«Фақат иккаламиз» — Трамп Байденни яккама-якка «жанг»га чорлади
Иллюстратив фото
АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден модераторсиз дебатларда ўз малакасини намойиш эта олади. Ушбу фикрларни Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп айтиб ўтди.
«Инсофсиз Жо Байденнинг малакаси ҳақидаги саволга жавобим бор. Яна бир баҳс қилайлик, лекин бу сафар ҳеч қандай қоидаларсиз. Ҳамма нарсани қамраб олувчи баҳс, фақат иккимиз саҳнада, мамлакатимиз келажагини муҳокама қиламиз», — деб таклиф қилди собиқ президент.
Трампнинг сўзларига кўра, биринчи дебатнинг улкан рейтинглари янги формат томошабинлар билан янада муваффақиятли бўлишини англатади. Шу билан бирга, модераторсиз сўзлаш Демократик партиядан номзодга долзарб саволларга тўлиқроқ жавоб бериши ҳамда партиядошлари ва сайловчиларнинг ўз қобилиятига нисбатан барча шубҳаларини бартараф этиш имконини беради. Бундан ташқари, Трамп бу форматни ўзи учун ажойиб синов, деб ҳисоблайди.
Бунгача Байден дебатдаги муваффақиятсизлигини чарчоқ билан изоҳлаган эди. Давлат раҳбари бир ҳафталик оммавий бўлмаган тайёргарлик кўрганига қарамай, Европага олдинги сафарлар катта куч сарфлаганини ва у тадбирда «деярли ухлаб қолганини» таъкидлади.
Америка матбуотига кўра, АҚШ президенти ўз штаб-квартираси ва Демократик партия Миллий қўмитаси билан видеоселектор йиғилишида курашни давом эттиришини ва «ҳеч ким уни четга чиқармаётганини» айтган. Шу билан бирга, бир гуруҳ демократ қонунчиларнинг Оқ уй раҳбарига президентлик сайлови пойгасидан чиқиш чақириғи билан мурожаат қилиш режалари ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.
Вакиллар палатаси аъзоларидан бири Ллойд Доггетт эса Байденга муқобил номзод фойдасига сайловларда қатнашишдан бош тортиш илтимоси билан очиқ мурожаат қилди. Унинг партиядоши ва ҳамкасби Рауль Грихальва ҳам бошқа номзодларни қидириш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.
Шу билан бирга, пайшанба куни аввалроқ Мериленд штати раҳбари Уэс Мур Америка етакчиси билан учрашувда 20 нафар демократ губернатор уни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Оқ уй, ўз навбатида, Байден «ҳар доимгидек ўткир ақлли» ва сайловдан қайтмаслигини айтди.
28 июнь куни Атлантада АҚШ президентлигига номзодларнинг илк дебати бўлиб ўтди. Америка оммавий ахборот воситалари ҳозирги давлат раҳбари жуда ёмон гапирганига ҳақида турли ахборотлар ва мақолалар тарқатди.
Гап шундаки, дебат вақтида у дудуқланиб, тўхтаб қолди, айрим ҳолатларда ўз фикрларини аниқ ифода эта олмади ва баҳс тугагандан сўнг рафиқасининг ёрдами билан саҳнани тарк этди.
Кўплаб сиёсатчилар ва журналистлар Демократик партия Байдендан воз кечиб, бошқа номзодни кўрсатиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Назарий жиҳатдан, бундай имконият август ойида бўладиган конгрессда пайдо бўлади. Амалда, праймеризда ғалаба қозонган сиёсатчининг ўзи иштирок этишдан бош тортмаса, уни пойгадан четлаштириш қийин масала.
Номзодлар ўртасидаги иккинчи дебат 10 сентябрга белгиланган. АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг