Фаластинни тан олган Арманистон, НАТОнинг янги раҳбари ва Путин Кимга қурол бериши мумкин (видео+)

21:17 21 Июнь 2024 Дунё
359 0

Ассалому алайкум, халқаро майдонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг қисқача шарҳи «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг таҳлилий-информацион дастурида

Россия биринчи марта Украинага оғир бомба ташлади

Россия кучлари Украинанинг Харков вилоятидаги Липси қишлоғига бошқариш ва тузатиш модулига эга бўлган 3 тонналик «FAB-3000 M-54» бомбаси ташлаган.

Бомба «Янги почта» биносига йўналтирилган. Бу ҳақда «BILD» очиқ маълумотлар таҳлили эксперти Юлиан Рёпке хабар берди.

Ҳужум ҳақида Россия армиясини қўллаб-қувватлайдиган Z-каналлар ҳам ёзган.

Улардан бири «Fighterbomber» Телеграм канали қуролдан фойдаланиш жараёни акс этган видеони жойлаштирди. Зарба оқибатида Украина қуролли кучлари вақтинчалик фойдаланилаётган 3 қаватли бино нишонга олингани айтилган.

Трамп талабаларни АҚШда олиб қолмоқчи

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп қайта сайланса, АҚШ коллежларининг хорижлик битирувчиларига автоматик равишда яшил карточкалар беришини айтди. Иммиграция масаласида қатъий позицияси билан танилган республикачи номзоднинг айтишича, битирувчилар мамлакатда қолиши керак.

Трамп Кремний водийсининг технологик инвесторлари билан бўлган подкастда иқтидорларни АҚШга олиб келишни осонлаштиришга ваъда берган. Сиёсатчига кўра, яшил карта битирувчиларга АҚШда доимий яшаш, ишлаш ва фуқароликка йўл беради.

«Улар Ҳиндистонга, Хитойга қайтиб, ўша жойларда компаниялар билан ишлаб, минглаб одамларни иш билан таъминлайдиган миллиардерга айланишади. Улар буни шу ерда қилиши мумкин», — дейди Трамп.

Арманистон Фаластинни давлат сифатида тан олди

Арманистон Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида келтирилган.

«Арманистон Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлайди ва Фаластин—Исроил можаросини икки давлат асосида ҳал этиш тарафдори», — дейилади вазирлик келтирган хабарда.

Путин ядро доктринани қайта кўриб чиқади

Президент Владимир Путиннинг айтишича, Россия Шимолий Кореяга қурол етказиб бериши мумкин. Бу Ғарбнинг Украинани қуроллантириш ҳаракатига жавоб бўлади. Россия раҳбари Шимолий Кореяга бориб, мудофаа шартномасини имзолаган. Бу ҳақда Путин Вьетнамдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Шунингдек, бундай баёнот Жанубий Кореянинг Украинага қурол етказиб бериш жараёнига тўғри келди. Путин Жанубий Корея Киевга қурол етказиб беришга қарор қилса, «катта хатога йўл қўйиши»ни ва Москва бундай ҳаракатга Сеул учун оғриқли тарзда жавоб беришини айтди.

Путин Вьетнамдаги журналистлар билан ўтган матбуот анжуманида ядро доктринасини қайта кўриб чиқаётганини маълум қилган. Чунки унинг потенциал душманлари ядро қуролидан фойдаланиш чегарасини пасайтириш билан боғлиқ янги элементлар устида ишлаётганини айтди.

НАТО раҳбари ўзгарди

НАТОнинг навбатдаги Бош котиби Нидерландия Бош вазири Марк Рютте бўлди. Рютте номзоди кеча, 20 июнь куни альянснинг барча 32 аъзоси томонидан маъқулланган, бироқ расмий тасдиқ фақат июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТОнинг навбатдаги саммитида олинади. У ваколати октябрь ойида тугайдиган амалдаги Бош котиб Йенс Столтенберг ўрнига тайинланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер