Фарғонада энг яхши кутубхоначилар рағбатлантирилди

14:53 31 Октябр 2025 Жамият
166 0

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларидан 14 нафар малакали мутахассис қатнашди.

Тадбирнинг асосий мақсади ахборот-кутубхона соҳасида фидойилик кўрсатиб келаётган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда кутубхона фаолиятида замонавий ёндашувларни кенг жорий этишга қаратилган.

Танлов жараёнлари қизиқарли ва муросасиз тарзда ўтиб, иштирокчилар тўртта шарт бўйича ўз маҳорати, билим ва салоҳиятини намойиш этди. Айниқса, китоб тарғиботига бағишланган интерактив чиқишлар ва “Баҳрибайт” баҳслари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Якуний натижага кўра, вилоят ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Мафтунахон Шокирова 1-ўринни, Бешариқ тумани ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Нилуфар Ҳалимжонова 2-ўринни ҳамда Бағдод тумани ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Ҳафизахон Абдуллаева фахрли 3-ўринни қўлга киритди.

Тадбир якунида ғолиблар Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

— Бундай танловлар нафақат соғлом рақобат муҳитини яратиш, балки кутубхона соҳасида янгича фикрлайдиган ва замонавий ахборот технологияларини яхши ўзлаштирган мутахассисларни тарбиялашга хизмат қилмоқда, — дейди Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ҳуснияхон Шерматова. — Кутубхона — маърифат маскани ва бу ерда фаолият юритувчи ходимларимиз жамиятнинг маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Бу танлов соҳада фидойилари меҳнатини эътироф этиш ҳамда янги ютуқларга руҳлантириши билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?