Фарғонадаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида шу йилнинг ўтган даврида 700 ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди

12:18 02 Декабрь 2025 Жамият
175 0

Фарғона шаҳридаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида барча қулайликлар муҳайё этилган.

Бу соҳага қаратилган эътибор ва рағбат туфайли 2022 йили тиббиёт марказининг 90 ўринли янги биноси қуриб битказилди. Айни пайтда бу ерда энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказишга мўлжалланган ва жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган 3 та махсус хона бор.

Шунингдек, бугунги кунда ушбу марказда онкогематология, кардио ва нейрожарроҳлик, чақалоқлар жарроҳлиги ҳамда жонлантириш бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Халқаро ҳамкорлик доирасида ўзаро тажриба алмашиш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, пойтахтдаги ва хорижнинг нуфузли тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда аввал имконсиз бўлган мураккаб амалиётлар бажарилаётир. Ўз навбатида марказ шифокорлари мунтазам равишда дунёнинг кўплаб давлатларида соҳага оид амалий билим ва кўникмаларини ошириб келиш имконига эга.

—Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 3 та замонавий жарроҳлик амалиётлари хонасида 700 дан зиёд операция амалга оширилди,—дейди Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Шаҳобиддин Қўчқоров.—Хусусан, уларнинг 231 таси юрак,, 236 та нейрожарроҳлик ҳамда 240 таси чақалоқларда учрайдиган туғма нуқсонларни бартараф этишга қаратилган жарроҳлик амалиётларидир.

Шу билан бирга, янгиланишлар самараси сифатида эндиликда марказда эҳтиёж туғилганда янги туғилган чақалоқларда ҳам туну кун шошилинч амалиётлар ўтказилмоқда. Жарроҳлик амалиётидан сўнг кичкинтойлар маълум муддат жонлантириш бўлимида интенсив усулда даволанади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер