Фарзандлар камоли бугунги фаровон ҳаётимиз ва ёруғ келажагимиз пойдевори

10:20 19 Сентябр 2025 Сиёсат
80 0

Юрагимизнинг энг тубида нодир гавҳардек асраб юрганимиз Ватан бизга тил-забон берди, ақл-идрокли қилди, тафаккуримизни чархлади, миллий эътиқодимизни тарбиялади. Шунинг учун ҳам Ватан — энг улуғ туйғу ва у онадек қадрли ҳамда муҳтарам.

Ўзбекистонимизда энг улуғ, энг азиз айём зўр тантана сифатида нишонланди. 1991 йилда туғилган фарзандлар бугун 34 баҳорни қаршилади. Келинг, ёшларимизнинг биз барпо қилаётган янги Ўзбекистонни қуришга қўшаётган ҳиссаси ва учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида фикр юритайлик. Юртимизнинг жаҳонда маълуму машҳур бўлиб бораётганида, албатта, илмга интилувчи, маънавиятли ва шижоатли ўғил-қизларимизнинг ҳам ҳиссаси беқиёс.

Меҳр улашаётган бола

— Олинг, амаки, ҳаётингиз ширин бўлсин!

Нотаниш бола қўлидан ширинликни олиш баҳонасида, у билан танишишга ҳам улгурдик. Элёр Нуриллаев Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги Тинчлик маҳалласидан экан. Шу йил мактабни битириб, Тошкент шаҳридаги “Миллат умиди” халқаро университетига ўқишга қабул қилинибди. У университетда инглиз тилини янаям мукаммал ўрганиш учун ўқишга кирибди.

Айтмоқчи, “Келгусида ким бўлмоқчисан?” деб сўраганимизда, унинг “Миллатнинг умиди бўлмоқчиман”, деган жавоби кўнглимизни тоғдек юксалтирди. Кейин у бироз ўйланиб турди-да, ким бўлишимдан қатъи назар, элга нафим тегадиган одам бўлмоқчиман, деди. Ва нега одамларга ширинликлар ҳадя қилиб юрганининг сабабларини изоҳлашга тушди.

— Мен ширинлик улашиб, халқимиз юзида, озгина бўлса-да, табассум уйғотишни истайман, — дейди у. — Элнинг қувончи биз каби ёшларнинг қувончи-да. Одамлар қалбидаги байрамона шукуҳга менинг ҳам камтарона ҳиссам қўшилса, дейман. Ширинликлар — меҳр рамзи. Ахир бир-биримизга меҳр улашишдан ҳам улуғ нарса борми? Меҳр шу жонажон ўлканинг сувини ичган ҳар бир киши юрагини илитса, шу эмасми оқибат?

Элёрнинг ортидан қараб қолдик. У йўлида учраган ҳар бир кишига ширинликлар улашар, ҳадяни қабул қилиб олган одамлар юзидаги табассум эса ниҳоятда гўзал эди...

Биз доим ёшлар ҳақида гап кетса, салбий фикрларни қалаштириб ташлаймиз. Қулоғида “наушник”, қўлида телефон, китоб ўқимайди, кексаларнинг гапига қулоқ солмайди, деймиз. Аслида эса ўғил-қизлар орасида Элёр каби инглиз тилини мукаммал биладиган, шу билан бирга, маънавиятни, маданиятни, миллий қадриятларни унутмаган, юрт эртасига дахлдорлигини юракдан ҳис қиладиган фарзандларимиз жуда кўп.

Дарвоқе, бугун ўғил-қизларимиз орасида чет тилларини ўрганишга қизиқиш ошиб боряпти. Бу дунё билан интеграциялашиб бораётганимиз ва ўзбек ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини кўрсатадиган омиллардан биридир. Биргина мисол, сўнгги уч йилда тил ўрганаётган йигит-қизлар сони 2 миллион нафардан ошгани уларнинг зеҳни ўткир ва қобилиятли эканидан далолат бериб турибди. “IELTS” имтиҳони — тил ўрганишнинг муҳим мезони. Бу имтиҳондан юқори балл олган ёшларимиз сони 5 карра ошгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Биласизми, юртимиздаги ёшлар сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилаётгани кишини бир қувонтирса, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар — 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олгани кўнгилларни янада ўстиради...

Эл-юрт умидлари рўёби

Илмга чанқоқлик — бугунги ёшларимизга хос энг улуғ фазилатлардан бири. Фарзандларимиз қалбида ўқишга, илмли бўлишга иштиёқни уйғотаётган омил юртимизда таълим-тарбияга эътибор ниҳоятда кучаяётгани, давлат томонидан рағбат ва қулайлик яратилаётгани, десак, муболаға эмас. Айтайлик, аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги етти йилда 2 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлди.

Ахир дунёнинг манаман деган университетларида қоракўзларимизнинг ажнабий тилда бурро-бурро гапириб, зўр талаба бўлиб ўқиётгани ҳар биримизда Қурур уйғотиши баробарида ота-оналар ўз фарзандини улар қаторида кўришни истаётгани ҳам бор гап. Демак, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда таҳсил олаётган фарзандларимиз сафи келгусида янада кўпайиши турган гап. 110 минг нафар ўғил-қизимиз хориждаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани истиқлол берган ширин мевалар, десак, сира хато бўлмайди.

Мавриди келганда бир эслайлик, ҳув, ўша боболаримизнинг боболари хорижга ўқишга борганида бошига не-не кулфатлар тушгани ҳалиям юракларни зириллатади. Миллатнинг ойдинлари юртни тараққий эттириш учун илмли кадрларга эҳтиёж сезилаётганини англаб, ўша пайтда “Кўмак” уюшмасини тузиб, маблағ тўплаб, қоракўзларни Германияга ўқишга юборишган. Афсуски, улар таҳсил олиб юртга қайтгач, мислсиз қийноқ, қамоқ жазоси, баъзилари эса отиб ташлангани кишини даҳшатга туширади.

Мустақиллик, Ўзбекистон суверенитети халқимиз учун қанчалик қадрли эканини ўша даврлардаги хунрезликларни эслаб ҳам англаш қийин эмас. Гоҳида гугуртнинг бир тийинлигини рўкач қилиб, ўша кунларни қўмсаётганлар, миллат ор-номуси, қадр-қиммати бир тийин бўлганини наҳотки ўйлаб кўришмайди?.. Бугун давлатимиз томонидан фарзандларимизнинг илмли, маърифатли ва етук, профессионал кадрлар бўлиб вояга етиши учун қилинаётган ғамхўрликларни кўриб, ўша машъум кунларни бир эсга олиб қўйсак, хато бўлмас ахир.

“Устоз, сиз ҳақ экансиз...”

...Гулчеҳра опа қизариб пишган нонларни тандирдан узиб олаётган пайтда мобиль телефони жиринглади. У нонларни саватга жойлар экан, қўнғироқ узоқ Японияда таҳсил олаётган шогирдидан эканини кўриб, шошиб қолди.

— Ва алайкум ассалом, Жаҳонгир, — дея олди, холос. Кўзларидан оқаётган шашқатор севинч ёшлари унга гапиришга изн бермасди. Ўзи таълим берган ўқувчиси Япониядаги нуфузли университетда ўқиётганидан қувонмай бўладими? Шогирднинг муваффақияти устоз учун катта мукофот-ку! Шунинг учун ҳам Гулчеҳра муаллимнинг қувончи кўз ёшларида акс этди. Буни сезиб турган Жаҳонгир ҳам бир пас тин олди.

— Устоз, сиз ҳақ экансиз, “Одамзоднинг имконияти чексиз, ҳамма нарсага эришса бўлади”, деган фикрингиз ўзини оқлади. Японияда энг иқтидорли талабалар рўйхатига кирдим. Бунда сизнинг меҳнатингиз буюк...

Нишон туманида бошланғич синфларга сабоқ бериб, айни пайт­да кексалик гаштини сураётган муаллима Гулчеҳра Бозорова бу сўзлардан мукофот олгандек қувонди. Хорижда ўқийдиган ҳар бир шогирдини унга берилган мукофот деб ҳисобласак, санашга бармоқлар етмайди. Ўқитувчи аслида шундай шогирдлар тайёрласа, касбига садоқати, ютуқлари шу билан баҳоланади. Бугун юртимиздаги мактабларда ана шундай фидойи ўқитувчилар сафи тобора кенгайиб бораётганини битирувчиларнинг нуфузли олийгоҳлар талабаси бўлаётгани мисолида кузатиш мумкин. Ёки ўтган йили мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчилар олтин ва кумуш медаллар билан битиргани замирида ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнати мужассам эмасми? “Катта бешлик” фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайгани-чи? Ана шу рақамлар ортида ётган заҳмат ва уйқусиз тунлар миллат учун қайғуриш ва мамлакат тараққиёти учун масъуллик шарафи, десак, сира янглишмаймиз.

Гоҳида “Институтни муваффақиятли битириб, қўлимга дипломни олдим, лекин иш топа олмаяпман...” деган гапларни эшитиб қоламиз. “Ҳа, иш ўрни йўқ, шунинг учун ёшларимиз хорижга чиқиб кетган”, дея уларнинг фикрини маъқуллайдиган кишилар ҳам топилади. Агар муаммога чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, аслида айб ўша ёш мутахассиснинг ишга лаёқати билан боғлиқ. Чунки яхши мутахассисга компания ва корхоналар эшиги доимо ланг очиқ. Улар етук ва зарур билимга эга мутахассисни жон-жон деб ишга қабул қилишади. Кўриниб турибдики, ишли бўлиш учун ўз касбини чуқур билиш ва катта салоҳиятга эга бўлиш талаб этилади. Масалан, ҳозирги кунда бизнесдаги айланма маблағини 1 миллион АҚШ долларидан оширган ёш тадбиркорлар сони 1,5 минг нафардан ортиб кетди. Эътиборлиси, қандай мутахассис ўз айланма маблағини миллион долларга етказа олади? Албатта, ўз соҳасини мукаммал билган, илму салоҳияти ўткир мутахассис бундай улкан натижани қайд этади. Диплом учун эмас, илм учун ўқиш даври келди. Сандиқда чанг босиб ётган дипломларнинг эса ҳеч кимга кераги йўқ.

Дуо билан эл кўкарар

Оталар чойхонасида гурунг қизигандан қизийди. “Instagram” ёки “YouTube”дан ҳам бундай ажабтовур гапни топа олмайсиз. Маҳалланинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқишади бу гурунгчи кексалар. Ғийбату адоват йўқ бу суҳбатларда. Юракдан айтилади ҳамма гаплар. О, Неъмат ота, уни гапи жуда кескир, ҳаммани оғзига қаратади. Юзинг-кўзинг демай, тарбияси ёмон болаларнинг ота-онасини гап билан савалайди, кибрдан керилиб кетган замонавий бойваччаларни бир гап билан ўтирғизиб қўяди. Полвон бўлмаганми, саломлашсангиз, қўлингиз уч кун оғриб юради. Бугун Неъмат ота янги гап топиб келди.

— Шу дейман, маҳалламизда бир тадбиркор йигит савоб ишга қўл урибди, — деди отахон соқолини тутамлаб.

— Ким экан, аниқроқ гапиринг, — дейишди даврадагилар.

— Аҳроржонни айтяпман, ўз маблағидан қишлоққа асфальт йўл тортиб келяпти.

— Эй, шу йигитнинг отасига... — дедию Неъмат отанинг гапи узилиб қолди...

Даврада Аҳроржоннинг отаси Нусратулла ҳам ўтирган эди. У ҳар куни ичиб юриши, гоҳида кўчаларда маст ҳолда қолиб кетишини ҳамма билади. Шунинг учун “Тадбиркорнинг отасига раҳмат” деган гапни айтишга отахонлар иккиланиб қолишди. Нусратулла ўрнидан турди-ю, жўраларининг ҳайҳайлашига қарамай чиқиб кетди. Кексалар унинг ҳамиятига тегишган эди. Унинг ори келди. Ўзи дунёга келтирган, ўқитган, одам қилган ўғилга муносиб ота бўла олмаётгани учун ўксинди.

Гоҳида ўғил ҳам отага ибрат бўлади, десак, айни ҳақиқатдир. Шу воқеадан сўнг Нусратулла ичишни буткул ташлади. Бошқа одамга айланди. Ҳовлисида боғ яратди, унинг ишкомида етилган сархил узумларни кўриб, одамлар ҳавас қиладиган бўлди. Бир куни ўғли унга “Дада, сизга раҳмат”, деди. Ота эса “Йўқ, болам, сенга раҳмат, сен ибрат кўрсатдинг”, деди. Энди давраларнинг энг тўри Нусратулланики бўлди.

Демак, гурунгчи оталар давраси ҳам ёшлару катталар учун ибрат мактаби вазифасини ўтаяпти. Ёшлар руҳиятини кўтаришда, уларга меҳнатга рағбат беришда кексалардан ўтадигани йўқ. Қайси маҳалланинг кексалари донишманд, оқил ва доно бўлса, ўша ҳудудда барака бор, файз бор.

Мана биргина мисол. Шаҳрисабз­лик ёш тадбиркор Маҳлиё Маннонова бундан тўрт йил олдин маҳалла кексаларидан дуо олиб, турмуш ўртоғи Нодир Маннонов билан ироқи каштачилик, заргарлик буюмлари, миллий либослар каби бир неча турдаги ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Буни қарангки, тўрт йил ичида маҳсулотлар 50 турдан ошиб, Туркия ва Европа давлатларига экспорт­га чиқариш ҳам йўлга қўйилибди. 200 нафар маҳаллий ёшнинг доимий иш билан банд этилганини айтмайсизми? Ҳозир улар Қамаши туманида 250 нафар хотин-қизни касбга ўргатишаётган экан.

— Албатта, мен нуронийлардан дуо олиб шундай муваффақиятларга эришдим, — дейди “Шаҳрисабз ҳунармандлар кластери” МЧЖ раҳбари Маҳлиё Маннонова. — Ўтган йили қилган камтарона меҳнатимиз давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиб, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу йил Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида у киши билан учрашиш бахтига муяссар бўлдим. Ўзимнинг янги лойиҳаларим ҳақида маълумот бердим. Президентимизнинг тадбиркорлар билан учрашувида иштирок этиш асносида янада янги руҳ, шижоат олдим.

Айтмоқчи, ёш тадбиркорлар фаолияти қўллаб-қувватланаётгани, улар қалбида Қайрат-шижоат тошиб бораётгани натижасида бугунги кунда мамлакатимизда ишсиз ёшлар сони 2 карра камайди. Ишсизликдан холи маҳаллалар сони 1 889 тага етди. Ўтган 8 йилга бир назар ташлайдиган бўлсак, давлатимизнинг қўллаб-қувватлови билан ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайди ва улар бизнес соҳаси вакилларининг салкам 40 фоизини ташкил этаётгани ҳам кишини қувонтиради.

Бугунги кунда чуқур мамнуният билан баралла айта оламизки, ёшларимиз бизнинг фахримиз, ғуруримиз ва кўзимизнинг оқу қораси. Уларнинг бутун дунёда фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида қўлга киритаётган оламшумул ютуқ ва ғалабалари юртимиз шаъни, ғурури ва обрў-эътиборини янада юксакларга кўтариб, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини оширмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида айтилганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик Қояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир”.

Фахриддин БОЗОРОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?