Фарғонада медиа волонтёрлар клуби аъзолари билан очиқ мулоқот ўтказилди

13:55 13 Март 2026 Жамият
132 0

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида медиа волонтёрлар клуби аъзолари билан юзма-юз мулоқот ташкил этилди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, медиа соҳасига қизиқувчи йигит-қизлар билан самимий суҳбатлашди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда дунё миқёсида инсон онгу тафаккури учун жиддий кураш кечмоқда. Айниқса, турли ниқоблар ортидаги ахборот таъсирлари орқали ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланиб улгурмаган ёшларни ўз таъсирига олишга қаратилган ҳаракатлар кўпайиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур клуб доирасида замонавий ёндашувлар асосида миллий ва сифатли контент яратиш муҳим вазифа сифатида белгилангани қайд этилди.

— Эзгу ташаббус ижобатида бошловчилик, видеомонтаж, фото ва видео маҳсулотлар тайёрлаш, контент яратиш, график дизайн, журналистика ҳамда SMM йўналишларида ўз салоҳиятини намоён этишни истаган ёшлар волонтёрликка таклиф этилган эди, — дейди Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Маъсуджон Сулаймонов. — Қувонарлиси, қисқа вақт ичида «MEDIA VOLONTYORLAR» клубига 60 нафардан зиёд йигит-қизлар аъзо бўлди.

Шу тариқа вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ва қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида турли ёш тоифасидаги фаол ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирган илк медиа волонтёрлар клуби ташкил этилди.

Қайд этилганидек, волонтёрлик фаолияти фақатгина кўнгилли хизмат эмас, балки катта масъулият ҳамдир. Ахборот маконида сифатли ва миллий контентлар ҳажмини ошириш, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ёшлар ҳаётини креатив ёндашувлар асосида кенг жамоатчиликка етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Учрашув давомида клуб аъзоларининг ижодий ғоялари тингланиб, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Шунингдек, ёшларга тажрибали журналистлар ва медиа соҳасида катта тажрибага эга ижодкорлар томонидан амалий маслаҳат ва зарур кўникмалар берилди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер