Фарғонада шакар нархи 25 минг сўмга чиқдими?

21:09 09 Июнь 2022 Иқтисодиёт
906 0

Фото: Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳридаги деҳқон бозорида бир килограмм шакар 22-25 минг сўмдан сотилаётгани ҳамда узундан-узун навбатлар юзага келгани акс эттирилган видеолавҳа тарқатилди. Хўш, Фарғонада шакарнинг нархи нега ошиб кетди?

«Халқ сўзи» мухбири ушбу саволга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Жумабоевга мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев, Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров ҳамда сектор раҳбарлари иштирокида бозор ҳудудида тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди.

Бозорда ҳар куни 8 тонна арзонлаштирилган нархда – 10 минг сўмдан шакар сотуви йўлга қўйилган бўлиб, видеолавҳада акс этган ҳолатда арзон нархдаги шакарни сотиб олиш истагида бўлган харидорлардан шаклланган навбат тасвирга туширилган.

— Бундан буён бу каби тартибсиз навбат юзага келишининг олдини олиш мақсадида бозор ҳудудида арзон сотиш нуқталари ҳамда сотувчилар сони кўпайтирилди, — дейди Фарғона шаҳар ҳокими Восилжон Назаров. — Миллий гвардия ходимлари тартибли навбат билан сотув йўлга қўйилишини таъминлайди. Шунингдек, арзонлаштирилган нархларда шакар маҳсулоти сотувини Фарғона шаҳрининг аҳоли гавжум бир неча ҳудудларида йўлга қўйиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?