Фанлар академияси иқтидорли олимни нега ишдан бўшатди?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Тошкент вилояти Қибрай туманидаги нуфузли илмий даргоҳлардан бири саналади. Бу ерда ўнлаб профессор-олимлар, фан номзодлари, янги-янги илмий кашфиётлар устида иш олиб бораётган ёш мутахассислар меҳнат қилади. Абдужалил Нариманов ана шундай олимлардан бири бўлиб, у мазкур институтда директор лавозимида ишлаётганди. У раҳбарлик қилган даврда мазкур илм даргоҳида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, олимларнинг саъй-ҳаракати туфайли селекция ютуқларига 20 дан ортиқ патентлар олинди. Янги илмий ишланмаларга 10 дан ортиқ талабномалар берилиб, 30 нафарга яқин фан докторлари тайёрланди.
Институтда бевосита А. Нариманов раҳбарлигида сўнгги 3 йил ичида фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари ҳамда инновацион ишланмалар жорий этилди. Жумладан, юқори маҳсулдорликка эга бўлган, экстремал шароитларга чидамли пахта, буғдой, соя ва бошқа экинларнинг янги навлари яратилди ҳамда Тошкент вилоятидаги мавжуд тажриба участкаларида синовдан муваффақиятли ўтди. 2020 йилда институт олимлари яратган ушбу пахта ва буғдой навларининг асл уруғлари кўпайтирилиб, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятларидаги бир қатор фермер хўжаликлари ва кластерлар майдонларида уруғлик сифатида экилди ҳамда юқори ҳосил олинди. 2021 йилда бу кўрсаткичларни янада ривожлантирилиши кузда тутилганди.
Шунингдек, мазкур институт билан яқин қўшни мамлакатларга ушбу серҳосил ва юқори сифатли тола берадиган ғўза навлари уруғларини экспорт қилиш шартномалари тузилганди. Хитой ФА тизимидаги илмий даргоҳлар билан тузилган келишувга кўра эса, инвестиция тизими яратилиб, валюта тушуми йўлга қўйилди.
Бироқ, ЎзР ФА 2020 йилнинг 3 декабрдаги 21-115к сонли буйруғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми, 4-банди билан ФА билан Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти директори А.Нариманов ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилди. Ажабланарлиси шуки, бу пайтда А.Нариманов бетоблиги туфайли даволанишда бўлиб, меҳнатга яроқсизлик даврини бошидан кечираётганди. Афсуски, ФА раҳбарияти томонидан бу жараёнлар негадир инобатга олинмади. Натижада катта бир илм даргоҳи раҳбарсиз қолиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилди.
Яқинда А. Наримановнинг мазкур ҳолат юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига қилган мурожаати юзасидан суд мажлиси бошланди. Ўтган ҳафтада эса, А. Наримановга Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясининг бу масала юзасидан хулосаси тақдим этилди. Унда, жумладан, бундай дейилади: «Мурожаатингизни ўрганиш жараёнида Сиз меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинган куни вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида эканлигингиз маълум бўлди. Бу ҳақида Миробод тумани 1-сонли оилавий поликлиниканинг 30.11.2020 йилдаги 987077-сонли меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳам тақдим этилган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3-қисмига мувофиқ, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Мазкур ҳолатда Сиз билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўртасида тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда Меҳнат кодексининг 100-моддаси талаблари бузилган».
Мазкур ҳолат юзасидан бошланган суд мажлиси 18 январь куни ўз ишини давом эттиради.
«Халқ сўзи» газетасининг Тошкент вилояти бўйича ўз мухбири мазкур очиқ суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда. Ушбу жараёнда адолат қарор топиб, олимнинг ҳақ-ҳуқуқлари қайта тикланишига аминмиз.
Бизни кузатиб боринг, бу мавзуга батафсил қайтамиз.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг