Фарғонада Конституциянинг 33 йиллиги кенг нишонланди

11:53 09 Декабрь 2025 Жамият
344 0

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан барча шаҳар ва туманларда байрам тадбирлари ўтказилди.

Фарғона шаҳрида мазкур сана муносабати билан «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» шиори остида тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, сенатор ва депутатлар, фаоллар, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими барчани байрам билан муборакбод этиб, Конституция миллий давлатчилигимизнинг пойдевори, демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг асосий мезони эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон тараққиёти ва бунёдкорлик салоҳиятига мос равишда янгиланган Конституция халқаро демократик меъёрлар асосида қабул қилингани, унда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир фуқаронинг бахтли ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани, «Инсон қадри учун» тамойили вилоятдаги бунёдкорлик, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳадаги илғор ўзгаришларда ўз аксини топаётгани таъкидланди.

— Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар замирида Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган тамойиллар устувор ўрин тутади, — дейди халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Шерзодбек Каримов. — Бугун бу янгиланишлар ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқда, кундалик фаолиятимизда амалий натижа сифатида намоён бўлаётгани қувонарлидир.

Байрам тадбирида 2026 йилда вилоятни комплекс ривожлантириш, тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган янги мақсад ва вазифалар белгиланаётгани маълум қилинди. Бу эса ислоҳотлар бардавом эканидан далолат беради.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер