Фермерларга сув тежовчи технология жорий этгани учун субсидия берилади
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Зарафшон дарёси Самарқанд вилоятининг ягона сув манбаи ҳисобланади. 340 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонларининг ҳосилдорлиги шу дарёдан келадиган сувга боғлиқ. Сув сарфининг кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, ҳар йили 7-10 фоизга камайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Каттақўрғон ва Оқдарё сув омборлари ҳам Зарафшон дарёсидан тўлдирилади. Агарда дарё кескин камайса, сув омборларига сув жамғариш имконияти бўлмайди. Уларнинг қуриш хавфи юзага келади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилганди.
Қарорга асосан, “Aгробанк” AТБ томонидан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича шаффоф онлайн кредит ажратиш имконини берувчи “suvkredit.uz” электрон тизими ишлаб чиқилиб, 2024 йил 1 февралдан ишга туширилди. Ушбу платформа орқали 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоиз миқдорида онлайн кредитлар ажратилмоқда.
— Фермер хўжаликларига кредит олиш жараёнида гаров таъминоти мажбурияти бекор қилингани айни муддао бўлди, — дейди Самарқанд вилоят сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Юсупов. — Қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланди. Жорий йилда 10,1 минг гектар майдонда томчилатиб, 3,2 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 3,2 гектар майдонда дискрет, 8,3 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизими ва эгатга плёнка тўшаб суғориш тизими жорий этилди. 23,1 минг гектар майдонни лазер ускунаси орқали текислаш ишлари амалга оширилди. Бу орқали ўртача 61 миллион метр куб сув тежалишига ва иқтисод қилинган сув ҳисобига 18 минг гектар майдондаги такрорий экинларни сув билан таъминлаш имконияти яратилди.
Келгуси йилда сувни тежовчи суғориш технологияларини жорий этган фермер хўжаликлари ва агрокластерларга давлатимиз томонидан бир қатор имтиёзлар қўлланилади. Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга технологиянинг сифат кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда субсидия маблағлари ажратилади. Бунда улар беш йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди. Сув ҳисоблагич қўйилганда сув солиғидан 30 фоиз имтиёз берилади.
Пахта-ғалла ва мева-сабзавот етиштирувчиларга сув тежовчи технологиялар учун субсидия маблағларининг ажратилиши ҳосилнинг янада юқори бўлишига замин яратади. Бу фермер хўжаликларининг даромадини оширади. Бозорларимиз тўкин бўлади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб, хорижга экспорт қилиш имкони кенгаяди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг