Фарғонада дала четларига 2 миллион тупдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари экилди

12:41 04 Апрель 2025 Жамият
68 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятидаги ҳар бир шаҳар-туманнинг табиий-иқлим шароитини ўрганиш мақсадида мониторинг ишлари амалга оширилди. Натижада амалий тажриба ва илмий хулосалар ўзаро уйғунлаштирилиб, вилоят бўйлаб дала четларига 2 миллион тупдан зиёд олча, олхўри, анор, беҳи, жийда, тут каби 7 турдаги дарахт кўчатлари экилди.

Ариқ-зовур, коллектор атрофларига эса 4,5 миллион тупга яқин ниҳоллар ўтқазилди. Ҳозирда ушбу кўчатлар парвариши, агротехник тадбирлар ҳамда турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари, фитосанитар лабораторияси мутахассислари фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа ер эгаларига яқин кўмакдош бўлмоқда. Бу борада хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш учун ижтимоий тармоқда «Агрокўмакчи» мобил иловаси ҳам ташкил этилган.

— Мевали дарахт кўчатларини экишда унинг ҳосили жаҳон бозорида харидоргирлиги, узоқ масофага ташиш ва сақлашга яроқли эканлиги ҳам инобатга олинди, — дейди Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бўлим бошлиғи Муроджон Йўлдошев. — Мисол учун, интенсив усулда олча кўчатларини парваришлаш тавсия этиляпти. Боиси, доимий равишда олча мевасини экспорт қилиш бўйича Япония, бир қатор Европа давлатлари билан келишувга эришилди. Шу мақсадда олча ҳосили замонавий омборхоналарда музлатилган ҳолда сақланиб, йил давомида экспортга жўнатилади.

Фарғона шаҳридаги «Соҳибкор» МФЙ миришкорлари азалдан мевазор боғлари ва ширин-шакар мевалари билан танилган. Ҳозирги кунда илм-фан ютуқлари, инновация ғоялари асосида эски, самарасиз боғлар ўрнида интенсив боғлар барпо этилмоқда. Ўз навбатида, боғбонларнинг дала четлари, ариқ-зовурлар бўйидан ҳам мўл ҳосил олиш борасидаги тажрибаси эътиборга лойиқ.

— Ҳозирда тасарруфимизда 16,7 гектар мевали боғлар мавжуд, —дейди «Лочинбек баҳори» боғдорчилик фермер хўжалиги раҳбари Ортиқали Холматов.—Кейинги йилларда боғимизнинг 60 фоизи янгиланиб, экспортбоп олча, ўрик, шафтоли, нок, беҳи кўчатлари экилди. Шу билан бирга, дала четларига эртаки сабзавотлар, полиз маҳсулотлари ҳамда тўқсонбости экинлари экамиз.

Меваларимиз асосан экспортга жўнатилса, сабзавот ва полиз маҳсулотлари ички бозорга етказиб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?