Фарғонада 75 гектарлик «Янги Ўзбекистон» шаҳарчаси қурилиши якунига етяпти

11:16 03 Декабрь 2025 Жамият
161 0

Марғилон шаҳрининг «Наврўз» МФЙ ҳудудида 75 гектар майдонда барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» массивида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Биринчи босқич доирасида қуриб битказилаётган 8 та 16 қаватли ва 9 та 12 қаватли уйларда сўнгги пардозлаш, ташқи ва ички безак бериш ишлари якунига етказилмоқда. Эътиборлиси, ҳар бир уйнинг меъморий қиёфасини бетакрор қилиш мақсадида меъморлар замонавий услуб ва андозалардан фойдаланмоқда. Бу эса бундай уй-жой массивлари қурилиши амалиётида янги, инновацион ёндашувларнинг жорий этилганини кўрсатади.

Шу билан бирга, 990 ўринли мактаб, 330 ўринли боғча ва кунлик 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилиши белгиланган тартибда якунига етказилмоқда. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан коммуникация тармоқлари сифатли тарзда тортилиб, ички йўллар атрофида яшил ҳудудлар, пиёдалар йўлаклари, велойўлаклар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида ҳаракатланиш инфратузилмалари барпо этилди.

Кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ертўла қисмида эса автотураргоҳлар жойлаштирилади. Шунингдек, келажакда вилоятнинг туризм марказларидан бирига айланиши кутилаётган ушбу шаҳарчада илмий-маърифий ва ҳордиқ масканлари фаолият юритади. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилади.

Барча ишлар белгиланган сифат талабларига мувофиқ амалга оширилиши учун кунлик мониторинг тизими жорий қилинган. Бу мақсадда уйлар қурилаётган ҳудудда 10 дан ортиқ пудратчи ташкилот томонидан ҳар бир жараён лойиҳа асосида қатъий назорат қилиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, шаҳарчада хитойлик ва россиялик инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган 8 та кўп қаватли уй қурилиши ҳам изчил давом этмоқда. Хитойнинг «WENY ESTATE DEVELOPMENT» компанияси кўп қаватли уй-жойлар қурилиши соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, ҳозирда компания мутахассислари шаҳарчада 7 та 16 қаватли уй қурилишига жалб этилган.

— Фарғона ва Хитойни боғлаб турувчи тарихий ришталар бор. Қадимий анъана ва қадриятларимиз замонавий шаклда давом этмоқда, — дейди компания иш юритувчиси Ли Чуанфу. — Бу юртнинг табиати гўзал, фарғоналиклар эса самимий ва меҳмондўст. Компаниямизнинг мақсади — вилоят бўйлаб яна 20 та кўп қаватли уй қуришдир.

Яқин кунларда Марғилоннинг қиёфасига қиёфа, салобатига салобат қўшиб, қулай ва замонавий инфратузилмага эга бўлган «Янги Ўзбекистон» шаҳарчаси ўзининг янги хонадон эгалари — бахтли оилаларни кутиб олади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер