Етти хазинанинг бири
Арнасой туманида фаолият юритаётган “Reak hunter” масъулияти чекланган жамияти паррандачилик соҳасини изчил ривожлантириб, аҳолини парҳез гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамият негизида ташкил этилган замонавий паррандачилик мажмуаси бедананинг икки тури – тухум етиштиришга мўлжалланган “япон манжур” ва гўшт йўналишидаги “оқ гигант” зотларини парвариш қилишга ихтисослашган. Мажмуада парранда етиштириш учун барча шарт-шароит яратилган бўлиб, озуқа тайёрлаш, инкубация ва парвариш жараёнлари тўлиқ замонавий технологиялар асосида амалга оширилади.

– Лойиҳанинг дастлабки босқичида 30 минг дона бедана парвариши йўлга қўйилган. Ҳар куни 10-12 минг дона тухум ишлаб чиқариш, ҳар 45 кунда 5 тонна гўшт маҳсулоти етиштириш имконияти мавжуд, – дейди жамият раҳбари Бобур Абжалилов. – Кейинги босқичларда бу кўрсаткични 50 мингдан 200 минг бошгача етказишни мўлжаллаяпмиз. Келгусида мажмуанинг ишлаб чиқариш қувватини янада кенгайтириб, турли экзотик қушлар – қирғовул, цесарка ва каклик етиштириш ҳам режалаштирилган.
Айни пайтда мажмуа ҳудудида бедана полапонлари, янгидан етиштириладиган қирғовул ва бошқа турдаги паррандаларни парвариш қилиш учун замонавий питомниклар қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу ишлар тугаллангандан сўнг мажмуада ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади. Маҳсулот турлари кенгайиши кутилмоқда.
Эътиборлиси, Айдар-Арнасой кўллар тизимида жамиятнинг овчилик хўжалиги ҳам ташкил этилган. Мажмуада етиштирилаётган парранда зотлари экологик мувозанатни сақлаш ва овчилик хўжалигини ривожлантиришга ҳам йўналтирилади.

Ҳозирги кунда мажмуада 10 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган. Иш жараёнлари уч сменада ташкил этилган бўлиб, келгусида ишлаб чиқариш ҳажмига мос равишда янги иш ўринларини яратиш режага киритилган. Туманда амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар нафақат иқтисодий самара беради, балки ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолисининг даромад манбалари ва бандлигини оширишга хизмат қилади.
Улуғбек АДИЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг