«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми белгиланган вақтда юборилмаганлиги сабаб «Оскар»да қатнашмайди

17:45 10 Январь 2021 Маданият
5184 0

Ижтимоий тармоқларда «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми «Оскар» танловида иштирок этмаслиги борасида турли гап-сўзлар айтилмоқда. «Халқ сўзи» бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида фильм продюсери билан боғланди.

Ҳақиқатан ҳам фильм «Оскар» танловида қатнашмайдими деган саволга фильм продюсери Дониёр Агзамовга қўйидагича жавоб берди.

«Йўқ қатнашмайди. Биз Ёлқин Тўйчиев бошчилигидаги жамоа қўлимиздан келган барча ҳаракатни қилдик. Биз шу вақтгача Ўзбекистон Оскар қўмитасига ишониб келган эдик, мен барча нарсани 28 ноябрь куни уларнинг қўлига тутқазганман, менда барча ёзишмалар, фактлар турибди. Шу кунгача «юбордингларми» деб сўраганимизда «ҳа юбордик» дея жавоб бериб келишган. Декабрь ойининг бошида фильмни Америкага ҳам жўнатганман, 50 та ДВДП, битта катта терабайтли ҳардда ДСП форматда, "Surround“ форматида юборилган. Лекин улар («Оскар» танлови ташкилотчилари) видеони сўраб Ўзбекистон Оскар қўмитасига 3-4 марта ёзишган, қўмита жавоб ҳам бермаган. Оскар қўмитасининг қўлида фильмнинг ҳамма форматдаги нусхаси турибди, нима сўрашган бўлса қилиб берганман. Тайёр нарсани юборишмаган, охирги вақтларда телефонларимга ҳам жавоб бермай қўйишганди.

5 январь куни мени шахсан ўзимга танлов ташкилотчиларидан тўғридан тўғри электрон почтамга хат келди, сизларга соат 5 гача охирги муддат деган. Биз шокка тушиб қолдик, қўмитадагиларни роса қидирдим, телефонларига жавоб беришмади. Улгура олмасдик чунки компьютер «загрузка»ни ўзига 16 соатдан 24 соатгача вақт сўради, дейди», «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми продюсери Дониёр Агзамов.

Продюсер Оскар қўмитаси ишининг қониқарсизлиги ҳақида ҳам гапирди.

«Билмайман, булар нега бунақа ишлаяпти, номи улуғ супраси қуруқ дегандек, ишга лоқайд қарашган, ишламаган ҳам, ҳозир қаттиқ жаҳлдаман», дейди у.

Дониёр Агзамов Оскар қўмитаси вакилларининг Facebook'даги продюсер ўз вақтида етказиб бермагани ҳақидаги гапларига ҳам муносабат билдирди.

«Мен қандай қилиб етказиб бермаслигим мумкин, уларнинг қўлига сўраган форматларида 28 ноябрь куни етказганман, кўзимни олдида кинони кўчириб олишган, менда уларнинг фильмни қабул қилиб олганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Божхонадан ҳам рухсат олганман, жўнатганман, божхона тўловини қилганимнинг ҳужжатлари ҳам бор», деди продюсер.

Дониёр Агзамов қўмитанинг фильмни танловга юбориш ҳуқуқи продюсерда бўлиши ҳақидаги иддаосига ҳам жавоб қайтарди.

«Йўқ, ҳуқуқ «Ўзбеккино»да, мен ишлаб чиқариб берувчи компанияман, фильмни «Ўзбеккино» буюртмаси билан тайёрлаб агентлик фондига топширганман. Русча, ўзбекча, инглизча субтитри билан, сўралган барча форматда топширилган. Агар мен Оскар қўмитасига етказмаган бўлсам, агарда айб менда бўлган бўлса, улар «Ўзбеккино»дан ҳам олиши мумкин эди. Нега «Ўзбеккионо»га продюсер бизга фильмни етказмаяпти деб шикоят қилиб чиқмади ёки ўзимга мурожаат қилишмади. Бу танловда қатнашиш жамоамиз учун қанчалик муҳим нарса эди. Айбни менга ағдаришяпти, лекин ағдариша олмайди, чунки қўлида далили йўқ. Менда эса барча далиллар бор.

Оскар қўмитаси бизга фильмни жўнатиш учун "доступ" бермаган, бўлмаса ўзимиз аллақачон жўнатган бўлардик. Ташкилотчилар 5 январь куни ҳат жўнатишди менга, агар у аввалроқ келганида эди, мен Оскар қўмитадан "доступ" сўрардим, ўзим юборардим. "Доступ" қўмитада, ўзимиз жўнатмоқчи бўлсак у бизни блоклайди. Ҳаттоки «Олтин глобус»да ҳам шунақа муаммо бўлди, сал қолди у танловдан ҳам қолиб кетардик. Ташкилотчилар қўмитадан фильмни юборишни сўраган, улар эса юбормаган, аксинча бизни ҳам блоклаган. Ўзимиз ташкилотчиларга чиқиб "доступ"ни сўраб олдик, ўзимиз жўнатдик. Ўзи Оскар қўмитаси нима билан шуғулланишини мен тушунмаяпман. Улар ўзбек киносини ривожи учун ишлаяптими ёки борини ҳам йўқ қилиш учунми?” дейди продюсер.

Дониёр Агзамов нашримизга ўзидаги барча фактларни ҳам тақдим этди. Шахсий ёзишмалар бўлгани сабаб таҳририят уларни ошкор қилмасликка қарор қилди.

«Халқ сўзи» бу масалада «Ўзбеккино» матбуот котибидан ҳам изоҳ сўради, «Менда бундай маълумот йўқ, сўраб бераман», дея изоҳ берди Нозим Сафари. Бироқ ҳалигача агентлик бу масалада бирор муносабат билдирмади.

«Халқ сўзи» Дониёр Агзамов иддаоларига муносабат олиш учун Ўзбекистон Оскар қўмитаси координатори Ойбек Абдушукуровга қўнғироқ қилди, бироқ боғланишнинг имкони бўлмади.

Шу ўринда таҳририят иккинчи томонга ҳам минбар бўлишга тайёрлигини маълум қилади.

Нашримиз бу мавзуга яна қайтади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Оскар қўмитасининг йиғилиши ўтказилган эди ва Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан Оскар мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми танланган эди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилган.

Фильмнинг сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев, постановкачи рассом Бектош Ражабов, фильм директори Шавкат Ризаев.

Ролларда Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар.

Маълумот учун, 93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилинган эди.

Инобат АҲАТОВА,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?