Фарғонада кашф этилган янги балиқ тури халқаро миқёсда эътироф этилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона водийси сув ҳавзаларидаги ранг-баранг балиқлар тур таркибига кўра, ўзига хос бўлиб, айрим турлари Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида учрамайди. Айниқса, водийнинг тоғ дарёларида яшовчи Туркистон қумбалиғи, Сирдарё оққайроғи, Кушакевич ялангбалиғи ушбу минтақанинг ноёб турлари сирасига киради.
Айни пайтда Фарғона давлат университети ихтиолог олимлари Фарғона водийси ҳамда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги балиқларнинг тур таркиби, биологияси ва экологияси соҳасида бир қатор илмий изланишлар олиб боришмоқда. Тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлашда янги ва замонавий зоологик методика асосида ёндашилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.
— Айни йўналишда кейинги йилларда хорижлик олимлар билан ҳамкорликда нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё миқёсида сув ҳавзаларида илмий-амалий тадқиқотлар амалга ошириляпти, — дейди Фарғона давлат университети доценти, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бахтиёр Шералиев. — Натижада ушбу ҳудудларда ҳали ўзининг ўрганилиши, илмий жиҳатдан тадқиқ этилишини кутиб турган турлар кўп эканлиги аниқланди.
Хусусан, сўнгги йилларда Шоҳимардон дарёсида Triplophysa сferganansis, Сўх дарёсида Triplophysa daryoae каби балиқ турларининг кашф этилгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Бу борадаги изланишларимиз натижасида эса 2024 йили Dzihunia pseudoamudarjensis тури кашф этилди.
Эътиборлиси, кашф этилаётган бу каби янги турларнинг аксарияти минтақамиз эндемиклари ҳисобланади. Ўтган йили кашф этилган янги балиқ тури эса ўзининг уруғдошларидан ён чизиғидаги поралари сони, ингичка дум банди, орқа ва анал сузгич қанотларининг пастлиги ҳамда кўзлараро масофасининг йириклиги билан фарқ қилади.
Хорижлик ҳамкорларнинг эътироф этишича, янги кашф этилаётган ушбу балиқ турлари ҳудуднинг ҳайвонот олами, сув ҳавзалари, иқлимини тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, балиқчилик тармоғини жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш, илмий-амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш имконини беради.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йили ихтиолог олимлар Бахтиёр Шералиев ва Ёрқиной Қаюмова томонидан водий ихтиофаунасида аввал қайд этилмаган, Амударё ҳавзасига хос бўлган ялангбалиқнинг янги тури — Dzihunia pseudoamudarjensis кашф этилиши халқаро миқёсда катта эътирофга сазовор бўлди. Янги балиқ турини кашф этишда Россиянинг Зоология институти қошидаги ихтиология лабораторияси ҳамда коллекциясида сақланувчи Марказий Осиё сув ҳавзаларига тегишли балиқ турлари намуналари ҳам ўрганилди.
Шу боис янги балиқ турининг тур мақоми халқаро даражада юксак эътироф этилиб, ўзбек олимларининг муваффақияти ҳақида дунёга машҳур “Zootaxa” илмий журналида мақола чоп этилди. Қувонарлиси, фарғоналик олимлар кашфиёти бўлган Dzihunia pseudoamudarjensis балиқ тури АҚШнинг Калифорния фанлар академиясига қарашли халқаро “Eshmeyer baliqlar katalogi”га киритилди.
— Ҳозирда илмий жамоа билан биргаликда мамлакатимизнинг жанубий сув ҳавзалари ихтиологияси ҳамда Сирдарёнинг юқори оқими, яъни Қозоғистон ҳудудини тадқиқ этиш ишларига киришганмиз, — дейди Бахтиёр Шералиев. — Ўз навбатида, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Турларни сақлаб қолиш комиссияси чучук сув балиқлари бўйича махсус гуруҳининг Марказий Осиё ҳудуди бўйича раҳбари сифатида қўшни мамлакатлар олимлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганман.
Яқин истиқболда мазкур йўналишда Марказий Осиё сув ҳавзаларидаги муҳофазага муҳтож балиқ турларини халқаро “Қизил китоб”га киритишни мақсад қилганмиз. Бугунги кунда қардош юрт олимлари билан ҳамкорликда ана шундай ноёб турларни аниқлаш ва муҳофаза қилиш бўйича илмий изланишлар олиб борилиб, тегишли давлат идораларига илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг