Фарғонада Нидерландиядан олиб келинган бодринг ҳосилини Европага экспорт қилиш режалаштирилмоқда

10:56 17 Февраль 2026 Жамият
228 0

Айни пайтда Фарғона вилоятида 260 гектардан ортиқ майдонда саноатлашган усулда ташкил этилган замонавий иссиқхоналарда йил давомида маҳсулот етиштирилмоқда.

Шу кунларда мазкур иссиқхоналарнинг 86 гектарида помидор, 24 гектарда бодринг ҳамда 4 гектарда парваришланган булғор ва аччиқ қалампир пишди. Ўз навбатида пишган ҳосилни пешма-пеш ички бозорга чиқариш ҳамда хорижга экспорт қилиниши таъминланаётир. Айни жараёнда илғор агротехнологиялар ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланилаётгани эътиборга молик.

Хусусан, Фарғона туманидаги 2 гектар адирликда тадбиркор Алишер Акбаров ташаббуси билан интенсив усулда барпо этилган иссиқхонада Нидерландиядан олиб келинган серҳосил ва экспортбоп янги бодринг нави илк бор экилиб, маҳаллий иқлим шароитида синовдан муваффақиятли ўтди. Қиш-баҳор мавсумида бодрингдан 25 тонна ҳосил олишни мақсад қилган тадбиркор унинг бир қисмини Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, лойиҳа ташаббускори яқин истиқболда кўҳна қитъага табиий усулда тайёрланадиган биоўғитлар экспортини йўлга қўйишни ҳам мақсад қилган.

Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари эса экспортбоп маҳсулот етиштиришда тадбиркорларга доимо кўмакдош. Иссиқхона шароитида юқори ҳосил олиш, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, фитосанитар талабларга қатъий риоя этиш сингари муҳим йўналишлар бўйича илмий-амалий ёрдам кўрсатмоқдалар.

—Агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарда мунтазам равишда фитосанитар назорат ишларини олиб борамиз,—дейди бошқарма тасарруфидаги фитосанитария лабораторияси мудири Абдурауф Маҳмудов.—Шу мақсадда сайёр мобиль лаборатория мутахассислари билан биргаликда ҳудудларда таҳлил ишлари амалга оширилади. Иссиқхоналарда ўсимликлардан намуналар олиниб, тезкор таҳлиллар натижасидан келиб чиқиб, ҳудуднинг ўзида амалий тавсия ва кўмак беришимиз мумкин.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан жорий йилнинг 15 январдан 16 февралига қадар мамлакатимизда “Долзарб 30 кунлик” тадбири эълон қилинган эди. Шу муносабат билан ойлик доирасида Фарғона вилоятида ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, иссиқхоналарда турли сабзавотлар, цитрус мевалари етиштиришда халқаро талаб ва меъёрларга риоя этиш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?