Фарғонада “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг вилоят босқичи ўтказилди

15:01 29 Сентябр 2025 Жамият
211 0

Фарғона вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида 22 та танлов ва лойиҳалар ташкил этилди. Ушбу танлов ва мусобақаларда иштирок этиш учун 1 миллион 16 минг нафардан зиёд йигит-қизлар онлайн платформа орқали рўйхатдан ўтказилгани ҳам эътиборга молик.

— Ҳозирги кунга қадар “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ёш китобхон оила” танловининг туман (шаҳар) босқичи, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Ёш мусаввирлар” ва “Моҳир фортепианочи” танловининг вилоят босқичлари ўтказилди, — дейди Фарғона вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Мўминов. — Шунингдек, спортнинг шахмат-шашка, воркаут, енгил атлетика, кураш, стол тенниси каби 15 га яқин тури, Давлат хавфсизлик хизмати кубоги доирасида спортнинг футбол, мини футбол, қизлар ўртасида мини футбол ва киберспорт мусобақалари ҳамда “Ёшлар овози” танловининг республика финал босқичи ўз ниҳоясига етган.

“Касблар танлови” мусобақаларининг туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ўтказилиши кўзда тутилган бўлса, “Ёш китобхон” танловининг маҳалла, туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари октябрь-декабрь ойларида ўтказилиши белгиланган. Бу танловнинг республика финал босқичи 2026 йили ўтказилади.

Фарғона вилоятида бугунгача ушбу танлов ва мусобақаларга 660 минг 800 нафардан ортиқ янги авлод вакиллари қамраб олинди. Танлов ва мусобақаларнинг якуний республика босқичида муносиб иштирок этган фарғоналик ёшлар 6 та олтин, 16 та кумуш ва 12 та бронза медални қўлга киритишди.

Шу йилнинг 26 сентябрь куни эрта тонгда Фарғона шаҳрида жойлашган “Ёшлар сайилгоҳида”да “Беш ташаббус олимпиадаси” ёшлар фестивали мусобақаларига тантанали равишда старт берилди.

Фестиваль “Саломатлик учун 5000 қадам” лойиҳаси билан бошланди. Шундан сўнг вилоят “Ёшлар маркази” биносида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Фарғона шаҳри марказида жойлашган Аҳмад Фарғоний номидаги истироҳат боғида стол тенниси, шашка, камондан отиш мусобақалари, “Беш ташаббус хиёбони”да шахмат бўйича маҳалла еттилиги жамоалари иштирокида “Маҳалла еттилиги кубоги” мусобақаси ўтказилди. “Ёш рассомлар кўргазмаси”, битирувчи талабалар ҳамда ишсиз ёшлар учун “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” бўлиб ўтди.

Ранг-баранг ва қизиқарли тадбирлар доирасида вилоят куч тузилмалари томонидан ҳарбий техникалар ва қурол-яроғлар кўргазмаси, “Мутолаа”, “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси” сингари лойиҳалар иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Ёш ва умидли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт дастури барчага бирдек манзур бўлди.

Таъкидлаш ўринлики, бу йил вилоятда мусобақанинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоа ва иштирокчилар маҳаллаларига 12 та спорт майдончалари қурилиши белгиланган.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?