Фарғоналик фермерларга янги пахта териш машиналари топширилди

17:29 03 Сентябр 2025 Жамият
76 0

Бугунги кунда халқаро ҳамкорлик доирасида бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, янгиларини ишлаб чиқариш, шу ернинг ўзида йиғиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Фарғона шаҳрида жойлашган “Ferghana Swan Cotton Industrial Machinery Stock Co., Ltd” корхонасида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқарилаётган пахта териш машиналари фермер хўжаликларига топширилди.

— Жорий йилда ҳар гектар ердан олинадиган пахта ҳосилини 50, яқин истиқболда 70-80 центнерга етказишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. — Ўтган йили вилоятда 60 та шундай техника бўлган бўлса, бу йил Фарғонада ишлаб чиқарилаётган 140 та "Swan Cotton" пахта териш машинасини етказиб бериш режалаштирилган. Мавсум олдидан фермер хўжаликларига 128 та машина топширилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда вилоятдаги пахта майдонининг 60 фоизини машина билан териб олиш, келгуси йили ушбу кўрсаткични 90 фоизга етказиш мумкин. Пахта териш машиналарини 20 фоизлик дастлабки тўлов билан 10 йил муддатга лизинг асосида харид қилиш имконияти мавжуд. Бу борада пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликларига 15 фоизлик субсидия берилиши қўшимча рағбатдир.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?