Фарғона йирик саноат марказига айланмоқда — Фоторепортаж
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Давлат раҳбари вилоятга ташрифини янгидан очилган Қўқон аэропорти билан танишишдан бошлади.
Жорий йил март ойида Қўқон аэропорти ҳам янгидан очилган эди. 11 июль куни Ўзбекистон Президентининг самолёти илк бор бу ерга қўнди.
Мазкур аэропорт 1977 йилда қурилган бўлиб, яқин йўналишларга парвозлар амалга оширилган. Кейинчалик фақат ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган. Модернизация натижасида ушбу аэропорт орқали яна фуқаро авиацияси парвозлари йўлга қўйилди.
Аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги қопламаси таъмирланган. Замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Бу ишлар натижасида аэропорт А320-200 ва АТР 72-600 русумли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.
Собиқ Қўқон суперфосфат заводи молиявий соғломлаштириш ва диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда Сингапурнинг «Indorama Holdings BV» компаниясига инвестиция мажбуриятлари билан сотилган эди. Унинг негизида «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals» корхонаси ташкил этилди. 70 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, ишлаб чиқариш технологиялари модернизация қилинди. Испания, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Россия давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Қўшимча 150 та иш ўрни яратилди.
2021 йилда модернизация ишларининг биринчи босқичи доирасида аммонийлашган суперфосфат, сувда тез эрувчан комплекс минерал ўғитлар, азот-фосфор-калийли (НПК) минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод қуввати йилига 75 минг тоннадан 450 минг тоннага етказилди.
Корхона изчил ривожланмоқда ва кейинги босқичлар бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқич доирасида 50 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди. Швейцария, Германия, Ҳиндистон, Хитой ва Италиядан замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. Ушбу босқичда йилига 24 миллион долларлик калий сульфат, сульфат кислотаси ва аммоний-хлорид ўғитлари ишлаб чиқарилади. 120 та янги иш ўрни яратилади.
Учинчи босқич ишлари 2025 – 2028 йилларда амалга оширилади. Унда моно ва дикалсий фосфат, калий-нитрат, азот-фосфор-калийли комплекс минерал ўғит, кальций хлорид, моно аммоний фосфат, моно калий фосфат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати – 100 миллион доллар. 235 та иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Кейинги етти йилда Фарғона вилоятига қарийб 77 триллион сўмлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 116 мингта иш ўрни ва 4,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган.
Бу йил вилоятда 1,3 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.
Энди Фарғона вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2,1 миллиард долларлик 25 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.
Лойиҳаларга Австрия, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Кувайт, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Президент Шавкат Мирзиёев Қўқон университетида яратилган шароитлар ҳам билан танишди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги қарори асосида ташкил этилган ушбу таълим маскани 6 минг 400 ўринга мўлжалланган. Ўқув бинолари, 500 ўринли 2 та талабалар тураржойи ҳамда ахборот-кутубхона марказида ёшлар учун барча шароит яратилган. Талабаларга 233 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.
Бу ерда хорижий университетлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 80 га яқин хорижий университет билан шартномалар имзоланган. Университет Туркий тилли давлатлар университетлари кенгаши аъзоси. Ўтган ўқув йилида Кенгашнинг таълим грантлари асосида 22 нафар ўқитувчи Туркия, Озарбайжон, Қозоғистонда малака ошириб қайтди. 15 нафар хорижлик ўқитувчи эса Қўқон университетида малака оширди.
Ҳудудда олти қаватли, икки минг ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қурилмоқда. Бу ерда ўқув хоналари, фан лабораториялари, типография жойлашади. Шунингдек, икки қаватли ёшлар ИТ академияси барпо этилмоқда. Уларни шу йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
2022 йилда университетнинг туризм факультети учун минг ўринли янги бино барпо этилган.
Давлатимиз раҳбари миллий услубдаги ушбу мажмуани кўздан кечирди. Хориждан профессорларни таклиф этиб, дуал таълим тизимини кенг қўллаш, туризм ташкилотлари буюртмаси асосида талабаларни мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Бу соҳада етук назарий ва амалий билимларга эга кадрлар ишлашини таъминлайди.
Шу ерда Фарғона туризм ҳалқасини яратишга оид концепция тақдимот қилинди.
Президентимиз университет ёнидаги Тепақўрғон археология ёдгорлигини ҳам кўздан кечирди.
Ёдгорлик шаҳар ёшини аниқлагани ҳамда қадимги ўрда ўрнида жойлашгани билан аҳамиятлидир. Яъни бу ер Қўқон шаҳрининг энг қадимий асосидир.
Давлатимиз раҳбари Бағдод туманидаги Юксалиш маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан танишди.
Ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган бу маҳаллада 3 минг 300 нафарга яқин аҳоли яшайди. 560 дан ортиқ хонадонларнинг барчасида томорқа, ўндан ортиқ иссиқхоналар бор. Улардан омилкорлик билан фойдаланиб, икки марталаб ҳосил олинмоқда.
Яна баъзи оилалар ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, каштачилик билан шуғулланади. Бугунги кунда маҳаллада тадбиркорлик субъектлари сони йигирматадан ошди. Мактаб, боғча ва поликлиника бор. Уларда ҳудуд аҳолисининг бир қисми доимий иш билан банд.
Ўтган йили 131 киши ишга жойлаштирилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 22 та лойиҳага 240 миллион сўм кредит ажратилган.
Давлатимиз раҳбари маҳалладаги «Гулнора Матқулобод бодомлари» корхонаси фаолияти билан танишди.
Бағдодда бодом яхши ўсади. Корхона 11 та маҳалладаги 500 дан ортиқ хонадонларга бодом тарқатиб, сотувга тайёрлатади. Бир кунда 3 тоннагача маҳсулот қайта ишланади. Ҳозирги кунда пўсти юмшатилган мазали бодомлар пойтахтимиз ва вилоятларга етказиб берилмоқда. Тадбиркор аёл энди уни экспорт қилишни режалаштираётганини айтди.
Президентимиз тадбиркор ва касаначи аёллар билан самимий суҳбатлашди. Ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги, ислоҳотларга камарбаста бўлиб, хотин-қизларни ишли қилаётгани учун уларга миннатдорлик билдирди.
Маҳалла бюджетида 83 миллион сўм бор. Кўчалар обод, хонадонлар саранжом-саришта. Маҳалла марказида ҳуқуқ-тартибот идораси, чиқинди йиғиш пункти барпо этилган.
Шу йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтган йиғилишда маҳаллаларда сервис компанияси ташкил қилиш чоралари белгиланган эди. Шу асосида бу ерда ҳам «Юксалиш» маҳалла-сервис компанияси ташкил этилди.
Сервис компанияси Бағдод туманидаги 5 та маҳаллага хизмат кўрсатади. 24 соатлик иш йўлга қўйилган. 22 нафар ишчи, ўнга яқин юк ташиш ва махсус транспортлар, таъмирлаш анжомлари эл хизматида.
Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида аҳоли зич яшайди. Яқин келажакда бу нуфус ошиб боради. Ёш оилаларга ва келгуси авлодларга муносиб шароит яратиш мақсадида Президентимиз шаҳарда янги массив қуриш ғоясини илгари сурди. Ташриф чоғида бу борада марғилонлик нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи чоғида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби очилди.
Лола Муротова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, «Эл-юрт ҳурмати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳибаси бўлган. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб, катта муваффақият ва ҳурмат қозонган.
Бу бой тажрибани ёшларга етказиш, қишлоқ хўжалигида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ушбу таълим даргоҳи ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивини ҳам бориб кўрди.
Аҳолига муносиб яшаш шароитлари яратиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Шу боис барча ҳудудда бундай лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Президентимиз 2022 йил ва ўтган йилда Фарғона шаҳридаги ушбу массив қурилишини кўздан кечирган эди. 300 гектарли ҳудудда 65 минг аҳолига мўлжалланган 365 та кўп қаватли уй босқичма-босқич бунёд этилмоқда. Бу уйлар 7, 9, 12, 16 ва 25 қаватли бўлиб, вилоят шаҳарсозлигида ўзига хос янгилик саналади.
Ҳозирги кунда илк уйлар ва боғлар обод аҳоли манзилига айланиб улгурди. 2 минг 887 хонадонли 75 та уй фойдаланишга топширилди. Уларнинг негизида Нурафшон маҳалласи ташкил этилди. Уйларга 500 дан ортиқ оила кўчиб келди. Иккита мактаб, учта боғча ва поликлиника очилди.
Ҳовлидаги ўйин майдончалардаги болаларнинг шодон қийқириғи кўнгилларни шод қилади. Жорий йил яна 25 та уй бунёд этилади.
Давлатимиз раҳбари массив бўйлаб юриб, сўлим масканни кўздан кечирди. Боғда қурилган амфитеатрда қисқа концерт дастури намойиш этилди.
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг