Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича янги ёндашувлар муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда аҳоли хавфсизлиги азиз неъмат сифатида муҳофаза қилинади. Турли хатарлар пайдо бўлаётган ҳозирги замонда фавқулодда вазиятлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш зарурати туғилмоқда.
Соҳада 30 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани билан ҳалигача фавқулодда вазиятлар муҳофазаси бўйича комплекс дастур йўқ. Бундан 16 йил олдин қабул қилинган “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун ҳам эскирган.
Шу боис, фавқулодда вазиятларни олдиндан баҳолаб, тезкор ва проактив ишлайдиган тизим яратиш вазифаси қўйилган.
Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги таҳлил натижалари, мавжуд муаммолар ва таклифларини баён қилди.
Ҳозир фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари асосан давлат идораларида амалга ошириляпти. Лекин бундай ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонларида носоз, муддати ўтган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш, хавфсизлик маданиятига риоя қилмаслик оқибатида юзага келяпти.
Шунинг учун тизим ишини маҳаллаларда ташкил этиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар билан ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва хонадонни қамраб олиши зарурлиги таъкидланди.
Соҳада рақамли технологиялар ва замонавий техник воситалардан фойдаланиш даражаси анча паст, бу борадаги ишлар ханузгача замон талабларига мослаштирилмаган.
Шу боис, соҳада рақамли инфратузилма яратиш, фавқулодда вазият ҳақида хабар беришдан бошлаб, уни тўлиқ бартараф этишгача бўлган ҳамма жараёнларни рақамлаштириш, шунингдек, янги ишлаш механизмларини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.
Фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф қилиш учун замонавий техника ва жиҳозларни кўпайтириш, уларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча тармоқлар трансформация бўляпти, қурилиш индустрияси ўзгармоқда. Ҳамма соҳаларда “яшил” технологиялар кенг жорий қилинмоқда. Улар орқали юзага келиши мумкин бўлган янги турдаги техноген хавфларни баҳолаб, олдини олиш учун замонавий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратиш долзарблиги қайд этилди.
Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида дуал таълимни йўлга қўйиш ва малака ошириш марказини ташкил этиш, профессионал қутқарувчиларни тайёрлаш, ўқитиш ва илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг