Фарғонада «Устозлар миллий форуми» бўлиб ўтмоқда

16:17 20 Август 2024 Жамият
223 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳрида «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» шиори остида анъанавий III «Устозлар миллий форуми» бўлиб ўтмоқда.

Форумга шаҳар-туманлардан 400 нафар ўқитувчилар жалб этилган бўлиб, шўбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида юзма-юз мулоқотлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, тадбир доирасида вилоятдаги соҳа масъуллари иштирокида ўқитувчиларга янги ўқув йили олдидан услубий қўлланмалар ва амалиётга жорий этилган янгиликлар тушунтирилмоқда.

— Таълим муассасаларида ўқув жараёнини замонавий мезонлар асосида амалга ошириш, ўқувчилар билимини жаҳон андозалари даражасида юксалтириш, ўз навбатида янги авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш устувор вазифа сифатида белгиланган, — дейди Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов. — Бу борада вилоят делегацияси бир неча маротаба Япония таълим тизими тажрибасини ўрганиб келди. Ҳозирда вилоятдаги 19 та мактабда ўқувчиларга япон таълим тизими тажрибаси бўйича таълим-тарбия берилмоқда. Айни пайтда вилоятда Сингапур таълими тажрибасини оммалаштириш борасида ҳам амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.

Айтиш жоиз, Фарғона вилоятида янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида Инвестиция дастури доирасида 52 та умумтаълим мактабларида таъмирлаш ишлари бажарилиб, 3 та янги мактаб қурилиши, 8 та билим даргоҳи мукаммал таъмирдан чиқарилиши ҳамда 41 таси реконструкция қилиниши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, жорий ўқув йилида 1- синфга қабул қилинаётган 75 минг нафардан зиёд ўғил-қизларга Президент совғаси сифатида барча турдаги ўқув қуроллари етказиб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?