Фарғонада «Нефтчи» футбол академияси барпо этилмоқда

12:19 24 Ноябрь 2025 Жамият
155 0

Фарғона вилоятида кейинги йилларда «миллионлар ўйини» — футболни жаҳон андозалари даражасида ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги изчил ишлар самараси ўлароқ, вилоятнинг бош жамоаси — «Нефтчи» жорий мавсумда 24 йиллик танаффусдан сўнг мамлакат чемпионилигини қўлга киритди.

Ушбу муваффақият туфайли «Истиқлол» стадионига чинакам футбол руҳи қайтди. Мавсум давомида 165 минг нафардан ортиқ мухлис жонли ўйинларни томоша қилди. Ҳар бир ўйинга ўртача 11 мингдан зиёд томошабин ташриф буюргани Суперлига клублари орасида рекорд кўрсаткич сифатида қайд этилди.

Ҳозирда Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан «Нефтчи» футбол академияси учун замонавий инфратузилма яратилмоқда. Академия нафақат Фарғона футболи, балки юртимизда футболни жадал ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим марказга айланиши кўзда тутилган.

— Академиянинг янги таълим маскани учун махсус жой ажратилди, — дейди Фарғона вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти Носиржон Отақўзиев. — Лойиҳа жаҳоннинг етакчи футбол клублари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. Унга кўра, табиий ва сунъий майсали 6 та турли ўлчамдаги стадион барпо этилмоқда. Уларнинг бири томи ёпиладиган қилиб қурилаётгани ҳар қандай об-ҳавода машғулотлар ва назорат ўйинларини ўтказиш имконини беради. Шунингдек, Бразилия тажрибаси асосида қумли машғулот майдони ҳам ташкил этилмоқда. Яқинда 150 ўринли ётоқхона ҳам фойдаланишга топширилади.

Академияга қўшилиш истагини билдирган 2000 нафардан ортиқ ёш футболчи орасидан 235 нафари мутахассислар томонидан саралаб олинди. Таълим жараёнини Украинадан таклиф этилган, жаҳонга машҳур мураббий Валерий Лобановский сабоғини олган таниқли мутахассис Игорь Химич бошқармоқда. Шу билан бирга, танлов асосида малакали мураббийлар ҳам жамоага қабул қилинмоқда.

Эътиборлиси, ёш футболчилар ўз қизиқишларига кўра бир нечта хорижий тиллар бўйича ҳам ўқитилади. Чунки бугунги кунда иқтидорли футболчиларнинг халқаро клубларда фаолият юритишида тил билиш муҳим омил бўлиб бормоқда. Академияда мамлакатнинг барча ҳудудларидан, шунингдек қўшни давлатлардан иқтидорли ёшлар қабул қилиниши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Ишончимиз комилки, «Нефтчи» клуби тизимида академиянинг фаолият бошлаши Фарғона футболида янги юксалиш даврини бошлаб берувчи мустаҳкам пойдевор бўлади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер