайди, балки уларнинг аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини ҳам кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини янада фаоллаштириш, жамоатчилик фикрининг давлат сиёсатини шакллантиришда инобатга олинишини таъминлаш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва мамлакатда очиқлик ҳамда шаффофлик тамойилларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Бундай ташаббуслар Ўзбекистонда демократик институтларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Элдор Туляков,

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?