Фарғона тарихи ва маданияти музейи таъмирланмоқда
Бир асрдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган Фарғона тарихи ва маданияти музейи мамлакатимизнинг энг кекса маданият масканлари сирасига киради. Айни пайтда юртимиз табиати, кўҳна тарихи кўзгуси бўлган музейда 100 мингдан ортиқ археологик топилмалар, амалий санъат намуналари ҳамда асарлари сақланмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан 2021-2022 йилларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 млрд. 100 млн. сўм маблағ ажратилиб, музей биносида мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказиляпти.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров музейда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишиб, муассаса фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, хизматлар соҳаси ва маркетингни кенгайтириш, хорижий илғор тажрибаларни қўллаш бўйича ўз тавсияларини берди. Бу борада музейнинг янги концепциясини яратиш, музей экспозицияларини режалаштириш ва дизайни учун хориждан юқори малакали мутахассислар жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
— Бир йилда ўртача 100 минг нафар маҳаллий сайёҳ, 3 мингга яқин хорижлик меҳмонлар фаолиятимиз билан яқиндан танишади, — дейди Фарғона тарихи ва маданияти давлат музейи раҳбари Хайрулло Зокиров. — Шу мақсадда олий, ўрта таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Ҳар ойнинг биринчи якшанбаси барчага, сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар учун музейга кириш бепул. Музей тасарруфида савдо шохобчаси ташкил этилган бўлиб, вилоятдаги маданий мерос, санъат асарлари ва кулолчилик намуналари савдоси йўлга қўйилган.

Айни пайтда дунё тажрибаси асосида музей фаолиятини ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб этиш мақсадида махсус дастур яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг