Фарғонада маҳалла банкирлари иш бошлади

12:20 13 Февраль 2025 Жамият
155 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Маълумки, жорий йилдан туман банклари филиалларида «маҳаллабай» ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, ҳудудлар кесимида маҳалла банкири ҳамда ҳар бир маҳаллада улар билан бирга ишлайдиган ёрдамчи-агентлар ўз фаолиятини бошлади.

Айни жараёнда Фарғона вилоятида 307 нафар маҳалла банкири иш бошлаган бўлса, уларга 1062 нафар ёрдамчи-агент бириктирилди.

— Маҳалла банкири ўз ҳудудида ҳар бир оила, тадбиркор билан юзма-юз ишлаб, аҳоли даромади ошиши ва фаровонлигига кўмаклашадиган самарали тизим, — дейди Марказий банкнинг Фарғона вилояти бош бошқармаси бошлиғи Шавкатжон Дўсталиев. — Маҳалла банкири ҳудуднинг бизнес имкониятларини ўрганиб, драйвер соҳаларни аниқлайди ва бизнес-лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун амалий ёрдам беради. «Хонадонбай» ишлаб, тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит олиш, маҳсулот етиштириш ва сотишгача бўлган барча жараёнда яқин кўмакдош бўлади.

Жорий йилда вилоятда маҳалла банкири ва уларнинг агентлари кўмагида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ишга солинмаган захиралардан самарали фойдаланиш мақсадида «Сайхунобод тажрибаси» бўйича маҳаллаларда 42 минг 520 та микролойиҳани амалга ошириш эвазига 85 минг нафардан зиёд аҳоли бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.

Эзгу ташаббус доирасида биргина январь ойининг ўзида вилоят тижорат банклари томонидан 52,6 млрд сўм кредит ажратилиб, 2 минг 533 та микролойиҳа ишга туширилди ҳамда 5,5 минг аҳоли юқори даромадли иш билан банд қилинди.

Шунингдек, «Уйчи тажрибаси» асосида йил давомида икки мингдан ортиқ учрашув ўтказилиб, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали 15 минг аҳоли ишга жойлаштирилади. Ўз навбатида, Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳар бир маҳаллада 100 нафаргача хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида кичик ва ўрта тикувчилик фаолияти билан шуғулланадиган марказлар ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида аҳолига деҳқончилик учун ажратилган 600 гектар майдонда 19,3 млрд сўмлик намунавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг барча туманларида аввалги йилларда ижара шартномаси асосида ажратилган ерларда 50-100 гектардан атиргулчилик, бодомчилик, карам, малиначилик, наъматак ва супурги каби саноатлашган плантациялар ташкил этиш ишларига киришилди. Бу плантациялар қошида саноатлашган ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилиб, «даладан – бозоргача» тамойили асосида тизимли жараён тўлиқ қамраб олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?