Фуқаролар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоялашнинг замонавий механизмлари

18:53 11 Февраль 2026 Жамият
332 0

Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири — бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари билан муносабатларда ўзини ишончли ва ҳимояланган сифатида ҳис этиши билан боғлиқ. Шу маънода, сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш борасида муҳим қадамлар ташланди.

Ўз навбатида, бугун давлат бошқаруви жараёнларининг кенгайиши ва тадбиркорлик фаолиятининг фаоллашуви маъмурий суд ҳимоясини янада самарали, очиқ ва адолатли қилишни тақозо этмоқда.

Кейинги йилларда фуқароларнинг ҳамда тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари, янги имкониятлари тақдим этилди. Бу ҳақда сўз кетганда, айрим муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 январда «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат суд ҳимоясини формал ҳуқуқ сифатида эмас, балки инсон қадрини таъминловчи, адолатни тикловчи ҳамда ишончли кафолатга айлантиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Қолаверса, суд орқали ҳимояни ҳақиқий, самарали ва очиқ механизмга айлантириш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг давлат органлари билан муносабатларида адолатни таъминлашга қаратилгани билан ҳам алоҳида ўрин тутади.

Бундан ташқари, ҳужжатда давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини кучайтириш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мослаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш жараёнларини соддалаштириш, суд қарорларининг ижросини таъминлашга қаратилган долзарб вазифалар ҳам белгиланган. Бу эса инсон қадрини улуғлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат бошқаруви жараёнларининг кенгайиши, маъмурий қарорлар таъсир доирасининг ортиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари билан муносабатларини янада мураккаблаштирмоқда. Шу боис бундай муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини амалга ошириш муҳим ҳисобланади.

Юқоридаги ҳужжат давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан норози бўлган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун суд ҳимоясини ҳақиқий кафолатга айлантиришни мақсад қилади. Айниқса, маъмурий-ҳуқуқий муносабатларда шахс давлат билан «тенгсиз» ҳуқуқий ҳолатда бўлиши инобатга олинган ҳолда, суд ҳимоясининг самарадорлиги алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, қарорда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорларни давлат ҳокимиятининг ортиқча аралашувидан ҳимоя қилувчи асосий институт сифатида намоён бўлади. Европа давлатлари, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатлар тажрибасида маъмурий одил судлов фуқаро ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ишончини таъминловчи муҳим омил сифатида шаклланган. Шундай экан, Президентимиз қарори ана шу илғор тажрибани миллий ҳуқуқ тизимига босқичма-босқич жорий этишда кенг имкониятларни тақдим этади. Бу эса маъмурий судларнинг фақат низоларни ҳал қилувчи орган сифатида эмас, балки давлат бошқаруви фаолиятида қонун устуворлигини таъминловчи муҳим институт сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Маъмурий судларнинг вазифаларидан бири — давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини амалга оширишдир. Бу назорат фақат даъвогарнинг далилларини эшитиш билан чекланиб қолмаслиги керак, албатта. Шу сабабли, давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида шахсан ёки вакили орқали иштирок этиши масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий судлардаги самарали ҳимоя иқтисодий эркинликнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Давлат органларининг ноқонуний қарорлари, текширувлар ёки маъмурий санкциялардан ҳимояланиш имконияти инвестицион муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм яратилди.

Гап шундаки, дастлабки эшитув, аввало, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш босқичини тизимли ва мазмунли қилишга қаратилган. Ушбу босқичда даъво талабларининг аниқ мазмуни белгилаб олинади ҳамда давлат органи қарорининг ҳуқуқий асослари текширилади. Шу билан бирга, тарафлар тақдим этадиган далиллар кўлами аниқланади. Натижада, асосий суд муҳокамаси чуқур, аниқ ва ортиқча расмиятчиликсиз ўтказилади.

Амалиётда маъмурий ишлар кўп ҳолларда далиллар етишмаслиги, тарафлар позициясининг ноаниқлиги сабаб чўзилиб кетади. Дастлабки эшитув жорий этиладиган бўлса, ишни қайта-қайта қолдириш, қўшимча далил сўраш ва процессуал хатоларга йўл қўйиш каби ҳолатлар камаяди. Бу эса суд ишларини оқилона муддатда кўриб чиқиш принципини таъминлайди. Бундан ташқари, дастлабки эшитув тарафлар учун ўз позициясини эрта босқичда баён этиш имконини яратади. Айниқса, бундан фуқаролар ва тадбиркорлар давлат органининг позициясини олдиндан билиш, ўз далилларини тўлиқ шакллантириш ҳамда ҳуқуқий ёрдамни самарали ташкил этиш имкониятига эга бўлади. Бу эса маъмурий суд иш юритувида тортишувчанлик принципини амалда таъминлайди. Дастлабки эшитувда давлат органи вакили қарорнинг қонунийлигини асослаб бериши талаб этилади. Натижада мансабдор шахснинг ўзи ёки вакили маъмурий қарорлар қабул қилишда масъулият билан ёндашишга мажбур бўлади.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг 11 ойида республика маъмурий судлари томонидан жами 16 305 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 14 444 таси ёки 88,5 фоизи давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорини ёки ҳаракатини қонунга хилоф, деб топиш ҳақидаги талабларга асосланган. Жами кўрилган ишларнинг 6 532 таси (41 фоизи) юзасидан аризачининг фойдасига қарорлар қабул қилинган бўлса, 6 717 та (42 фоиз) иш бўйича арз қилинган талаблар рад этилган. Дастлабки эшитув институтининг киритилиши ушбу рад этилган мурожаатлар сонини камайтиришга, ортиқча харажатлар ҳамда вақт йўқотишни олдини олишга хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда фуқаролар ва тадбиркорлар ишончининг суд орқали ҳимоя қилиниши принципини қўллаш масаласида янгича ёндашувни таъминлаш учун қатор амалий ишларни амалга оширмоқда.

Энг асосийси, давлат органи ҳужжатининг қонуний кучига ишониб фаолият юритган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ишончини ҳимоя қилиш учун мазкур ҳужжатнинг кейинчалик бекор қилиниши ушбу шахснинг ўз мулкидан маҳрум бўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар олиб келмаслигига оид қоидаларни қонун доирасида белгилаш бўйича ҳам ўз қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан фойдаланмоқда.

Қисқаси, соҳада барча саъй-ҳаракатлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини амалда таъминлашга қаратилгани, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Шахноза АХАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Одил судлов соҳасидаги

қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти Фуқаролик, иқтисодий

ва маъмурий қонунчиликни таҳлил қилиш бўлими бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?