«Фаровон»ликлар фаровонликка эришмоқда

15:18 17 Сентябр 2024 Жамият
164 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарори оилаларнинг даромадини ошириш, камбағалликдан олиб чиқиш, турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилмоқда. Балиқчи туманида қарор ижросини таъминлаш доирасидаги ишлар натижасида камбағалликни икки баробарга камайтиришга эришилди.

— Ҳукуматимиз эҳтиёжманд оилаларни даромадга йўналтириш учун барча имкониятларни ишга солмоқда, — дейди «Фаровон» маҳалласида яшовчи Мастурахон Ҳайитова. — Ана шу шароитдан унумли фойдаланган киши нафақат ўзини, балки ўзгаларни ҳам даромадли қилади. Мен бир пайтлар ўзгалар кўмагига муҳтож даражага тушган, чорасиз аёл эдим. Маҳалла фаоллари тавсияси билан кредит маблағи ажратилди. Томорқамда икки сотихли иссиқхона қуриб беришди. Бу эътибор ва озгина маблағ менга куч берди. Ҳозир деҳқончилик ортидан оила аъзоларим, 6 нафар маҳалладошларимни доимий даромад манбаига эга қилдим. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички бозордан ортиниб, Россия давлатига ҳам экспорт қиляпман. Меҳнатларим маҳсули сифатида «Дамас» автомашинасини сотиб олдим.

Ушбу маҳаллада 9,7 гектар ер майдони 99 нафар ишсиз ва кам даромадли оилаларга ажратиб берилган. Йил бошида «Бир дала – бир маҳсулот» тамойили асосида дастлаб картошка йиғиб олинган бўлса, такрорий экин учун ловия, сабзи парваришланяпти. Бир йилда уч марта ҳосил олиш мумкинлигини инобатга олсак, ҳар бир оиланинг йиллик даромади ўртача 30 миллион сўмни ташкил этиши кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?