Етук мутахассислар— хорижий меҳнат бозоридаги катта эҳтиёж

12:26 02 Декабрь 2025 Жамият
408 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларни чет элга тартибли жўнатиш асосида меҳнат бозори диверсификация қилинмоқда, юқори маошли иш ўринларида ишлаш учун хорижга кетаётган сони ҳам ортиб боряпти. Натижада 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқароларнинг сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг январ- окябрь ойлари якунида 15,8 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда таъкидланди. Тақдимотда чет эл меҳнат бозорида 140 мингдан ортиқ малакали мутахассисларга талаб борлиги, аммо хорижий тилни билиш ва касбий малака бўйича мутахассисларни тайёрлаш борасида муаммолар мавжудлиги айтиб ўтилди. Кўпинча малакали мутахассис чет тилини билмайди, тил билганнинг эса қўлида ҳунари йўқ. Агар бу муаммо ўз ечимини топса,   якуний натижа янада юқори бўлади.

—Эътибор беряпсизми, — дейди мазкур йиғилишни кузатган Норин тумани ҳокимининг Чангитма МФЙдаги ёрдамчиси Шахбоз Қорабоев.—Давлатимиз раҳбари ёшларни илм олишга, чет тилини ўрганишга, ҳунарли бўлишга даъват этяпти. Шу ердами, чет элдами, болаларимиз қийналмасин, деяптилар. Бугуннинг энг муҳим муаммоси ҳам шу. Айтайлик, бизни Чангитма МФЙда 4 550 нафар аҳоли яшаса, шуларнинг 120 нафари Қозоғистонга ё Россияга бориб ишлайди, кимдир олти ой, яна кимдир бир неча йил. Уларнинг аксарияти ёш бўлса-да, аммо қўлида ҳунари йўқ — аччиқ бўлса-да, айтай—қора ишчи. Кореяга кетганлар 6 киши, Европага эса 15 нафар. Кўриб турганингиздек, ўқимишли ва қўлида юқори маошга лойиқ ҳунари бор одамларимиз жуда кам. Ана шу сабабли Президентимиз ўтказган йиғилишни жон-қулоқ бўлиб кузатдим. Ёшларни “пултопар” касб эгаси бўлиш қатори чет тилларни пухта билишга ундашим керак, деган хулосага келдим.

Йиғилишда Президентимиз хорижий меҳнат бозори ва миграция билан боғлиқ барча жараёнларни “ягона дарча” тамойили асосида бирлаштириш вазифаси қўйди. Келгусида Учтепа туманида “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термиз шаҳрида “Ягона миграция хизматлари” маркази ташкил этилади. Пойтахтнинг Яшнобод туманида эса халқаро компаниялар билан ҳамкорликда немис ва япон тилларига ўқитиш мактаблари иш бошлайди.

Шунингдек, хорижий давлатлардаги элчихоналаримизда миграция бўйича атташе лавозими жорий этилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналарини кўпайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида эса виза марказларининг кўчма офисларини очиш кўзланмоқда.

—Сиёсатчи эмасману, аммо бу жуда керак, жуда, — дейди Данияда ҳам ишлаб ҳам малака ошираётган қорақалпоғистонлик йигит   Юсуфжон Ҳасанбоев.— Чунки Европанинг Ўзбекистонга қизиқиши беқиёс. Буни шу йил Президентимизнинг Европа Иттифоқи раҳбарлари томонидан илиқ кутиб олингани, Самарқандда муттасил халқаро анжуманлари ўтказилаётгани жараёнида ҳам яққол кўряпмиз. Аслида уч йил аввал тенгдошларим қатори мен ҳам Россияга ишлашга кетмоқчи едим. Урушга аралашиб қолишдан чўчидим, бормадим. Шу орада қўшним Россиядан қайтди. Икки йил ишлаган,уч-тўрт сўм топган, аммо у оёғини совуққа олдириб ногирон бўлиб қолди. Кўнгил сўрашга чиқиб, Россияга кетмаганимдан қувондим. Сўнг университетга ўқишга киргач, “Dairysoft”компанияси раҳбари Баҳодир Тиллабоев билан танишдим. Унинг юзлаб шогирдлари қатори олти ойдирки, расман Даниядаман. 1200 бошдан ортиқ соғин сигирлар парвариш қилинаётган фермада ветврач ёрдамчиси бўлиб ишлаяпман. Маошим 3 минг евро. Жамоадошларим орасида Африка, Руминия, Украина ва Даниянинг ўзидан ишчилар бор.

Юсуфжоннинг айтишича, бу ерда ишлаган одам вақтнинг қадрига етадиган инсонга айланади. Иш вақти ҳафтасига 36 соат, шундан ошдими, ўзингиз истамасангиз сизни ҳеч ким меҳнатга мажбурлай олмайди. Бу борадаги қонун талаби қатъий. Ишдан сўнг дам оласизми, сайр қиласизми, бемалол.

—Дания қатори Европанинг ўнлаб шаҳарларини кездим, аммо ҳеч бир мўъжиза она юртимчалик, киндик қоним тўкилган қишлоғим, жонажон университетим, устозларим сингари мени ўзига ром этмади. Ўзинг туғилган ватаннинг бир сиқим тупроғи ҳар қанча бойликдан минг чандон устун экан, —дейди Юсуфжон.

—Ветврачлик касбини танлаб адашмаган эканман, шу соҳа мени қишлоғимдан олисда — Европанинг чорвачилик ривож топган давлатида ўз ўрнимни топишимга мадад берди, — дейди хазорасплик яна бир ёш мутахассис Диёрбек Эшчонов.— Ўтган йил 20 апрель куни Копенгаген аэропортидан чиқаётган чоғ интернет орқали отам ва онамга видео-қўнғироқ қилдим. “Ўғлим аэропорт кўринишини, шаҳар манзарасини тасвирга олиб ташлагин,” деди отам. Сезяпманки, у ўғлининг чет элга етиб борганидан беҳад мамнун, худди ўзи самолётда учгану Данияга келган.

Диёрбек кўплаб янги дўстлар орттирганидан, инглиз тилини мукаммал ўрганиб олганидан хурсанд.

—Ишхона ҳам яшаш жойимиз ҳам жуда қулай. Дания қишлоқ хўжалик тизимида сунъий интеллект худди одамдек ҳаракат қилади, унинг таъсир доираси ошиб боряпти. Буни насиб этса, Ўзбекистонга қайтгач, ўз корхонамизни очиб албатта қўллаймиз. Энг катта орзуйим шу,— дейди Диёрбек.

Президент иштирокидаги тақдимотда миграция хизматларини рақамлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. “Хорижда иш” платформасида 25 турдаги хизмат тақдим этилмоқда, жорий йил бошидан буён 524 минг фуқаро онлайн хизматлардан фойдаланган. Лекин хизматларнинг барчаси ҳам рақамлашмаган. Президентимиз тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали хизмат кўрсатиш жараёнларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди. Платформада биометрик идентификация, хориждаги иш ўринларини реал вақт режимида кузатиш, фуқароларга масофавий маслаҳат беришни йўлга қўйиш бўйича режалар ҳақида ахборот берилди. Миграция агентлигида фуқароларга туну кун тезкор ёрдам берадиган ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек ноқонуний миграция ва консалтинг хизматлари кўрсатишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш жуда муҳим. Ана шу мақсадда халқаро аэропортларда интерактив миграция инфокиоскларини ўрнатиш, лицензиясиз фаолиятни амалга оширган консалтинг ташкилотлари учун жарима миқдорини ошириш таклиф қилинди. Жиноят кодексига ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва кўмаклашиш учун жавобгарлик киритиш масаласини ўрганиш топширилди. Буларнинг барчаси тизимли янада самарали ишлашига ва хорижда ишловчилар орасида юқори малакали мутахассисларни янада кўпайтириш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини тўла-тўкис ҳимоя қилиш имкониятларини яратади.

Абдунаби Алиқулов,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер